Исм таваккалига танланмаслиги керак!

Исм таваккалига танланмаслиги керак!

Ёхуд исм қўйишнинг қонуний асосларини яратиш зарурлиги ҳақида

Бир синфдошимнинг исми Бешим (бешинчи фарзандим) эди. Болалар кун бермасди: шиминг қани, шим кий ва ҳоказо. У ҳар сафар жанжаллашар, аммо охири тақдирига тан бериб, эътибор қаратмай қўйганди. 

Талабалик давримда ҳам шундай ҳолатларга гувоҳ бўлганман. 

Рус тилининг мавқеи баланд даврлар. Дарсдан олдин йўқлама қилишаётганда Холтўрани «Халтура», Ғаффорни «Гаппар» тарзида талаффуз қилишарди. 

Афсуски, бугун ҳам миллий-тарихий анъаналардан оғиш ёки керагидан ортиқ берилиб кетиш оқибатида исм танлаш ёки уни ижод қилиш бобида шундай исмлар қўйиляптики, беихтиёр ёқангни ушлайсан.

Маълумки, замонавий жамиятда исм қўйиш ёки олишнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бу борада аксарият давлатлар қонунларида умумий тамойиллар кузатилиши баробарида ўзига хос ёндошувлар мавжудлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Яъни, исм танлаш эркинлиги, оилавий удумлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб исм қўйиш айрим масалаларда давлат томонидан ҳуқуқий тақиқлар қўйилишида умумийлик тамойиллари кузатилади. 

Мисол учун, АҚШнинг бир қанча штатларида айрим белгилар, бошқа штатларида рақам, график тасвир ва умумфойдаланишда бўлмаган лексикадан фойдаланиш ман этилади. Шундай тўсиқлар Россия қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Бу ерда исм қўйишда сўз туркумларидан бўлган «сонлар»  қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Испанияда эса инсоннинг қадр-қимматини тушириш мумкин бўлган ҳар қандай исм тақиқланган. Италияда қонунчиликка мувофиқ, болага, агар отаси ҳали тирик бўлса, ота исмини бериш, ака-укалар, опа-сингилларга бир хил исм бериш мумкин эмас, шунингдек,  ҳақоратомуз маъно келтириб чиқариши мумкин бўлган исмлар қўйишга ҳам рухсат этилмайди.

Германияда кулгига сабаб бўладиган ёки умумқабул қилинган ёвузлик, сотқинлик тушунчаларини ташийдиган (масалан, Иуда, Каин), омманинг диний туйғуларига таъсир этиб, дилини оғритадиган исмлар (масалан,  Христос) қўйилмайди. Бундан ташқари, болага географик жой, товар номлари ва унвонлар (шоҳзода, лорд) номларини ҳам қўйиш тақиқланади.

Ён қўшнимиз Тожикистонда болага тожик миллий маданиятига ёт бўлган, яъни, нарса, мол, ҳайвон ва қушлар номини, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, одамларни иккига бўладиган ёки табақага ажратадиган, ҳақоратомуз исм ва ибораларни танлаш тақиқланган. Шахс исмларига «мулло», «халифа», «тўра», «хўжа», «хожа», «шайх», «валий», «охун», «амир», «сўфи» ва шунга ўхшаш тахаллусларни қўшиш, одамларни ажратишга, табақалаштиришга ҳисса қўшадиган нарсаларга ҳам рухсат этилмайди.

Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда эса иккиланган исм бериш мумкинлиги белгиланган, баъзи ҳолларда ҳатто ўртага чизиқча (дефис) қўйишга рухсат этиладиган ҳолатлар ҳам учрайди. Лекин кўпчилик мамлакатларда ҳар қандай исмнинг иккита сўздан ошиб кетмаслиги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган. Эстонияда эса исмлар учта номдан ошмаслиги ёки иккита исм чизиқча билан боғланган бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Швеция, Дания, Исландия, Эстония, Финляндия ва бошқа Европа давлатларида исмлар билан боғлиқ «Исмлар тўғрисида»ги ёки «Тўғри исмлар тўғрисида» қонунлар мавжуд.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларидан Россия Федерацияси, Молдова, Туркманистон, Қирғиз Республикасида «Фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисида», Тожикистон Республикасида «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонунлар, Қозоғистонда «Никоҳ (эр-хотинлик) ва оила тўғрисида», Белорусда «Никоҳ ва оила тўғрисида» ги кодекслар қабул қилинган. Бир сўз билан айтганда, исм танлаш, кўплаб мамлакатларда қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган. 

Тўғри, бизда ҳам янги таҳрирдаги «Давлат тили ҳақида»ги қонунда республикамизда яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Мазкур норма ҳар кимга қайси миллат ёки дин вакили бўлса, ўша миллат ёки дин тартиб-тамойилларидан келиб чиқиб, исм қўйиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, ўз хоҳишига кўра иш тутиши, хоҳласа, миллий-тарихий анъаналарга амал қилиши ёки қилмаслиги мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, Фуқаролик ва Оила кодексларида фуқаронинг исми, фамилияси ва отасининг исми билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланган бўлиб, фуқаронинг ўз исмидан, фамилиясидан, отасининг исми билан боғлиқ ҳуқуқ ва бурчлари, тахаллусдан фойдаланиш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартиш масалалари тартибга солинган. Аммо лақаб масаласига тўхталиб ўтилмаган.

Бундан ташқари, биз русча кличка – ҳайвонларга қўйиладиган от масаласига ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Негаки, бошқа баъзи халқларда ҳайвонларга ҳам одамларнинг исмини бериш одати бор. Бизда эса йўқ, лекин ҳайвонларнинг оти одамларга қўйилади: Масалан, Арслон, Бобур, Қоплон каби исмлар қўйилади. Бу ҳолатни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш мақсадга мувофиқ.

Таъкидлаш жоизки, исм, фамилия ва отасининг исмини олиш билан алоқадор хориж ва миллий тажрибани ўрганиш бу борада олдимизда долзарб вазифалар турганлигини, яъни, исмлар ва улар билан боғлиқ фаолиятни тартибга солишга қаратилган алоҳида қонун қабул қилинишига зарурат борлигини кўрсатади.

Иккинчидан, қонунда фуқароларга ўз исмини, отасининг исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқини бериш билан бир қаторда мажбурий нормалар киритилиши мақсадга мувофиқ. 

Яқинда эшитиб қолдим: бир фуқаро ўз қизига «Янги Ўзбекистон»,  деб исм қўйибди. Бу ҳолат ҳам қонунларимизда муҳокама этилаётган фаолият етарлича тартибга солинмаганини англатади. 

Яна бир масала: айрим исм, ота исми ёки фамилияларга, айтайлик, «хон», «хўжа» каби сўзларни қўшиш орқали жамиятда бошқаларга нисбатан юқори мавқеига талабгорликни акс эттириши, бу эса ўз навбатида табақаланишга урғу бериши мумкин. Шу ўринда исмларни замонавийлаштириш – бу табиий жараён сифатида қабул қилиниши, шу билан бирга, мамлакатимизда яшовчи барча миллатларнинг ўз миллий-тарихий анъаналарга қатъий амал қилиш чораларини кўриш талаб этилишини ҳам таъкидлаш жоиз.

Дарвоқе, Пеле, Рональдо, Месси, Зидан, Мэлс, Октябр,  Маркс, Эльбрус, Казбек, Руслан, Жумонг, Ясмин (Жасмин), Клара, Майя, Луиза, Тельман, Ишани, Ранвир ва Ромео каби исмларни қўйиш яхши ниятлар билан боғлиқ, албатта. Лекин халқимизнинг миллий-тарихий анъаналарга мутлақо зид эканини ҳам тушунишимиз лозим. 

Шу ўринда ота исми қандай ёзилиши масаласига ҳам эътибор қаратиш муҳим деб ўйлаймиз. 

Юртимизда ота исмидан кейин «ўғли», «қизи» сўзларининг қўлланилиши XV асрдан бошланган, яъни бундай ёндашув ўша даврдан бошлаб барча тарихий ва бадиий асарлар, ҳужжат ва маълумотларда учрайди. XIX аср охири - XX аср бошларида эса ўзбекларнинг -зода, -ий (-вий) қўшимчалари ёрдамида ҳосил қилинган ота исмлари кўзга ташлана бошланди. Бу ҳолат асосан ўзбек зиёлилари ўртасида расм бўлган. Масалан, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий,  Абдулла Қодирий, Сўфизода,  Сотим Улуғзода ва бошқалар. 

Русча -ович, -ева, -овна, -евна қўшимчалари ёрдамида ҳосил қилинадиган ота исмига ўтиш эса Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тизимли ўзгаришлар билан боғлиқ.

Аммо тарихимизда ота исми ҳеч қандай қўшимчаларни қўшмасдан қўлланилган даврлар ҳам бўлганини унутмаслигимиз лозим (Муҳаммад Рахим, Муҳаммад Юсуф,  Тожиддин Ҳасанходжа ва бошқалар).  Ёки исмга шахс тааллуқли бўлган уруғ номини қўшиб айтиш ҳам одат бўлган. Масалан, Ислим барлос,  Дўстимбий қушчи, Қосим қавчин, Саййид Қосим эшикоға жалойир...  

Ўрганишлар бошқача кўринишдаги исм, ота исмини олиш ҳоллари учрашини ҳам тасдиқлайди. Шу боисдан, ота исмини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини тартибга солиш долзарб масала, деб ҳисоблаймиз. 

Бир сўз билан айтганда, исм, ота исми, фамилияни ўрганишга қаратилган илмий изланишлар олиб борилишини давлат томонидан янада қўллаб-қувватланиши масалалари ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратиш эса соҳага бўлган эътиборни янада кучайтириш баробарида халқимизнинг ўзига мос ва ўзига хос исмлар танлашига замин яратади.