Global Fraud Index 2025: Ўзбекистон 89-ўринда
Globar Fraud Index’нинг 2025 йил ҳисоботи дунёдаги 112 та давлатда фирибгарлик хавфи ва унга қарши курашиш тизимлари самарадорлигини баҳолади. Мазкур рейтинг нафақат статистик таҳлил, балки давлатлар учун ўзига хос “огоҳлантирувчи қўнғироқ” сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Таҳлилчилар рейтингни шакллантиришда бир нечта муҳим мезонларга таянган. Жумладан, миллий даражадаги фирибгарлик кўрсаткичлари, антифирибгарлик қонунчилиги ва унинг амалдаги самарадорлиги, иқтисодий барқарорлик даражаси ҳамда фирибгарликка қарши технологиялар ва инфратузилмага кириш имконияти ҳисобга олинган.
Мутахассисларнинг фикрича, бу каби комплекс ёндашув давлатдаги реал хавф даражасини аниқроқ кўрсатиш имконини беради. Айниқса, рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётган шароитда молиявий жиноятлар шакли ҳам тез ўзгармоқда.
Европа — энг барқарор ҳудуд
2025 йилги натижаларга кўра, фирибгарликка қарши ҳимоя тизими энг кучли давлатлар асосан Европада жойлашган. Хусусан, Луксембург, Дания, Финляндия ва Нидерландия юқори ўринларни эгаллаган. Бу давлатларда қонунчилик базаси мустаҳкам, молиявий мониторинг тизимлари ривожланган ва рақамли хавфсизлик чоралари кенг жорий этилган. Шу боис уларда фирибгарлик хавфи нисбатан паст деб баҳоланган.
Индекснинг қуйи қисмида эса асосан Африка ва Жанубий Осиё давлатлари жой олган. Пастдан юқорига қараб энг хавфли давлатлар сифатида Покистон (112-ўрин), Индонезия, Нигерия, Ҳиндистон, Танзания, Уганда, Бангладеш, Руанда, Озарбайжон (104-ўрин) ва Шри-Ланка қайд этилган. Қардош Озарбайжоннинг 104-ўринни эгаллаши ҳам минтақа учун жиддий сигнал сифатида қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон нечанчи ўринда?
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон 112 та давлат орасида тахминан 89-ўринни эгаллаган. Бу натижа мамлакатда фирибгарлик хавфи мавжуд эканини ва тизимли чоралар зарурлигини кўрсатади. Минтақавий таққослашда Қирғизистон 71-ўринни эгаллаб, нисбатан яхшироқ кўрсаткич қайд этган. Бу эса Марказий Осиё давлатлари ўртасида ҳам фарқ борлигини кўрсатади.
Нима қилиш керак?
Мутахассислар фикрича, бундай рейтинглар танқид учун эмас, балки ислоҳотлар учун асос бўлиши керак. Фирибгарликка қарши қонунчиликни янада такомиллаштириш, молиявий мониторинг тизимларини кучайтириш, рақамли хавфсизлик инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш — долзарб вазифалардан ҳисобланади. Зеро, замонавий дунёда фирибгарлик нафақат иқтисодий, балки ижтимоий барқарорликка ҳам таҳдид солади. Шу нуқтаи назардан, Global Fraud Index 2025 натижалари ҳар бир давлат учун жиддий ўйлаш ва амалий чоралар кўриш зарурлигини эслатади.
Зарина Ахмедова
“Миллий тикланиш” мухбири





