Судья мустақиллиги – адолат тимсоли

Судья мустақиллиги – адолат тимсоли

Ҳар қандай демократик жамиятда суд ҳокимиятининг мустақиллиги ҳуқуқ устуворлигининг асосий устуни ҳисобланади. Судья ўз фаолиятини амалга оширишда ҳар қандай ташқи таъсирларнинг олдини олиши, таҳдидлар, босим ва ғайриқонуний таъсир ўтказишга, суд жараёнига бевосита ёки билвосита аралашишга қаршилик кўрсатиши шарт. Бу нафақат ҳуқуқий талаб, балки судьялик бурчининг ажралмас қисми ҳисобланади.

Айнан шунинг учун ҳам Судьялар одоби кодексининг “Судьянинг мустақиллиги” номли 4-моддасида ушбу ҳолатга алоҳида тўхталиб ўтилган. 

Маълумки, судьянинг фақат қонун ва ўзининг виждони асосида қарор чиқариши – одил судловни таъминлашда ҳал қилувчи омилдир. Агар судья ташқи таъсирлар, хусусан, сиёсий, молиявий ёки шахсий манфаатдор томонлар босими остида қарор қабул қилса, адолат инкор этилади, фуқароларнинг судга бўлган ишончи сўнади. Шу боис, ҳар бир судья ўз фаолиятида ташқи босимларга қарши қонуний ва ахлоқий жиҳатдан бардошли бўлиши, ҳар қандай таҳдид ёки таъсир кўрсатиш уринишларига қарши қатъий позицияда туриши, суд жараёнига номақбул аралашувларни рад этиши шарт.

Судьяларнинг мустақиллиги асосан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлари билан кафолатланган. Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассаса ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва судьяларнинг мустақиллигига риоя этишлари шарт.

Юқоридаги қонунларга кўра, судьяни чақириб сўроқ қилиш, унинг ишига аралашиш, қарор қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатиш – жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Судьяга нисбатан ҳар қандай таҳдид ёки босим қилиш суднинг холислигига халақит берувчи омил сифатида баҳоланади.

Судьялар ўзининг касбий фаолиятида ташқи таъсирларга қарши туриш учун қуйидаги тамойилларга амал қилиши лозим: қонун устуворлиги – фақат қонунга таяниш ва шахсий қарашлардан холи бўлиш, ахлоқий тамойиллар – судьялик этикасига содиқлик, касбий малака ва билим – мустақил қарор қабул қилиш учун зарур юридик билим ва кўникмаларга эга бўлиш ва жамоавий ҳимоя – судьяларга тажовуз ва босим бўлган ҳолларда Судьялар олий кенгашини хабардор қилиш.

Жумладан, таҳдиднинг мавжудлигини тасдиқловчи етарли далиллар бўлганда, суд ишларини ҳал қилишга аралашганлик ҳолатлари ҳақидаги хабар берган судья (шу жумладан, халқ маслаҳатчиси), унинг оила аъзолари ва яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, “Судлар тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган чораларни қўллаш қонунга мувофиқ кафолатланади. 

Суд ишларини ҳал қилишга аралашганлик ҳолатлари ҳақида хабар берган судьяни танқид қилиш, унинг иш фаолиятига тўсқинлик қилиш, уни таъқиб этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, судья мустақиллиги – бу нафақат унинг ҳуқуқи, балки жамият олдидаги масъулияти ҳамдир. Адолат фақатгина эркин ва мустақил суд орқали таъминланади. Шунинг учун ҳар бир судья ўз фаолиятида ташқи таъсирларга қарши қатъий позицияда туриб, қонун ва виждонга асосланган ҳолда қарор қабул қилиши шарт.