Машинасиз ҳаёт
Маълумки, Америка Қўшма Штатлари дунёнинг энг йирик автомобилсозлик марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда кенг ва равон йўллар, шаҳар инфратузилмалари асосан автомобиллар ҳаракатига мослаштирилган. Аммо айнан шундай ривожланган автомобил маданиятига эга мамлакатда бир орол борки, у ерда машиналарни умуман учратмайсиз. Бу — Mackinac Island.
Бу оролда одамлар асосан от-арава, велосипед ёки пиёда ҳаракатланади. Айнан машинасиз ҳаёти билан Mackinac Island дунё сайёҳларини ўзига жалб қилиб келмоқда. Оролнинг майдони атиги 9,8 км² бўлиб, аҳолиси тахминан 600 кишини ташкил этади.
Тарихан бу ҳудуд маҳаллий Оджибве ва бошқа Анишинаабек халқлари учун муқаддас маскан ҳисобланган. XVII асрда француз савдогарлари бу ерга келиб, оролни Шимолий Америкадаги мўйна савдосининг муҳим марказига айлантиришган. Кейинчалик эса ҳудуд устидан инглизлар ва америкаликлар назорат ўрнатган.
1780 йилда қурилган Fort Mackinac бугунги кунга қадар сақланиб қолган энг муҳим тарихий обидалардан биридир. XIX аср охирларига келиб, орол аста-секин туризм марказига айлана бошлади. 1887-йилда бунёд этилган Grand Hotel эса дунёдаги энг узун верандалардан бирига эга бўлиб, оролнинг рамзига айланди.
1898 йилда орол тарихида муҳим бурилиш юз берди: биринчи автомобиль отларни қўрқитиб юборганидан сўнг, маҳаллий ҳокимият моторли транспорт воситаларини бутунлай тақиқлади. Айнан шу қарор Mackinac Islandни машинасиз ҳаётнинг ноёб намунаси сифатида бутун дунёга машҳур қилди.
Бугунги кунда велосипед орол бўйлаб ҳаракатланишнинг энг қулай ва тезкор воситаларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили минглаб сайёҳлар машинасиз ҳаётни ҳис қилиш, тарихий муҳитдан баҳраманд бўлиш ва бетакрор табиат манзараларини томоша қилиш учун паром орқали Mackinac Islandга ташриф буюради.
Мафтуна Муҳиддинова





