Кучли ижтимоий ҳимоя ‒ барқарор жамият ва инклюзив иқтисодиётнинг пойдевори

Кучли ижтимоий ҳимоя ‒ барқарор жамият ва инклюзив иқтисодиётнинг пойдевори

Кучли ижтимоий ҳимоя ‒

барқарор жамият ва инклюзив иқтисодиётнинг пойдевори

Бизнес ва ижтимоий бошқарувда «Титаник эффекти», деган тушунча бор. Бу тизим ва ташкилотларнинг ўз салоҳиятига ортиқча ишониши, аксар муаммоларни эътиборсиз қолдириши ҳисобига инқирозга юз тутишини англатади.

 – Маълумки, «Титаник» 1912 йилнинг 14 апрелидан 15 апрелга ўтар кечаси Шимолий Атлантика океанида музтоғга урилиб, денгиз тубига ғарқ бўлган. Ўша ҳалокат рўй берган кечада Титаник капитанига музтоғлар ҳақида бир нечта радиограммалар келган. Аммо радистлар ва раҳбарият «кема барибир чўкмайди», деган ишонч билан хабарларга эътибор беришмай, йўловчиларнинг телеграммаларини жўнатиш билан банд бўлишади. Айрим манбаларда ҳатто реклама шиорларидан бирида «Бу кемани Худо ҳам чўктира олмайди», деган ёзувлар бўлгани айтилади...

Омма эса ушбу фожиа тафсилотлари билан асосан 1997 йилда – Жеймс  Кэмерон томонидан яратилган «Титаник» фильми орқали хабар топган. Гарчи, фильмда асосан ишқий муносабатларга урғу берилган бўлса-да, унда  ижтимоий масалаларга алоҳида ўрин ажратилганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, фильмда ижтимоий қатламлар ўртасидаги тафовут, кемадаги уч хил ижтимоий синф вакиллари ҳаётидаги кескин фарқлар моҳирона тасвирланган. Ҳатто фавқулодда вазиятлар учун мўлжалланган қутқарув қайиқларининг бир қисми аристократ қатлам вакилларининг «кема дизайни бузилади», деган важлари билан камайтирилгани ҳам ижтимоий тенгсизликнинг рамзий ифодаси сифатида кўрсатилади. Яъни, жамиятда одамлар ҳаётидан кўра, юқори синф вакиллари хоҳиши устун қўйилганига урғу берилди.

Аслида «Титаник» кемасини мажозан жамиятга, унинг муҳандислиги ва хавфсизлик тизимини эса давлат бошқарувига қиёслаш мумкин. Агар давлат жамиятни мувозанатли ва адолатли бошқара олмаса, ижтимоий тенгсизлик, эътиборсизлик ва тизимли хатолар охир-оқибат ҳалокатга олиб келиши мумкин.

Биламизки, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ижтимоий ислоҳотлар асосан узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилди. Хусусан, ижтимоий ҳимоя тушунчаси асосан кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақалардан иборат, деб қаралди. Бироқ бу ёрдамлар ҳар доим ҳам манзилли ва тизимли бўлмади. Давлат томонидан ажратилган маблағлар кўпинча умумий кўрсаткичлар асосида тақсимланиб, айрим эҳтиёжманд фуқаролар тизимдан ташқарида қолиб кетган ҳоллар ҳам бўлди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилинганидан кейингина бу соҳада туб бурилиш ясалди. Эндиликда ижтимоий ҳимоя давлатнинг ихтиёрий ташаббуси эмас, балки қонун билан мустаҳкамланган мажбуриятга айланди. Бундай ўзгаришлар ижтимоий сиёсатни янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Мазкур конституциявий ёндашув амалиётда ҳам ўз ифодасини топганидан кейин – 2023 йил 1 июнда аҳолини сифатли ижтимоий хизматлар билан таъминлаш мақсадида Президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ушбу ташкилотнинг ташкил этилиши Конституцияда белгиланган «Ижтимоий давлат» тамойилини ҳаётга татбиқ этувчи биринчи ва энг йирик институционал механизм бўлди. Айтиш жоизки, Агентлик қисқа вақт ичида ижтимоий сиёсатнинг муҳим марказига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий ҳимоя тизимини тубдан трансформация қилиш борасида стратегик вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ҳар бир оила ва инсон тақдирига индивидуал ҳамда профессионал ёндашиш ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Бунда эски қолиплардан, яъни, юзаки ва умумий ёндашувлардан бутунлай воз кечиб, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилиги ҳамда натижадорлигини таъминлаш, энг муҳими, ижтимоий хизматларни бевосита маҳалла даражасида фуқарога энг яқин бўғинга тушириш соҳа вакиллари учун устувор мажбурият этиб белгиланди.

Ўтган даврда афсуски, ижтимоий ҳимоя тизими асосан маблағларни тақсимлаш билан чекланиб қолган эди. Таҳлилларга кўра, айрим ҳолларда тизим фуқароларнинг ўзини ривожлантиришига ёрдам бериш ўрнига, аксинча ёрдамга қарамликни кучайтириб юборган. Масалан, меҳнатга лаёқатли шахслар ҳам нафақа тизимида қолиб кетган, ногиронлиги бўлган шахсларнинг реабилитацияси ва касбга тайёрланиши эса етарлича эътиборга олинмаган. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам эски ёндашувларни ўзгартиришдир. Машҳур иқтисодчи Абҳижит Банержи «Камбағалликка қарши кураш фақат пул тарқатиш билан эмас, балки инсонларга имконият яратиш орқали амалга оширилади», деган эди.

Бугунги ижтимоий сиёсатнинг асосий моҳияти шундаки, Янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқарони иқтисодиётнинг фаол иштирокчисига айлантириш бош мақсадга айланди. Яъни, ҳар бир фуқарога фавқулодда истеъдод, инновация яратувчи ва алоҳида лойиҳа сифатида қаралмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ногирон фуқароларга умидсиз қараш, уларга йўналтирилган маблағ ва ёрдамларни қўшимча харажат, деб баҳолаш даври тугади. Бундан буён улар жамиятнинг тенг хуқуқ ва шароитли аъзоси, иқтисодий жараёнларнинг бевосита иштирокчисига айланиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Хўш, ўтган даврда одамлар ҳаётида нималар ўзгарди? Эсингизда бўлса, анча олдин бир косиб йигит вилоят раҳбарининг сайёр қабулларидан бирида ўзига ногиронлик аравачаси сўрагани ижтимоий тармоқда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Тан олайлик: аксар фуқароларимизда кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳақида янглиш тасаввурлар шаклланган. Наздимизда, улар тўла давлат ҳимоясига боғланиб қолган, берганга қаноат қилмай, тинимсиз ўзгалардан кўмак кутадиган тоифадек тасаввур уйғотган. Аммо ўшанда косиб йигит Ойбек Мадатовнинг ҳикояси ана шундай янглиш тасаввурларни парчалаб ташлаганди.

 Энг асосийси, ўшанда вилоят ҳокими ташаббуси билан мурожаатчи йигитга реал ижтимоий ёрдам кўрсатилди. У бирламчи эҳтиёж сифатида аравача, косиблик билан шуғулланиши учун эса жой ва шароит сўраганди. Ана энди барча истаклари амалга ошган, ҳатто ҳокимлик (давлат вакиллиги) ёрдами билан оила ҳам қурган Ойбек Мадатовнинг ҳаётга бўлган муносабати қанчалар ўзгарганини тасаввур қилаверинг?! Биз эса бугун Ойбекка ўхшаган минг-минглаб ватандошларимиз ҳаётида ўзгаришлар бўлаётганини фахр билан тилга олишга ҳақлимиз. Олдинлари ижтимоий ҳимоя масаласи 4-5 та масъул ташкилот зиммасида эди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил топгач, у барча функцияларни ўзида жамлаган институционал тузилмага айланди.

Шу ўринда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ижтимоий дастурлар кўламининг ҳам сезиларли даражада кенгайганини кўриш мумкин. Хусусан, ушбу дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2 баробарга ошди, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови эса 5 баробарга кенгайди. 2026 йилдаги бюджет тақсимотига кўра, маблағларнинг 54,7 фоизи ижтимоий соҳага йўналтираётгани ҳам ислоҳотларнинг ўта жиддий тус олганидан далолатдир. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар ва ногиронлиги бўлган болалар парвариши билан банд бўлган фуқаролар учун янги нафақа турлари жорий этилди. Бугун ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз яшайдиган 2 минг нафар фуқарога доимий ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилган...

Яна бир мисол: айни вақтда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 17,8 минг фуқаронинг ягона реестри шакллантирилди. Ушбу тизим орқали фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконияти кенгайди: уларнинг катта қисми имтиёзли дори воситалари билан таъминланмоқда, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда минглаб оилаларнинг уй-жой шароитини ногиронлик эҳтиёжларига мослаштириш ишлари ҳам изчил ташкил этиляпти. Шунингдек, оилавий шифокор, ижтимоий ходим ва маҳалла раисидан иборат мултидисциплинар гуруҳлар фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Айни пайтда улар ҳар чоракда фуқароларнинг ўзгалар парваришига муҳтожлик даражасини баҳолаб боришмоқда. Мазкур ёндашув натижасида кўплаб фуқароларнинг соғлиғи ва ижтимоий ҳолати яхшиланиб, уларнинг жамият ҳаётига қайтиши учун зарур шароитлар яратилди. Энг асосийси, кўрсатилган хизматлар натижасида 13,9 минг фуқаронинг муҳтожлик даражаси камайиб, улар мустақил ҳаракат қилиш имконига эга бўлишди.

Яна бир гап: ижтимоий хизматлар тизимида амалга оширилган муҳим ўзгаришлардан яна бири бу, шубҳасиз, институционал ислоҳотлар бўлди. Хусусан, илгари фаолият юритган «Саховат» интернат уйлари тугатилиб, улар негизида очиқлик ва ижтимоий интеграция тамойилларига асосланган Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилди. Қисқа фурсат ичида Агентлик тизимидаги 11 та санаторийда қарийб 120 минг нафар имтиёзли тоифа вакиллари ‒ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар ҳамда пенсия олувчилар бепул соғломлаштирилди. Жараёнларни рақамлаштириш ҳам ижтимоий хизматлар сифатини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Навбатга қўйиш, йўлланмалар бериш, жойлаштириш ва чиқиш жараёнларининг тўлиқ электрон тизимга ўтказилиши  тизимда шаффофлик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлади. Натижада 2023 йилга нисбатан ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 14,7 баробарга, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғломлаштирилиш кўрсаткичи эса 4,2 баробарга ошди.

Ижтимоий хизматларнинг янги моделини шакллантиришда давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳам яхши самара бермоқда. Жумладан, «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасида 12,8 минг нафар фуқаро янги турдаги ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди. Ногиронликни белгилаш тизими тубдан такомиллаштирилди. Илгари вилоят марказларида фаолият юритган 33 та ихтисослаштирилган тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси тугатилиб, ногиронликни туманлараро ва туман (шаҳар) комиссиялари орқали белгилаш амалиёти жорий этилди. Натижада 150 мингдан ортиқ фуқаро вилоят марказларига қатнаш муаммосидан қутилди.

Шу ўринда, протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими ҳам модернизация қилинганини таъкидлаш жоиз. Эндиликда бундай воситалар электрон савдо платформалари орқали ваучер асосида олиняпти,  уларнинг рўйхати эса 18 тадан 38 тага етказилди. Яхши ўзгаришлардан яна бири – Реабилитация  воситалари билан таъминланган минглаб фуқаролар бугун яна таълим, спорт ва касбий фаолиятга қайта жалб этилмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди, дейиш мумкин. 2024 йилда 40 минг, 2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра эса яна 52 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланди. Инклюзив таълимни ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, илк бор ногиронлиги бўлган болалар ўртасида «Имкониятлар олимпиадаси» касб танлови ўтказилди. Мактабгача таълим тизимида юзлаб инклюзив гуруҳлар ташкил этилиб, умумтаълим мактабларида ҳам янги инклюзив синфлар очилмоқда. Айни пайтда мутахассислар малакасини ошириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаяпти. UNICEF билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида ижтимоий соҳа ходимлари замонавий билим ва кўникмалар асосида тайёрланаётганини ҳам айтиш жоиз. Албатта, келтирилган рақам ва кўрсаткичлар кенг кўламли ислоҳотларнинг фақат бир қисмини акс эттиради, холос. Муҳими шундаки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қисқа вақт ичида мамлакат ижтимоий сиёсатининг энг муҳим институционал бўғинига айланди. Ушбу тузилма аҳолининг энг қуйи қатламлари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлашда ҳам ҳал қилувчи роль ўйнай бошлади. Жараёнлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу ўринда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб, инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдираётганини таъкидлаш жоиз.

Хулоса қилиб айтганда, Бош Қомусимизга ижтимоий ҳимоя тушунчасининг киритилиши Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсатнинг устуворлигини яна бир бор тасдиқлади. Президентимиз ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши эса бу сиёсатни фақат ҳужжатларда эмас, балки амалий ҳаётда  изчил рўёбга чиқаришнинг самарали механизмини яратиб берди. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар жамиятимизнинг барча аъзоларига, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, тенг имкониятлар яратиш орқали инсон капиталини рўёбга чиқарадиган инклюзив иқтисодиёт пойдеворини мустаҳкамламоқда. Зеро, барқарор тараққиёт барча фуқаролар ‒ жумладан, ногиронлиги бўлганлар ҳам жамият ҳаётида тенг иштирок этган тақдирдагина таъминланади.

Қобул ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг

 Бюджет ва иқтисодий масалалар

 қўмитаси раиси ўринбосари