Ким бу Абдуқодир Ҳусанов деганлари?

Ким бу Абдуқодир Ҳусанов деганлари?

Эндигина 20 ёшга тўлган, кечагина ўз шаҳри, ҳатто туғилиб ўсган маҳалласида ҳам кўпчилик эътибор қаратмаган бир болакайнинг бугунга келиб, кўҳна қитъани ўзига қаратаётгани, энг қизиғи, европалик тенгдошларининг ҳавасию, ҳасадини келтираётганига ишониш қийин.

Тўғри, агар у дунёнинг футболи ривожланган, “онасининг қорнидаёқ” тўп тепишни машқ қилиш оддий ҳолат саналган юртда туғилганида у ҳақда бунчалар шов-шувли хабарлар тарқамас, балки ушбу мақола ҳам ёзилмас, ёки ёзилганда ҳам унга бунчалар жимжимажор сарлавҳа қўйилмасмиди?

Минг шукурки, у ўзимизда – бир пайтлар қақроқ чўлига ҳам таёқ тиқиб қўйсанг, эртаси куни кўкаради, дея кўкка кўтарилган Ўзбекистонда туғилди. Ва, бугун ўз шону-шуҳрати билан шу юрт номини улуғлаяпти, шу юртга маънавий дивидент олиб келяпти. 

Дунё тан олган ва гаплари футбол олами об-ҳавосига таъсир этадиган мутахассисларнинг айтишича, Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳоси янги йилда эллик миллионга – 50.000.000 га кўтарилиши мумкин экан...

Яқиндагина Олимпиадада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган боксчиларимизга, уларнинг шижоатию, кучи ва иқтидорига тасаннолар айтгандик. Улар Ўзбекистон деган азим юрт номини жондан азиз байроғимизга қўшиб кўкларга кўтаргандилар. 
Бугун эса Абдуқодирнинг бир ўзи ана шу миссияни аъло даражада бажаряпти.

Яқинларининг айтишича, Миржалол Қосимов, Тимур Кападзе, Одил Аҳмедов, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуровларга ҳавас қилиб улғайган Абдуқодир бугун “от изини той босар” нақли бежизга айтилмаганини ҳам амалда исботлаяпти. Зеро, фидойи инсон, ўз даврининг тенгсиз футболчиси саналган Миржалол Қосимов ва унинг жамоадошлари орзу қилган майдонлар ҳам бугун айнан Абдуқодирга насиб қилди...

Энди Абдуқодир Хусанов ҳақида қисқача маълумот: у 2004 йилнинг 29 февралида Тошкент шаҳрида туғилган. 2024 йилги Олимпия ўйинларининг эркаклар ўртасидаги футбол турнири иштирокчиси, Ўзбекистоннинг “Бунёдкор” клуби тарбияланувчиси. Абдуқодир дастлаб клубнинг 18 ёшгача бўлган ёшлар тоифасида ўйнаган.

2022 йилнинг март ойидан бошлаб эса Беларуснинг “Энергетик” БГУ таркибига қўшилган. Футболчи клубдаги дебютини 2022 йилнинг 19 март куни Витебскга қарши ўйинда ўтказганини, илк голини эса 2022 йилнинг 2 май куни Неман Гроднога қарши ўйинда киритганини ва у ерда 2 та голли узатмани ҳам амалга оширганини футбол фанатлари бежиз эслашмаяпти. 

Мавсум охирига келиб эса Абдуқодир мамлакатимиз Олий лигасининг кумуш медали соҳибига айланди ва чемпионатнинг рамзий терма жамоасига ҳам киритилди. 2022 йилнинг декабрь ойига келиб, у яна Энергетика-БГУда ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилди. Орадан кўп ўтмай – янги мавсумдаги илк ўйинда – 2023 йилнинг 2 апрелида асосий таркибда майдонга тушган Абдуқодир “БАТЕ”га қарши ўйин ўтказган, мавсумдаги илк голини эса 2023 йилнинг 23 апрель куни “Шахтёр Солигорск”га қарши ўйинда киритган эди. 

 Аммо Абдуқодирни катта майдонларга етаклаган ўйинлар ҳали олдинда эди: Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари иштирокидаги ўйинлари уни ўз мақсадлари сари дадил етаклади ва шу орқали хорижий мутахассислар назарига тушган Абдуқодирни 2023 йилнинг ёзида Франциянинг “Ланс” жамоаси ўз сафига қўшиб олди. Дарвоқе, А.Ҳусанов Франция чемпионатида ўйнаган биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек футболчиси бўлиб турибди. 

Тан олайлик, бугун Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 20 ёшли марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ўзининг чиройли ўйинлари билан нафақат “Ланс” раҳбарияти ва клуб бош мураббий Уилл Стилл ишончини оқлаш баробарида Европанинг манаман деган гранд клублари эътиборини ҳам тортяпти. Айниқса, Англиянинг бир нечта клублари уни ўз сафларига қўшиб олиш ниятида экани ёш футболчимизга берилаётган баҳо ва, мақтовлар бежиз эмаслигидан далолатдир. Қайд этилишича, дастлаб, футболчига Лондоннинг “Арсенал”и қизиқиш билдирган.

Айни пайтда эса бир нечта  инглиз нашрлари ўзбекистонлик футболчига “Нюкасл”, “Эвертон” ва “Челси”  ҳам харидор бўлаётгани ҳақида ёзмоқда. 

“Кўҳна қитъа”нинг бир қатор нашрлари ва экспертлари ҳам ўзбек футболчисининг келажаги ва  трансфер имкониятлари ҳақида ҳам ёқимли тахминларни илгари суришяпти. Хусусан, sport.fr сайти эксперти Мано Бувьенинг ёзишича, Абдуқодир айни пайтда бутун Европанинг орзусига айланган ҳимоячидир. “...Абдуқодир ПСЖ бош мураббийи Луис Энрикега ҳам маъқул келди. Лекин ПСЖ ўзбек легионерини олишни истаётган ягона жамоа эмас, унинг харидорлари кун сайин кўпайиб боряпти.

Шунинг учун ҳам ушбу  трансферни амалга ошириш ПСЖга осон бўлмайди. Чунки бугун ушбу рақобатга Англия Премьер-лигаси клублари ҳам қўшилди. Бу эса жараённи мураккаблаштиради. Бошқа томондан қаралганда “Ланс” раҳбарияти ўзбек футболчисининг трансферидан мўмайгина даромад ишлаб олишига ишончи комил. Фақатгина бир масала – бу иш қачон амалга ошиши номаълум бўлиб турибди...”
Энди foot-sur7.fr портали эксперти Леонс Сириакнинг қуйидаги фикрларига  эътибор қаратсак: “Ҳусанов “Ланс” таркибида жами 63 марта майдонга тушиб, 4 та гол урди ва шунча голли узатмани амалга оширди. Унинг Франция клуби билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар имзоланган.

Инсайдерларнинг фикрига кўра, ПСЖ мутасаддилари Милан Шкриньярнинг январь ёки мавсум охирида клубдан кетиши муносабати билан Абдуқодир Ҳусанов хизматидан фойдаланиш имкониятини ўрганиб чиқмоқда. Парижликлар бош мураббийи Луис Энрике эса ўзбекистонлик марказий ҳимоячини Маркиньос ва Уильям Пачога ёрдам бериш учун олиб келишни истаяпти. Зеро, Ҳусановнинг қобилияти испаниялик мутахассиснинг талабларига тўла мос тушади”.  

Кўриниб турибдики, Европа “майдон”ларида Абдуқодир Ҳусановнинг бозори қизигандан қизияпти. Айрим экспертлар ҳатто бу режани амалга ошириш учун энг аввало “Арсенал” билан рақобатлашишга тўғри келишини ёзаётган бўлса, бошқа нашрлар “Канонирлар” бир неча гранд клублари олишга ҳаракат қилаётган Вильям Салибага ўринбосар қидираётгани, у клубда қолган тақдирда ҳам лондонликлар ҳимоя марказини кучайтиришни мақсад қилганини ёзишяпти. Ҳусановнинг мухлислари эса  “Арсенал” ҳар икки вазиятда ҳам Абдуқодирни энг мақбул номзод сифатида кўраётганини таъкидлашмоқда...

Шу ўринда мавсум бошидаги бир воқеани эсласак: ўшанда “Ланс” ҳимояси марказида ўйнаб келган Абдуқодир Ҳусанов “Сент-Этьен” билан бўлган беллашувда ўнг қанотга ўтказилган эди. Янги позицияда футболчимиз ўзини янада бемалолроқ намоён этди. Табиийки, бундай кутилмаган ҳолат ўткир нигоҳли экспертлар эътиборидан четда қолмади. 

Яна бир гап: Агар Англия премьер-лигаси вакиллари саналмиш  “Ньюкасл” ва “Эвертон” ўзбек футболчисига энди қизиқа бошлаган бўлса, “Арсенал” январь ойининг ўзидаёқ  дастлабки таклифини юборишни режа қилгани таъкидланяпти.

Сўнгги маълумотларда эса “Ланс” мавсум ўртасида ўзининг етакчи ўйинчисини қўйиб юбормоқчи эмаслиги очиқ-ойдин айтилди. Футбол мутахассисларининг фикрича, бу трансфер кўп жиҳатдан “Ланс” чемпионатни нечанчи ўринда якунлаши, қайси Европа кубокларига йўлланма олиши, Кевин Дансонинг келажагига ойдинлик киритилиши каби бир қатор омилларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Нима бўлганда ҳам, мавсум охирида Абдуқодир Ҳусанов “Ланс”нинг энг қимматбаҳо “активи”га айланиши аниқ.

Transfermarkt портали экспертларининг маълум қилишича, айни пайтда Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери 5 миллион еврога баҳоланяпти. Бироқ мавсум бошланганидан кейин бу сумма камида икки бараварга ошган. Франциянинг нуфузли нашри – L'Équipe эса Ҳусановнинг ҳозирги баҳоси 10 миллион евродан ортиқ эканини ёзмоқда, allezlens.fr сайти эса агар Ҳусанов “Ланс” билан 2027 йилнинг ярмигача шу даражада ўйнаса, унинг трансфер баҳоси 50 миллион еврога кўтарилишини тахмин қилмоқда.

Ҳа, чиндан ҳам ниҳоятда қисқа вақт ичида ғирромлик қаттиқ қораланадиган, ҳалол меҳнат эса том маънода қадрланадиган кўҳна қитъадаги трансфер бозорида Абдуқодир Ҳусанов кўпчилик клублар нишонига айланиб қолди. Ҳатто миллий терма жамоамиз ўйинларидаги беқарорлик, бошқарувдаги депсиниш ва мутахассисларнинг маҳаллий футболимиз ҳақидаги юзаки хулосаларига қарамай, алоҳида ўйинчиларимиз халқаро экспертлару, таҳлилчилар эътиборини тортаётгани қувонарли ҳол, албатта. 

Ана шундай юлдузларимиздан бири шубҳасиз, Абдуқодир Ҳусановдир.

Абдуқодир ўзбек футболининг лотереясига чиққан ютуққа ҳам ўхшайди. 

Албатта, кўплаб Европа клубларининг орзусига айланган легионеримиз бугунги ютуқлари миллат учун чинакам фахр бўлса, ёшларимиз учун эса реал мотивацияга – рағбатга айланди.

Бугун вилоятлар, шаҳар ва чекка туманлардаги ёшлар билан гаплашсангиз, уларнинг кўпи айнан Абдуқодирга ўхшашни ният қилаётганига гувоҳ бўласиз. Элдор Шомуродов ва Отабек Шукуровдек самимий ҳамда меҳнаткаш, Абдуқодирдек кучли ва омадли бўлишга интилиш замонавий ёшларнинг табиий орзуси, албатта.

Тўғри, бу йўлни босиб ўтиш Абдуқодир учун осон кечмади. 

Бир сўз айтганда, халқаро яшил майдонда ўзбек Рамоси дея таърифланаётган Абдуқодир Ҳусанов ўз қатъияти, иродаси, истеъдоди, қатъий қарорлари ҳамда ҳужумкор ўйинлари билан ўзбек йигитлари ҳам ҳеч бир европалик футболчидан кам эмаслигини исботлаяпти.