Шахмат: Афруза, Нилуфар ва Жавоҳир Бразилияда Ўзбекистон номини улуғламоқда

Шахмат: Афруза, Нилуфар ва Жавоҳир Бразилияда Ўзбекистон номини улуғламоқда

Бразилияда 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатининг 9-тур ўйинларидан кейин 16 ёшгача бўлган шахматчи қизлар орасида Афруза Ҳамдамова 8,5 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

16 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида Афруза Ҳамдамова 9-турда FIDE байроғи остида ўйнаётган Яна Жаповани оқ доналарда мағлубиятга учратиб, очколари сонини 8,5 тага етказишга муваффақ бўлди.  

Айтиш лозим, Ҳамдамова ортда қолган 9 та учрашувдан фақат биттасида дуранг, қолган барча партияларда ғалабага эришди. Олдинда яна иккита тур баҳслари қолганини, энг яқин таъқибчиси Лейла Табермакова 7 очкога эгалигини назарда тутсак, Афруза жаҳон чемпионлигига эришишга энг яқин турибди.  

Жаҳон чемпионатининг 14 ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида қатнашаётган Жавоҳир Бозоров 9-турда АҚШ вакили Велант Талвалкардан устун келди ва 6 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 20-ўринга кўтарилиб олди.  

Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этаётган Нилуфар Имомқўзиева 14 ёшгача қизлар мусобақасининг медалларидан бирини қўлга киритишга жуда яқин турибди.  

Маҳоратли шахматчи қизимиз 9-турда қора доналарда франциялик Эмили Негрени мағлуб этди. Ушбу ғалаба Нилуфарнинг 7 очко билан 3-ўринни банд этишини таъминлади. Худди шунингдек, яна 3 нафар шахматчи 7 очкога эга бўлган ҳолда ғолибликка даъвогарлик қилмоқда. Ушбу ёш тоифасида Диана Ҳафизова (FIDE) 8 очко билан мусобақа жадвалида етакчилик қилмоқда.  

Бугун, 8 ноябрь куни жаҳон чемпионатининг 10-тур баҳслари ташкил этилади. Афруза Ҳамдамова ушбу турда ҳиндистонлик Мриттика Маликка қарши қора доналарда ҳаракатланади. Эътиборли жиҳати, мазкур баҳсда ҳамюртимиз дурангга эришган тақдирда ҳам муддатидан аввал 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритади.  

Ғолиблик йўлида ўз маҳоратини намойиш этаётган Нилуфар Имомқўзиева 10-турда қора доналарда Оксана Горячкина (FIDE) билан куч синашади. 14 ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида қатнашаётган Жавоҳир Бозоров 10-турда қора доналар FIDE байроғи остида ўйнаётган Алексей Прохоров билан рўбарў келади.  

Эслатиб ўтамиз, 62 та давлатнинг 527 нафар шахматчиси иштирокида ўтаётган жаҳон чемпионатининг сўнгги 11-тур ўйинлари 9 ноябрь куни бўлиб ўтади.