Ота номи ёки номига Ота

Ота номи ёки номига Ота

Ота номи ёки номига Ота

Пайдо бўлган ҳамоноқ, ҳамма нарса жой-жойига тушадиган зот — отадир.

— Жак Лакан

 

Шарқда «ота» мавзуси муҳокама этилмайдиган, балки илоҳийлаштириладиган, ўзи эса сўзсиз итоат объекти сифатида қабул қилинади. Қадимий мақол-маталларимизда ҳам ушбу тушунчанинг қай даражада сакрал — муқаддас маънода намоён бўлиши яққол кўринади: «Ота рози — Худо рози», «Ота ўксигандан оғриқ келар», «Ота оғзи — дуо оғзи» каби...

Бундай қарашлар оқибатида, биз кўп ҳолларда отани илоҳий мақомга кўтариб, ҳатто «Худога тенглаштириш»га мойил бўламиз. Натижада отанинг ҳақиқий моҳияти, вазифалари ва бола ҳаётидаги асл ўрни ҳақида фикр юритишни унута бошлаймиз. Назаримда бу ўта хато ёндашув. Муқаддас китоблар ҳам инсонни ҳар бир мавзу ҳақида тафаккур қилишга, тақлид эмас, идрок ва самимият асосида муносабатда бўлишга чақиради. Ислом таълимотида ота-онага итоат муҳим, бироқ агар улар Аллоҳнинг амрига зид ишга чақирсалар, бундай ҳолда итоат қилиш ҳаром, деб белгиланади.

Шу ўринда айни саволларга қайта мурожаат қилиш ва улар устида мушоҳада юритиш мақсадга мувофиқ:

Ота ким? У қандай бўлиши керак? Боланинг онги ва ҳаётида у қандай ўрин тутади?

Психоаналитик Джозеф Кэмпбелл таъкидлаганидек, Англияда ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари отасизлик билан боғлиқ экани аниқланган. Германиядаги тадқиқотлар эса отасизликнинг онасизликка нисбатан кўпроқ суицидга мойилликка олиб келишини кўрсатган.

150 мамлакатни қамраб олган кенг қамровли тадқиқотларда ҳам отасизлик (физик ёки психологик жиҳатдан) оилаларда қашшоқлик, маргиналлик, пассив авлодлар, ўз шахсиятини топа олмаган болаларни вужудга келтириши қайд этилган. Шунингдек, ота образининг йўқлиги оиладаги иерархияни издан чиқаради.

Айнан мана шундай муносабатлар билан, замонавий оталарнинг ўз вазифаларини адо этишида мураккабликлар юзага келмоқда.

Отасизлик жамиятда нафақат шахсий, балки ижтимоий муаммоларнинг — суицид, наркомания, алкоголизм, диний мутаассиблик, бебошлик ва ҳатто коррупциянинг заминига ҳам айланиши мумкин. Ота нафақат жисман, балки психологик жиҳатдан ҳам бола ҳаётида қатнашиши лозим. У биргина одамнинг ўзи эмас, балки функция, рамз, таъсир ва қонун манбаи ҳамдир.

Карл Густав Юнг таълимотига кўра, бола отани қудратли ва илоҳий мавжудот сифатида идрок этади. Ота — бола учун ҳимоячи, таъқиқлар қўювчи, қонун ўрнатувчи, айни вақтда ғамхўр ва итоат объекти. Шу билан бирга, у бола психологиясида она билан симбиотик алоқани парчалайдиган, уни шахс сифатида шакллантиришга хизмат қилувчи муҳим шахсдир.

Ажабланарлиси, бола учун ота онанинг сўзлари, ҳис-туйғулари ва муносабати орқали кашф этилади. Агар она отани ёмон кўрса, ёки унга нисбатан ҳурматсиз бўлса, болада ҳам шу муносабат шаклланиши эҳтимоли юқори. Бу эса болада ота образининг бузилишига, унинг ҳаётидаги тартиб ва қонунлар тушунчасининг етишмаслигига сабаб бўлади.

Ота — қонун.

Психологик жиҳатдан отасиз бола ҳаётда қонунни четлаб ўтишга, ҳатто уни инкор этишга ҳам мойил бўларкан. Карл Юнг таъкидлаганидек, ота образи заиф бўлган жамиятлар авторитар ёки тоталитар тузумларга мойилдир. Бундай жамиятларда бошқарув эмас, ҳукмронлик ҳукм суради. Тизим институционал эмас, шахсга боғлиқ ҳолга келади.

Мамлакатимизда ажримлар сонининг кўпайиши, оилавий тизимнинг пароканда бўлиши, отанинг шахсий ва ижтимоий таъсирининг пасайиши — бунинг аниқ мисолидир. Жамиятда психологик ва психиатрик муаммоларнинг кўпайиши ҳам айнан оталик институтининг инқирозга юз тутгани билан боғлиқдир.

Хулоса:

Ота бўлиш — фақат биологик ёки расмий мақом эмас, у масъулият, салоҳият, руҳий ҳозирлик ва тарбиявий таъсирни ўз ичига олган нозик вазифа ҳамдир. Ота ўз номига муносиб бўлмоғи керак — номигагина ота эмас.