Таниш бегоналик: дежавью сирлари
Ҳаётда баъзан ҳозир гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисаларни қачонлардир кўргандек бўлаверасиз. Янги жой, янги юзлар, янги суҳбат – лекин ич-ичингизда аллақачон буларни бошдан кечиргандек ҳиссиёт пайдо бўлади. Фанда бу ҳолат «дежавью» деб аталар экан. Шундай ҳолат сизда ҳам юз берганми?
Дежавю асрлар давомида инсон онгининг энг қизиқарли жумбоқларидан бири бўлиб келган. Илмий изоҳлар эса турли даврларда турлича шаклланган. XIX аср охирларида бу ҳодиса оддийгина жисмоний ҳолат билан боғланган: яъни, 1878 йили немис тиббий нашрларидан бирида у чарчоқ ва толиқиш натижаси сифатида талқин қилинади. Соддароқ айтганда, организм ҳолдан тойган пайтда мия реал воқеликни қайта ишлашда хатога йўл қўяди.
Кейинчалик бу тушунтиришлар янада мураккаблашди. Психоанатом Уилям Бернхемнинг фикрича, узоқ вақт бир хил муҳитда бўлган мия янги шароитга тушганда ўзига хос «мослашув реакцияси»ни бошдан кечиради. Натижада янги манзара кутилмаган даражада таниш туюлади — гўё у аллақачон онгимизда мавжуддек.
1884 йилда илгари сурилган яна бир қизиқарли гипотеза эса инсон мияси тузилишига бориб тақалади. Маълумки, мия икки ярим шардан иборат. Шу назарияга кўра, ярим шарлардан бири ташқи ахборотни иккинчисидан бир неча миллисония олдин қабул қилади. Иккинчи ярим шар эса бу кечикишни «аввал кўрилган» сигнал сифатида талқин қилади. Натижада инсонда вақтнинг ўзига хос «такрорланиши» ҳисси пайдо бўлади.
XIX аср охирига келиб, бу ҳодисага психологик ёндашув ҳам пайдо бўлди. 1895 йилда Фредерик Маерс онгости фаолияти онгдан тезроқ ишлаган лаҳзаларда дежавю юзага чиқади, деган фикрни илгари суради. Бир йил ўтиб эса яна бир кенг тарқалган қараш пайдо бўлади: инсоннинг тушлари ва хаёллари йўқолмайди, балки онг остида сақланади. Ҳаётда шу тасвирларга ўхшаш вазият юзага келганда, мия уни «илгари бошдан кечирилган» деб қабул қилади.
Машҳур психиатр Карл Юнг эса бу масалага янада чуқурроқ –фалсафий ёндашади. Унинг назариясига кўра, дежавю – бу фақат индивидуал хотира эмас, балки жамоавий онг маҳсули. Яъни, аждодлар тажрибаси, уларнинг онгида сақланган тасаввурлар қандайдир шаклда кейинги авлодларга ўтиши мумкин. Шундай пайтда инсон ўзига бегона бўлган ҳолатни ҳам ички яқинлик билан қабул қилади.
Замонавий нейрофан эса ҳодисани анча содда, аммо, аниқроқ йўл билан тушунтиради. Инсон миясида хотирани сақлаш ва янги ахборотни қайта ишлаш учун масъул бўлган алоҳида ҳудудлар мавжуд. Баъзан ушбу ҳудудлар ўртасидаги мувофиқлик бузилади: янги келган ахборот хотира тизими томонидан «эски» сифатида нотўғри белгиланиши мумкин. Натижада инсон бир лаҳзага вақтни адаштиргандек бўлади.
Қизиқ томони шундаки, ер юзидаги одамларнинг қарийб 80 фоизи ўз ҳаёти давомида камида бир марта дежавю ҳолатини бошдан кечиради. Бу эса ҳодисанинг ноодатий бўлишига қарамай, у аслида кенг тарқалганлигини кўрсатади.
Дежавью – бу хотира хатосими, онг ости ўйиними ёки ҳали тўлиқ ўрганилмаган мия сирларидан бирими? Ҳозирча бу саволга тўғри жавоб йўқ. Аммо бир нарса равшан: бу ҳодиса яна бир бор инсон онгининг нақадар мураккаб ва чуқур эканини анлатади. Балки шу боис ҳам у бизни қўрқитмай, аксинча, ҳайратга солади.
Зарина Ахмедова,
ЎзДЖТУ талабаси





