Жамият саломатлиги – ҳар бир инсон тақдирида мужассам
Халқимизда «Бир бола йўлдан чиқса, жамият издан чиқади» деган гап бор. Ушбу ибора нафақат оилавий тарбия, аҳамиятини, балки жамият барқарорлигининг энг нозик нуқтаси инсон омили эканини ҳам англатади. Бир инсон тақдири – бу кичик бир олам. Аммо у дарс кетса, унинг таъсири занжир реакциясидек бутун жамиятга салбий таъсир кўрсата бошлайди.
Гиёҳвандлик каби иллатлар бугун шу маънода нафақат алоҳида шахс, балки миллат хавфсизлигига ҳам таҳдид солмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш» мавзусидаги халқаро форум иштирокчиларига йўлланган табригида билдирилган фикрлар том маънода жамиятни уйғотишга, мавжуд муаммони ҳал этиш йўлида бирлашишга чақириқдек янгради.
Табрикда таъкидлаганидек, гиёҳвандлик – бу фақат шахсий муаммо эмас. У ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий оқибатларга эга бўлган мураккаб жараёндир. Бугун дунё бўйича наркотик моддалардан фойдаланувчилар сони 300 миллиондан ортиқ экани ҳар 20 нафар катта ёшли инсондан бири ушбу хавфли иллат билан юзма-юз келаётганини англатади.
Марказий Осиё эса географик жойлашуви сабабли наркотик моддалар транзитида муҳим ҳудудлардан бири ҳисобланади. Айниқса, Афғонистонда етиштириладиган опиатларнинг (Опиатлар – бу кўкнори ўсимлигининг таркибидаги сутсимон ширадан (опиумдан) олинадиган табиий наркотик алкалоидлардир. Улар инсон марказий нерв тизимига кучли таъсир кўрсатувчи моддалар ҳисобланади) катта қисми айнан бизнинг ҳудудимиз орқали ўтади. Бу ҳолат нафақат хавфсизлик, балки ёшлар тарбияси, жамият маънавияти ва келажак авлод тақдирига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.
Аччиқ ҳақиқат шундаки, гиёҳвандлик – бу инсоннинг маънавий бўшлиғи, ички инқирози ва ҳаётий мақсадларининг йўқолиши натижасидир. Инсон ўз «мен»ини йўқотганида, у турли иллатларга мойил бўлади. Шу боис, бу муаммони фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар орқали эмас, балки таълим, маданият ва маънавият орқали ҳал этиш лозим.
Сиёсий жиҳатдан эса, наркотрафикка қарши курашиш давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни талаб этади. Чунки ушбу трансмиллий таҳдид илдизлари бир мамлакат билан чекланмайди. Самарқанд форуми айнан шу жиҳатдан муҳим стратегик платформага айланди. Анжуман доирасида халқаро ташкилотлар, минтақавий тузилмалар ва экспертлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва қўшма дастурларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар ҳам белгилаб олинди.
Мазкур форум рамзий эмас, балки амалий натижаларга йўналтирилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки бу ерда наркотрафикка қарши курашишнинг янги механизмлари, замонавий ёндашувлари ва профилактика чоралари муҳокама қилинди. Бу эса нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда ҳам самарали натижалар бериши мумкин
Давлатимиз раҳбарининг гиёҳвандликка қарши курашишни фақат жазо чоралари билан чеклаб бўлмаслигини, балки унинг олдини олиш, ёшларни маънан ва жисмонан соғлом тарбиялаш, бандликни таъминлаш ва таълим сифатини ошириш орқали илдизидан бартараф этиш лозимлигини қайта-қайта таъкидлаб келаётгани бежиз эмас.
Бу давлат сиёсатининг инсон манфаатлари, айниқса ёшлар келажагини ҳимоя қилишга қаратилганини кўрсатади. Яъни, бу борадаги сиёсат жазолаш эмас, балки ҳимоя қилиш, йўлдан адашганларни жамиятга қайта интеграция қилиш ва соғлом муҳит яратишга асосланган.
Хулоса қилиб айтганда, бир фарзанд тақдирига бефарқлик – бу жамият келажагига бефарқликдир. Самарқандда ўтган халқаро форум бу муаммога глобал ёндашув, сиёсий ирода ва амалий ечимлар борлигини намоён этди. Гиёҳвандликка қарши курашиш эса фақат давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Зеро, соғлом жамият – бу соғлом фикр, соғлом тарбия ва соғлом авлод деганидир.
Тўрабек Тўраев,
Солиқ қўмитаси Инсон ресурсларини
ривожлантириш ва бошқариш
бошқармаси бошлиғи





