Жиноятга етакланаётган болалар...

Жиноятга етакланаётган болалар...

Жиноятга етакланаётган болалар...
бу шунчаки хавфли кўрсаткичлар эмас, балки илдиз отиб бораётган хавфли тенденциядир!

 

Урушдан ҳам хавфли

Дунё таҳлилчилари, сайёрамиз аллақачон Учинчи жаҳон урушига кирганини таъкидлашяпти. Аммо, уруш, қуролли тўқнашувлар, ядровий таҳдиду, ахборот пропогандаларидан ташқари яна бир хавфли тенденция ҳам авж оляптики, оқибатда инсоният барча урушларнинг талафотидан ҳам кўпроқ зарар кўрмоқда.

Тўғри, урушнинг даҳшатли «овози» бор, у ҳақда гапиришнинг ўзи томирлардаги қонни музлатиб қўяди. Аммо зуммерлар ўртасида илдиз отаётган агрессивлик, қотиллик, қуролли босқинлар ва зўравонлик иллатлари дунёнинг ҳар бир бурчагида ижтимоий вирус каби ЖИМГИНА тарқаляпти. Агар бугун эътибор қаратилмаса, кун келиб унинг «қичқириғи» бутун бошли бир авлод маънавияти, маданияти ва ҳатто  ўзлигини йўқ қила бошлайди.

Шу ўринда айрим мисоллар келтирсак: ўтган йили Истанбулда 15 ёшли Маттиа Аҳмедни бозорда ҳеч бир сабабсиз пичоқлаб кетишди. У ўз оиласининг ягона фарзанди эди... Яқинда эса Атлас исмли 17 ёшли болани ҳам тортишув баҳонасида пичоқлашди. Аниқланишича, ҳар икки ҳолатда ҳам қотиллар 14–15 ёшли болалар экан. Аҳмеднинг қотилларига суд томонидан 24 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилди, бироқ қарордан марҳумнинг оиласи ҳам, жамоатчилик ҳам норози бўлди. Юқоридаги икки ҳолат гўё денгиздан томчидек, гап. Аслида бугун Туркияда болалар содир этаётган жиноятлар ҳақидаги рақамлар анчайин аянчли экан.

 «Anadolu» агентлиги хабарига кўра, охирги 10 йилда жиноятчи болалар сони 17,47 фоизга ортган ва ҳар йили ўртача 180 минг бола жиноятга қўл урмоқда. 2025 йили қайд этилган 1 764 та қотиллик ҳолатининг 266 тасида (тахминан 15 фоиз) болалар иштирок этган. 186 256 нафар боланинг жиноий терговга  тортилгани ҳам мазкур ҳолатнинг жилови қўлдан чиққанини кўрсатяпти.  Энг ёмони, ёш жиноятчиларнинг қарийб 20 фоизи қиз болалардир...

Минг афсуски, кейинги пайтларда ушбу иллат бошқа давлатларда ҳам яққол кўзга ташланяпти...  

Ёшларимиз туркларга андоза

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларни том маънода портлатаётган Music bolalar (Music Glier) гуруҳи бутун турк дунёси диққат марказида турибди. Улар ижросидаги мусиқалар ичида миллий мусиқаларимиздан тортиб турк, озарбайжон, қолаверса, бошқа хориж мусиқалари ҳам ўрин олган. Олқиш ва мулоҳаза билдираётганлар орасида «Поп шаҳзодаси» Tarkan каби юлдузлар, Toygar Işıklı каби машҳур бастакор ва мусиқа продюссерлари ҳам бор. Ўзбек қоракўзларининг қисқа вақт ичида бу қадар танилишларига, албатта, улардаги истеъдод, кўзларида порлаб турган ҳаёт нашъаси, инсонларга энергия сабаб бўлмоқда. Уларни олқишлаётганлар орасида эса психологлар ва жамият фаоллари ҳам анчагина экан.

Ёшларимизнинг, айниқса, Туркияда бунчалик «қўллов» олишларига асосий сабаб уларнинг турк мусиқаларини чалаётганигина эмас. Балки Туркияда сўнгги вақтларда авж олган ёшлар ва болалар ўртасидаги жиноий ҳолатлар кўпайганидир. Яъни, Туркияда болалар содир қилаётган ваҳший жиноятлар фонида турк жамияти учун ўзбек ёшлари намуна сифатида кўрилмоқда. Шу сабаб улар ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида ёшларимиз ижросидаги видеоларни «Санъатга йўналтирилган болалар» (Sanata sürüklenmiş çocuklar) рукни остида улашиб, фарзандлари ҳам уларга ўхшашини истаяётганини ёзиб қолдиришмоқда. Ёшларнинг ахлоқий мезонлар билан улғайишида эса санъатнинг ўрни юқори эканига алоҳида урғу беришмоқда. Соҳибқирон Темур бобомиз таъбири билан айтганда, биз туркнинг бош бўғинимиз, мос равишда бутун турк олами учун ўрнак бўлишимиз керак. Кичик укаларимизнинг ютуғини қайсидир маънода шундай талқин қилсак ҳам бўлади. Ахир уларга барча  қардошларимиз ҳавас билан қарашмоқда.

Ушбу мақола орқали биргина мухлислик ортида қанчалаб жамият муаммолари яширин бўлиши мумкинлигига эътибор қаратишга ҳаракат қилдик.
       Хулоса ўзингиздан...

Бир куни бир ота ўғлининг ёмон одатларидан ташвишланиб, уни донишманд ҳузурига олиб келибди ва ўғлини тўғри йўлга солишда ёрдам  сўрабди. Донишманд ортиқча сўзсиз ўрнидан туриб, болани яқин атрофдаги боғга бошлаб чиқибди. Боғнинг маълум қисмига боргач, болага вазифалар беришни бошлабди.

– Аввал яқинингдаги кичик майсани суғуриб кўр, – дебди у.

Бола майсани икки бармоғи билан тутиб, ҳеч қандай қийинчиликсиз юлиб олибди.

– Энди эса бироз каттароқ бўлган бутани суғур, – дебди донишманд.

Бола бироз куч сарфлабди, аммо бутани ҳам илдизи билан суғуриб ташлабди.

Шундан сўнг донишманд  болага бўйи билан тенглашиб қолган кўчатни кўрсатиб:

– Қани, буни ҳам юлиб кўр-чи!

Бола бор кучини ишга солибди. Зўриқиб, ҳансириб, аммо анчагина уринишдан кейингина кўчатни жойидан қўпориб олибди.

Охир-оқибат донишманд қад ростлаб турган улкан, қадимий чинорни кўрсатибди:

– Энди мана шу дарахтни юлиб ол.

Бола дарахтни қучоқлаб, бор кучи билан силтабди, тортибди, уринмаган жойи қолмабди. Аммо чинор жойидан ҳам жилмабди. Чарчаб, умидсиз оҳангда:

– Устоз, буни юлишнинг мутлақо иложи йўқ…

Шунда донишманд боланинг елкасига мулойимлик билан қўлини қўйиб:

– Болам, инсоннинг одатлари ҳам худди шу ўсимликлар кабидир. Ёмон хулқ эндигина куртак ёзган пайтда унга қарши курашсанг, майсани суғургандек осон қутуласан. Аммо бепарво бўлиб, унинг илдиз отишига йўл қўйсанг, уни суғуриб ташлашга нафақат сенинг, балки атрофдагиларнинг ҳам кучи етмай қолади…

Адҳам ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.