Бизни кемирувчи иллатлар

Бизни кемирувчи иллатлар

Бундан бир аср бурун Беҳбудий бувамиз айтганидек: Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки сил, сил ар-рия (ўпка сили – муаллиф) ё маховликними дерсиз?

Сира бундай эмас. Бизни ич-ичимиздан емириб, каламушдек кемираётган иллатларимиз уволдан қўрқмаслигимизда, мулла-жирингни ҳуда-беҳуда исроф этишимизда, дангалини айтганда, пул топиб, ақл топмаганимиздадир.

Яқинда ижтимоий тармоқда кўпчиликнинг ғашини келтирган бир видеолавҳа тарқалди. Унда янги қурилган кўп қаватли уйлардан бирининг остонасида карнай-сурнай садолари остида етти яшар болакайнинг мактабга кузатилиши акс этган.

Замонавий русумдаги автомобилу, бунча сунъий эҳтиромнинг жажжи йигитчага қандай нафи бор? 

Боланинг мактабга муҳаббати ортадими, мактабнинг қадри улуғ бўлиб қоладими ёки... Йўқ, албатта. Бу кўнгли баттоллашиб қолган муҳтарам ота-онанинг изоҳ талаб этмайдиган феодал хоҳиши, холос. 

Майли, орзу-ҳавас, деймиз... Болалик – подшолик, деймиз... Бироқ ҳар ненинг чеку чегараси бор. Доно халқимиз “Шакарнинг ҳам ози ширин”, деб бекор айтмаган эканда. 

Кимдир ёлғиз фарзанддир, ота-онанинг бор умидидир, дер. Илло, эртага шундай эътиборда улғайган бола иззатталаб бўлиб қолмайдими? 
Ичимизни кемираётган яна бир иллат шубҳасиз, тўю томошаларимиздаги дабдабабозлик бўлса, бошқаси алпқомат куёвтўраларнинг етти букилиб бир тўда оломонга салом беришларига оиддир.

Наҳотки, улар орасида аввал сенинг отанг салом солганмикин, буванг-чи, бувангнинг отаси-чи, деб сўроққа тутадиган мард топилмаса?
Нурафшонда Полвонбой деган бир давлатманд яшайди. Давлати беҳисоб. Биз Полвонбой топганининг саноғини олмоқ ниятида эмасмиз. Аммо, сарфи ҳақида икки оғир сўз айтмоқчимиз.

Ўша Полвонбой деганимиз яқинда ўғил уйлаб, келин олди. Элу юртга дастурхон ёзиб, тортиқ этган наҳор ошига ташриф буюрди. Никоҳ базми эса пойтахтдаги донгдор кошоналардан бирида ўтди. Бари орзудагидай. Аммо тўйчибойга ҳавас билан боққанлар орасида ич-ичидан ғаши келганлар ҳам бўлди. Бу тўйнинг таърифи кўпларнинг оғзига тушди.

Лекин барчаси бир ҳафтадан нари ўтмади. Одамлар борди, ош еди, тўй кўрди, гапирди, сўнг... тинчиди. Демоқчиманки, сарф этилган чақаларни одамларнинг уч-тўрт кунлик таърифу тавсифлари, пуфакдек иширилган тасаннолари учун эмас, бирор муҳтож оиланинг умрбод қувончига сарф қилиш мумкин эди-ку.

Яна бир иллатимиз – ўқимаслигимиз. Кимларнингдир кўнглига оғир ботмасину, ёшларимиз орасида тўрт энлик хат ёзишга ярамайдиганларни кўряпмиз. Ҳурматли домламиз Омонуллу Мадаевнинг армиядан ўғли жўнатган мактубни отаси, онаси ва синглиси бир бўлиб ярмигача аранг ўқишганини куюниб гапиргани ҳалигача эсимда. Энг ёмони, бугун ёза билмаганимизга яраша ўқимоққа ҳам яроқсизмиз.

Бундан бир аср аввал истиқлол, маърифат, илм учун ширин жонларини фидо қилган жадид бобокалонларимиз бугунги аҳволимизни кўрсалар, ўтган умрларига, шаҳид кетган жонларига, тўкилган қонларига ачинмасларми? Наҳот, шулар бизнинг зурриётлар, дея ич-этларини тилиб, қон этмасларми?

Бу иллатлардан озод бўлиб, топганимизни эзгу ишлар ва хайрияларга, илму маърифатга сарфламас; ўқиб, ўрганиб, билим йўлида мунтазамлик касб этмас эканмиз, жаҳонда обрў топиш у ёқда турсин, келгуси авлодимиз учун ифтихор бўлмоқлигимиз ҳам каттакон сўроқ остида қолмоғи тайин.