8 нафар шахматчи “Tashkent оpen”да ғолибликка даъвогар

8 нафар шахматчи “Tashkent оpen”да ғолибликка даъвогар

Тошкентдаги Халқаро шахмат академиясида ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер Георгий Агзамов хотирасига бағишланган XVIII “Tashkent оpen” турнирининг ортда қолган 4-тур ўйинларидан сўнг ”А” гуруҳида 8 нафар иштирокчи 3,5 очко билан ғолибликка даъвогарлик қилмоқда.

Улар орасида мамлакатимиз терма жамоасининг 3 нафар аъзоси ҳам бор.



Шунингдек, 30 нафар иштирокчи 3,5, 22 нафари 2,5 очкога эга бўлган ҳолатда турнирнинг “А” гуруҳида сўнгги поғоналарда бораётган 7 нафар шахматчи 0,5 очкога эгалик қилиб турибди.

Мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг кеча ўтказилган 4-тур мусобақаларида маҳоратли шахматчиларимиздан Ҳумоюн Бекмуратов қора доналарда сербиялик Александр Инджис билан, Абдумалик Абдусаломов турнир пешқадами Санан Сюгиров билан дурангга эришиб, 3,5 очко билан етакчилар қаторидаги ўринларини сақлаб қолди.

Мазкур турда яна бир маҳоарли шахматчимиз Саидакбар Саидалиев оқ доналарда қозоғистонлик Имангали Ахилбайни мағлубиятга учратиб, 3.% очко билан кучлилар қаторига қўшилганлиги эътиборли бўлди.



Терма жамоамиз аъзоларидан Алмас Раҳматуллаев ҳамюртимиз Жавоҳир Бозоровдан енгилган бўлса, Муҳаммадзоҳид Суяров қора доналарда тожикистонлик Жалолиддин Илҳомийдан устун келди.

Иқтидорли шахматчиларимиз Муҳиддин Мадаминов ва Жўрабек Ибодуллаев қарама-қаршилигидаги баҳсда Жўрабек ўзидан тажрибалироқ рақибини доғда қолдирди. Ёш гроссмейстерларимиздан яна бири Ортиқ Ниғматов кутилмаганда тожикистонлик Муҳаммад Ҳусенхўжаевга имкониятни бой бериб қўйди.  

Бугун, 24 март куни халқаро турнирнинг 5-тур баҳсларида Абдумалик Абдусаломов оқ доналарда Леон Люк Мендонка билан, Саидакбар Саидалиев қўшимча кўрсаткичларга кўра, гуруҳда пешқадамлик қилаётган Санан Сюгиров билан, Ҳумоюн Бегмуратов оқ доналарда туркманистонлик Сапармурат Атабаев билан куч синашади.

10 та турдан иборат  XVIII “Tashkent оpen” турнирнинг “Б” гуруҳида дона сураётган 150 нафар иштирокчилар орасидан 5 нафари 4 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, уларнинг 4 нафари ўзбекистонлик иқтидор эгалари саналишади. Ҳамюртларимиз Бехрўз Азизов, Мухаммадсолих Рахматуллаев, Хадиятулло Мухамедов, Азизбек Кувватов ва қирғизистонлик Адилет Аттокуров “Б” гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

Баҳслар 30 мартга қадар давом этади.