“Янги Ўзбекистоннинг экологик сиёсати жаҳон миқёсида ҳам эътироф этиляпти”

“Янги Ўзбекистоннинг экологик сиёсати жаҳон миқёсида ҳам эътироф этиляпти”

ЛОЙИҲА

 

“Янги Ўзбекистоннинг экологик сиёсати жаҳон миқёсида ҳам эътироф этиляпти”

 

БМТнинг Глобал Яшил Ўсиш Институти (GGGI) Кенгаши раиси ПАН ГИ МУН жаноблари «Миллий тикланиш» ижтимоий-сиёсий газетаси Бош муҳаррири Миродил Абдураҳмонов саволларига жавоб беради

 

– Аввало, гўзал Ўзбекистонимизга хуш келибсиз, деймиз. Ижозат берсангиз, суҳбатимизни Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал этишдаги ёндашувлар ҳақидаги таассуротларингиз билан бошласак. Айни пайтда юртимизда бу борадаги саъй-ҳаракатларни қандай баҳолаган бўлардингиз?

– Энг аввало, Ўзбекистон ҳар гал мени ўзгача илиқлик билан кутиб олишини таъкидлашни истар эдим. Мамлакатингиздаги экологик муаммоларга келсак, олиб борилаётган ёндашувлар – чуқур ўйланган, стратегик ва халқаро ҳамкорликка асосланганини айтиш жоиз.

Мен Сенат Раиси Танзила Нарбаева билан учрашувда ҳам Ўзбекистоннинг “Яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича сиёсий иродаси ва 2030-йилгача бўлган стратегик режаси – бу фақат миллий манфаат эмас, балки глобал барқарорликка хизмат қилувчи ташаббус эканини алоҳида таъкидладим.

Шунингдек, муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2025-йилнинг “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши – халқаро ҳамжамиятга жуда кучли сигнал бўлди. Ушбу қарор орқали Ўзбекистон экологик муаммоларни ҳал қилишда етакчи рол ўйнашга интилаётганини ҳам амалда кўрсатди.

Атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш ҳақида гап кетганида Оролбўйидаги ўрмонлаштириш лойиҳалари, Яшил Макон дастури ва Иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги моделлари – буларнинг барчаси мамлакатингизнинг амалий ҳаракатларини кўрсатади. Айниқса, Aral Sea GRIP лойиҳаси орқали 819 гектарда иқлимга мос технологиялар жорий этилгани ёки 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида яшил облигациялар чиқарилгани Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим ўринга эга эканидан далолатдир. Бу саъй-ҳаракатлар – халқаро ҳамкорликка асосланган илм-фан, таълим ва фуқаролик жамияти билан биргаликда олиб борилса, шубҳасиз янада самарали натижалар беради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шахсан мен Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳаракатларини олқишлайман ва Global Green Growth Institute (GGGI) номидан ушбу йўналишда ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканимизни билдираман.

 

– Бугун атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш дунё миқёсидаги энг устивор йўналишлардан бирига айланди. Фикрингизча, экологик мувозанатни сақлаш учун биринчи навбатда қайси соҳаларда қандай чоралар кўришга эътибор қаратилиши керак, деб ҳисоблайсиз?

– Чиндан ҳам экологик барқарорлик бутун инсоният ҳаёти, жамиятларнинг иқтисодий ривожланиши ва ижтимоий адолатни таъминлашда устувор вазифага айланди. Шу боис ҳам иқлимга мослаштирилган инфратузилмани ривожлантириш – сув тошқинлари, қурғоқчилик ва глобал исиш каби табиий хавфларга қарши чидамли тизимлар яратиш зарур, деб ҳисоблайман. Шаҳарларда яшил зоналарни кенгайтириш ва табиий ҳимоя элементларидан фойдаланиш ҳам муҳим тадбирлар сирасига киради.

Бу жараёнда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш – қуёш, шамол ва биомасса энергиясини кенг қамраб олиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда углерод чиқаришни камайтириш лозим бўлади.

Табиий экотизимларни муҳофаза қилиш ва тиклаш – ўрмонлар, сув ҳавзалари, чўл ва тоғ ҳудудларини асраш, шунингдек биологик хилма-хилликни сақлаш керак.

Экологик таълим ва жамоатчилик орасида эса масъулият ҳиссини ошириш – мактаб ва олий ўқув юртларида экологик билимларни кенг тарғиб қилиш ҳамда табиатга ҳурмат маданиятини шакллантириш ва, албатта, барқарор қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш – иқлимга мос қишлоқ хўжалиги технологиялари, сув тежовчи усуллар, томчилатиб суғориш ҳамда сувни қайта ишлаш тизимлари кенг жорий этилиши лозим.

Бундан ташқари молиявий механизмлар ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш – яшил облигациялар, иқлим фондлари ва соҳага хусусий секторни жалб этиш орқали молиялаштиришни кучайтириш, шунингдек ривожланаётган мамлакатларга техник ва молиявий ёрдам бериш ниҳоятда муҳимдир.

– Одамларнинг лоқайдлиги ва жаҳон миқёсида саноат фаолияти, хусусан, оқава сувлар ва ҳавога зарарли моддалар чиқарилиши натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши тобора кучаймоқда. Айтингчи, Ҳукуматлар томонидан бундай зарарларни камайтириш ва компенсация қилиш учун ажратилаётган молиявий ресурсларни етарли, деб ҳисоблайсизми?

– Бугун инсониятнинг табиатга етказаётган зарари, айниқса, саноат чиқиндилари, ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар ва ифлосланган оқава сувлар – глобал миқёсда соғлиққа, экотизим ва иқлимга жиддий таҳдид солмоқда. Аммо афсуски, ушбу муаммони ҳал этиш учун кўплаб ҳукуматлар томонидан ажратилаётган молиявий ресурслар бу таҳдидни бартараф этиш учун етарли бўлмаяпти.

Ҳисоб-китоб қилсак, ҳавони тозалаш учун 2015–2019 йилларда жами 273 миллион доллар ажратилган бўлиб, бу умумий ривожланиш маблағларининг жуда кичик қисмини ташкил этади, холос.

Шунинг учун ҳам халқаро ҳамжамиятни, айниқса, ривожланган давлатларни кўпроқ молиявий мажбуриятларни ўз зиммаларига олиш ва ривожланмаётган мамлакатларга адолатли ёрдам кўрсатишга чақираман.

Зеро, ҳар бир инсон тоза ҳавода нафас олиш ҳуқуқига эга. Агар биз бу ҳуқуқни таъминласак, иқлим ўзгариши масаласида, касалликлар ва қашшоқликка қарши курашда ижобий натижаларга эриша оламиз.

 

– БМТ дунё бўйлаб атроф-муҳит тозалигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташаббусларни илгари сурмоқда. Сизнингча, бу борада қайси мамлакатлар энг самарали ва муваффақиятли натижаларга эришмоқда?

– Ўз тажрибам ва БМТ Бош котиби сифатидаги фаолиятим давомида кўрган энг самарали усулдан келиб чиқиб, айтишим мумкинки, бугун кўплаб давлатлар экологик муаммоларни ҳал этишга жиддий киришганлар. Бироқ шундай давлатлар борки, уларнинг ёндашуви, сиёсий иродаси ва халқаро ҳамкорликдаги фаоллиги алоҳида эътиборга лойиқ.

Масалан, Хитой – экологик тозалик ва барқарор ривожланиш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланди. Мен Пекинда бўлганимда, Хитойнинг Париж келишуви бўйича мажбуриятларни жуда тез ратификация қилгани, Паст карбонли иқтисодиётга ўтиш бўйича миллий стратегия ишлаб чиққанига шахсан гувоҳ бўлдим.

Ушбу мамлакат Яшил инфратузилма ва қайта тикланувчи энергия соҳасига миллиардлаб доллар сармоя киритмоқда.

Бангладешда ҳам табиий офатларга тайёргарлик ва экологик мослашув бўйича илғор амалиётлар жорий этиляпти.

Иқлимга мослаштирилган қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш бўйича инновацион лойиҳалар Европа Иттифоқи давлатларида ҳам тизимли тарзда олиб борилмоқда.

ЕИда экологик тозаликни таъминлашда минтақавий ҳамкорлик ва қонунчилик ислоҳотлари етакчилик қилаётганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Масалан, Карбон эмиссиясини камайтириш бўйича қаттиқ меъёрлар жорий этилган. Яшил келишув (Green Deal) орқали эса 2050-йилгача карбон нейтралликка эришиш мақсад қилинган.

Океан кислоталашиши, биохилма-хиллик ва энергия самарадорлиги бўйича ҳам комплекс стратегиялар ишлаб чиқилиб, улар босқичма-босқич амалга ошяпти.

Шуни ишонч билан айта оламанки, экологик тозаликни таъминлашда энг муваффақиятли давлатлар – бу сиёсий ирода, халқаро ҳамкорлик, молиявий ресурслар ва фуқаролик жамияти иштирокини бирлаштира олган мамлакатлардир.

Ўзбекистон ҳам бу йўлда жуда жиддий қадамлар ташламоқда. Айниқса, Оролбўйидаги тикланиш лойиҳалари, Яшил Макон дастури ва Стратегик Экологик Баҳолаш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши минтақавий етакчиликка асос бўла олади. Шунинг учун ҳам Янги Ўзбекистоннинг экологик сиёсати жаҳон миқёсида эътироф этиляпти.

– Сиз бошчилигингиздаги Яшил Иқлим Фонди (Green Climate Fund – GCF) билан ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистонда қандай ташкилотлар бор? Агар бор бўлса, уларнинг фаолияти ҳақида қисқача маълумот бера оласизми?

Юқорида айтганимдек, Янги Ўзбекистон Global Green Growth Institute (GGGI) ва Яшил Иқлим Фонди (GCF) билан фаол ҳамкорлик қилаётган давлатлар қаторига киради. Ушбу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг экологик барқарорликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Бунда айниқса, Ўзбекистон ва GGGI ҳамкорлиги доирасида Оролбўйи Яшил Тикланиш Инвестиция Лойиҳаси (Aral Sea GRIP) муҳим эканини таъкидламоқчиман. Биз ҳамкорларимиз билан Ўзбекистонда Стратегик Экологик Баҳолаш (SEA) пилот лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз. Шунингдек, Экологик қонунчиликни такомиллаштириш ва режалаштиришда парламент иштирокини кучайтириш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, аҳолиси зич бўлган Фарғона водийсида тошқин ва қурғоқчиликка қарши инновацион технологиялар лойиҳаси (2024–2027) бор. Бу лойиҳа Корея Атроф-муҳит вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

Бу лойиҳадан мақсад сув ресурсларини бошқариш, офатларга чидамлиликни ошириш ва яшил иқтисодий имкониятларни кенгайтиришдир.

Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг бир нечта давлат ташкилотлари ва тадбирокорлари томонидан тузилган консорциуми эса Фарғона вилоятининг Данғара туманида иссиқхона газларини камайтиришга қаратилган тадбирларни амалга ошираётганидан ҳам хабардорман. Бу ишларга консорциум томонидан 25 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилган бўлиб, бу лойиҳа билан ўша ҳудуддаги аҳолининг экологик муаммоларига ечим топиш кўзда тутилган. Шу ўринда вилоят ва туман раҳбарлари томонидан ушбу лойиҳа қўллаб-қувватланаётгани эса яна бир бор Ўзбекистонда ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади. Шубҳасиз, бундай ташаббуслар асосида  инсоният олдида турган экологик муаммолар камаяди. Шунинг учун ҳам биз бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаяпмиз.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон бугун нафақат ўз ҳудудида, балки бутун Марказий Осиёда экологик барқарорликни таъминлашда етакчи рол ўйнашга интилаяпти. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

– Яшил Иқлим Фонди (Green Climate Fund – GCF) ҳозирда қандай лойиҳалар устида ишламоқда ва ушбу ташаббусларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарорликка ижобий таъсири қанчалик самара беради, деб ўйлайсиз?

– Яшил Иқлим Фонди бугунги кунда 320 дан ортиқ лойиҳани амалга оширмоқда. Уларнинг 50 фоизи мослашув (адаптация) ва 50 фоизи зарарларни камайтириш (мигитация) тамойилига асосланган. Лойиҳалар асосан ривожланаётган давлатларда олиб борилмоқда.

Масалан, Непалда музлик кўлларининг тошқин хавфини камайтириш ва тоғли ҳудудларда фаол ҳимоя тизимларини яратиш.

Сенегалда шаҳар тошқинларини бошқариш ва сув тошқинларига қарши  чидамли инфратузилма қуриш.

Ганада эса иқлимга мослаштирилган ландшафтлар орқали барқарор турмуш тарзини ривожлантириш.

Амазон ҳавзасида сув хавфсизлигини ошириш ва маҳаллий аҳолининг иқлим ўзгаришларига тайёрлаш лойиҳалари маҳаллий аҳоли талаблари асосига қурилган.

Жанубий Африкада ҳам экотизим асосида офатларга қарши чидамлиликни ошириш кўзда тутилган.

Малдив оролларида эса тропик бўронларга қарши иқлим хизматларини кучайтириш ва жамоавий чидамлиликни ошириш бўйича ишлаяпмиз.

Яшил молиявий тизимлар йўналишида ҳам қатор лойиҳаларимиз бор.

Бунга Парагвайда яшил ўғит ишлаб чиқариш лойиҳаси орқали паст карбонли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаси мисол бўлиши мумкин.

Ҳиндистонда ҳам яшил молиявий механизмлар орқали энергия самарадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Энг муҳим йўналишлардан яна бири бу – таълим ва ижтимоий чидамлилик йўналишидир.

Хусусан, BRACE лойиҳаси доирасида мактаблар орқали болалар ва жамоаларни иқлимга мослаштириш бўйича таълим тизимини кучайтириш кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳалар орқали биз паст карбонли технологиялар, яшил транспорт ва энергия самарадорлигига эришмоқчимиз. Шунингдек, иқлимга чидамлиликни ошириш йўналишида маҳаллий жамоаларни табиий офатларга тайёрлаш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ниҳоятда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Бундан ташқари, ўрмонлар, сув ҳавзалари ва қирғоқ зоналарини тиклаш орқали биологик хилма-хилликни сақлашга доир лойиҳаларимиз бор.

Ижтимоий адолатни таъминлаш йўналишида эса ўта заиф гуруҳлар, аёллар ва ёшлар учун имкониятлар яратиш ниҳоятда муҳимдир.

Хулоса қилиб шуни айтиш жоизки, Яшил Иқлим фонди – бу фақат молиявий механизм эмас, балки глобал бирдамликнинг ифодаси ҳамдир. Биз шу маънода ҳам биргаликда иқлим ўзгаришларига қарши курашамиз ва барқарор келажакни қурамиз.