Юқори малакали спорт кадрларини тайёрлаш, янги авлод спортчи ва тренерларини етиштириш орқали мамлакатимиз спортдаги ютуқларини янги босқичга олиб чиқиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнини халқаро стандартлар асосида ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йилдаги тегишли қарорига асосан Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилди.
Жорий йилдан ўз фаолиятини бошлаган Спорт академияси 2025-2026 ўқув йили учун ҳужжат қабул қилишни бошлайди. Академия давлат олий таълим муассасаси мақомига эга бўлиб, ўз фаолиятида Спорт вазирлигига бўйсунади. Талабаларни қабул қилиш параметрлари республикадаги бошқа олий таълим муассасалари учун белгиланган давлат буюртмаси доирасида амалга оширилади.
Талабалар контингенти, асосан, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлов марказларида шаклланаётган спорт турлари бўйича, сўнгги бир йил ичида жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган Олимпия ва паралимпия коллеж битирувчилари, шунингдек, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчи ёшлари орасидан селекция асосида танлаб олинади.
Академияни тамомлаганларга Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади. Талабалар республикадаги спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Спорт йўналишларида таҳсил олаётган талабалар яшаш жойи ва озиқланиш билан махсус нормативлар асосида, яъни олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари стандартларига мувофиқ таъминланади.
Битирувчиларга тренерлик фаолияти билан шуғулланиш учун 6 йилга амал қилувчи малака сертификати истисно тариқасида бевосита тақдим этилади.
Академияни тамомлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, уч йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин — мутахассислиги бўйича раҳбарлик лавозимларига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.
Академияда хорижий тиллар ва Ўзбекистон тарихи чуқурлаштирилган тартибда ўргатилади. Шу мақсадда Ахборот-кутубхона маркази ҳамда Тарих ва хорижий тилларни ўқитиш маркази ташкил этилган.
Олимпия ва паралимпия коллежлари битирувчилари тўғридан-тўғри иккинчи босқичга қабул қилинади.