Халқ уйи очиқ минбарга айланяпти

Халқ уйи очиқ минбарга айланяпти

 

Халқ уйи очиқ минбарга айланяпти

Кейинги пайтларда ҳудудлар манфаатини ҳимоя қилиши лозим бўлган Сенатнинг оддий одамлар муаммосига чуқурроқ ёндаша бошлагани  ёки фуқаролар орасида кўп гапирилса-да, аммо нуфузли минбарларда деярли тилга олинмайдиган муаммоларнинг Сенат аъзолари томонидан очиқ-ойдин  муҳокама қилинаётгани сабабли ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда Сенат фаолияти юзасидан кўплаб ижобий фикрлар билдирилмоқда.

Аслида эса Янги Ўзбекистон ислоҳотлари даврида сўз ва матбуот эркинлиги таъминлангани, парламентнинг ҳар иккала палатасида ҳам ижтимоий-иқтисодий муаммолар дадил кўтарилиб, улар ечими қонунларга боғланаётгани ана шундай хулосаларни келтириб чиқаряпти, десак тўғрироқ бўлади.

Нима бўлганда ҳам бугунга келиб, ҳатто ўзини сиёсатдан узоқ тутаётган фуқаролар ҳам парламент уйғоқлигини эътироф этмоқдалар.

Айниқса, Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Республика Бош прокурори ҳисоботида тилга олинган рақам ва кўрсаткичлар юқоридагидек хулосаларни янада оммалаштирди, дейиш мумкин!

Ҳисоботда қайд этилишича, 2024 йилда 489 нафар фуқарога 3,8 миллиард сўмлик кечиктирилган иш ҳақи ва бошқа тўловлар прокуратура органларининг аралашуви билан ундириб берилган. 11,2 миллиард сўмлик иш ҳақи ҳамда унга тенглаштирилган тўловларнинг эса  талон-торож қилингани аниқланиб, бу ҳолатга  қатъий чоралар кўрилган. Ҳисоботда шунингдек, иқтисодий соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш, айниқса, инвестиция дастурлари ижросини сўзсиз таъминлаш, энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш, “яширин” иқтисодиёт шаклланишининг турли усулларини аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилаётгани айтилди. 

Бош прокурорнинг фикрича, Ўзбекистонда тадбиркорликка жуда катта имтиёз ва имкониятлар берилаётганига қарамасдан ҳали ҳам соҳа коррупциядан ҳоли соҳага айлана олмабди. Акс ҳолда тадбиркорлар ва хорижий инвесторларнинг 29 минг 451 нафарига қонун устуворлиги, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалий ёрдам кўрсатилмаган бўларди. 

Хўш, қачон Сенаторлар ҳузурида мана шундай очиқ-ойдин фикрлар билдирилганди? Қачон бош прокурор коррупциянинг бу қадар  кенг кўламга чиққанини рақамлар билан таҳлил қилган эди?

Бу шубҳасиз, Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг  кутилган натижасидир.

Шунингдек, ҳисобот пайтида сенаторларнинг коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берилганда қандай чоралар кўрилмоқда, хабар берган шахслар ҳимояси қандай таъминланяпти, деган саволларига ҳам Бош прокурор очиқ-ойдин жавоб қайтарибди. Муҳими, бундай хабарларни прокуратура органларига юбориш учун ишонч телефонлари, коррупция ҳақида хабар беришга мўлжалланган ботлар ишлаб турибди. 

Бош прокурор шунингдек,  аҳоли соғлиғини сақлаш, репродуктив саломатлигини асраш, қолаверса, юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида ўтказилган назорат тадбирлари хусусида ҳам гапириб, булар  ҳисобот йилида етарли самара бермаганини, оналар ўлими сони Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларида ошганини танқид қилибди. 

Ҳа, чиндан ҳам парламент назорати институти бугун ўз кучини кўрсатмоқда. Сенатда ҳам, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам ушбу институт самарали фаолият олиб боряпти. Бу эса сайловчиларнинг парламентга бўлган ишончини оқлашга хизмат қилмоқда. Ушбу рақамларга эътибор қаратсак: жиноятчиликка қарши курашиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, тезкор-қидирув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятини юритишда ҳам камчиликлар мавжуд. Бош прокурорнинг фикрича, содир этилган 67 мингдан ортиқ жиноятнинг қарийб 62 фоизини олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил қилган.

Бундай жиноятларнинг умумий жиноятчилик кўрсаткичидаги улуши Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 65 фоизга, Наманганда эса қарийб 70 фоизга етган.

 Албатта, бундай рақам ва хулосалар бизни уйғоқликка ундаши керак. Назаримизда ушбу кўрсаткичлар Сенатда тез-тез муҳокама қилиниб, жамоатчиликка етказилиб турилса, юзлаб жиноятларнинг олди олинади, албатта.

Халқимизда ҳечдан кўра, кеч, деган мақол бор.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, миллий парламентимиз кундан-кунга халқ уйига айланиши сари дадил одимламоқда.