“Менга ўхшаган аёллар катта ёлғонга учди...”

“Менга ўхшаган аёллар катта ёлғонга учди...”

“Менга ўхшаган аёллар катта ёлғонга учди”

 
   Мен 48 ёшдаман. Турмушга чиқмаганман, фарзандларим ҳам йўқ. Кўпчилик мени “кучли, мустақил, ўзига ишонган замонавий аёл” деб таърифлайди. Ҳақиқатан ҳам, барқарор карерам, қулай уйим ва ташқи томондан ҳавас қилса арзийдиган ҳаётим бор. Аммо бугун, байрам арафасида, ҳаётимдаги энг оғир ҳақиқатни тан олишга мажбурман: мен ёлғиз ва бахтсизман. Энг ачинарлиси — бу ҳолатга тушишимда ҳеч ким эмас, айнан ўзим айбдорман.

  Ялтироқ ваъдалар ортидаги ҳақиқат

    Биз — ўзини “феминистик инқилоб фарзандлари” деб ҳисоблаган авлод эдик. Мактаб ва университетларда бизга бир хил ғоя тинимсиз сингдирилди: қизлар ҳамма нарсага қодир, уларга эркак ҳам, оила ҳам шарт эмас; карера — эркинлик, оила ва фарзанд эса чеклов; аввал ўқиш, кейин иш, қолган ҳаммаси кейин. Биз бу ғояга чин дилдан ишондик. Мен ва тенгдошларим “супер аёл” бўлишни мақсад қилдик. Йигирма-ўттиз ёшларимизни иш, саёҳат ва зиёфатларга бағишладик. Жиддий муносабатларга шубҳа билан қарадик, никоҳни эса эркинликка таҳдид сифатида қабул қилдик. Агар бирор эркак масъулият ёки ғамхўрлик кўрсатмоқчи бўлса, буни ўз мустақиллигимизга нисбатан босим деб билдик. “Мен ўзим эплайман” деган шиор ҳаётимизга айланди.

 Вақтнинг аччиқ сабоғи

     Йиллар ўтди. Бугун мен ва ўша “муваффақиятли” дугоналарим эллик ёш остонасида турибмиз. Ресторанларда учрашамиз, қиммат ичимликлар буюртма қиламиз, бир-биримизга табассум улашамиз. Аммо суҳбат тугаб, ҳар ким ўз уйига қайтганда, сукунат ҳаммасини очиб ташлайди. Менинг уйим жим. Мени кутиб оладиган турмуш ўртоғим йўқ, болалар кулгиси йўқ. Фақат деворлар ва телевизор шовқини. Карерам, муваффақиятларим бор, китобларим чоп этилган. Аммо касал бўлиб қолсам, ёнимда сув узатадиган бир инсон йўқ. Ишдаги ютуқлар эса қучоқлаб, мақолалар эса “онажон, сизни яхши кўраман” дея олмайди.

 Биология ва инкор этиб бўлмас ҳақиқат

 Замонавий мафкура аёл ва эркакни мутлақ тенг сифатида тасвирлашга уринади. Аммо биология мафкурага бўйсунмайди. Эркак эллик ёшида ҳам ота бўлиши мумкин, аёл эса вақт билан чекланган. Ўттиз ёшимда “ҳали вақт бор” деб ўйладим. Қирқ ёшга етганимда эса кеч бўлганини англадим. Оналик бахтини ўз қўлларим билан ортга сурдим. Буни “эркинлик” деб атагандим, аммо бугун у танловнинг оғир оқибати эканини тушундим.

 Ёш авлодга мурожаат

 Бугунги ёш қизларга қарайман ва хавотирланаман. Улар ҳам ижтимоий тармоқлардаги безатилган, аммо кўпинча ёлғон ҳаёт манзараларига ишонмоқда. Карера ҳамма нарсадан устун деган тушунча устувор бўлиб бормоқда. Уларга айтмоқчиманки: иш, молиявий мустақиллик ва саёҳатлар муҳим. Аммо улар ҳеч қачон яқин инсон, оила ва фарзанд ўрнини боса олмайди. Инсон табиатан ёлғиз яшаш учун эмас, балки яқинлик ва меҳр учун яратилган. Бугун мен мустақил ва таъминланганман. Аммо боғда фарзандлари билан сайр қилаётган, балки кийими унчалик қиммат бўлмаган, аммо кўзларида бахт порлаётган аёлга ҳавас билан қарайман. Чунки у ўз ҳаётида мувозанат топган. Мен эса узоқ вақт “супер аёл” бўлишга уриниб, оддий инсоний бахтнинг қадрини кеч англадим.

Петронелла Уайатт — британиялик журналист, ёзувчи ва телебошловчи. У "Тhе Spectator" , "Daily Mail"  каби нашрларда фаолият юритган. Замонавий феминизмга танқидий ёндашуви ва консерватив қарашлари билан танилган.