Қаҳратонда қолган ўттиз бешинчи баҳор...

Қаҳратонда қолган ўттиз бешинчи баҳор...

Қаҳратонда қолган ўттиз бешинчи баҳор...

 

Эрта отасиз қолиб, рўзғорнинг оғир юки гарданига тушган Аъзам Аюб ўсмирлигиданоқ ҳаёт синовларида тобланди. Қора қозонни қайнатиш, онаси, жигарларининг қорнини тўқлаш уни оғир юмушларни бажаришга мажбур қилган бўлса-да, илм олишга иштиёқини йўқотмади. Ижодни севди, адолатни ёзишни, ҳақ гапни гапиришни танлади. Қалами унинг ягона қуроли, сўзи эса ягона тасаллиси эди. Аммо, афсуски...

 

 Ўтган асрнинг 20–30-йиллари ўзбек матбуотида рўй берган воқеликларни ўрганар эканмиз, ўша даврдаги газета ва журналлар билан- бирга ўзбек маърифатчилиги ва журналистикаси тараққиёти йўлида жонини фидо қилган Чўлпон, Ғози Юнус, Мирмуҳсин Шермуҳаммедов, Санжар Сиддиқ, Абдулла Қамчинбек, Муҳаммад Ҳасан каби бир қатор таниқли арбоблар номлари тилга олинади.

Ушбу ёзувчи ва журналистлар қаторида ўзбек матбуотига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган Аъзам Аюб 1904 йилнинг 21 августида Тошкентнинг Раис кўча маҳалласида хизматчи оиласида дунёга келган. У отасининг вафоти сабаб 13 ёшида мактабни ташлашга мажбур бўлади. Ёш Аъзам оилани боқиш билан бирга 1918 йилдан Мунавварқори Абдурашидхоновнинг Хадрадаги етти йиллик «Намуна» мактабида ўқишини давом эттиради ва у ерда Фитрат ҳамда Қаюм Рамазонлардан сабоқ олади.

1919 йилда устозлари тавсияси билан «Турон» кутубхонасига китоб ташувчи бўлиб ишга жойлашади. Иш жараёнидаги бўш вақтида ўзбек, рус, турк тилларидаги китобларни мутолаа қиларди. Дастлаб «Иштирокиюн» ва «РосТА» деворий газеталари таҳририятига бориб, Мирмулла Шермуҳаммад, Чўлпон, Ғози Юнус каби муҳаррирлар билан танишади. Тез орада «Иштирокиюн» газетасига мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишга жойлашади. Шу билан бирга 1920 йил ўрталарига келиб, «Ёш бухороликлар»нинг «Тонг» журналига мақолаларни оққа кўчирувчи котиб-мирза сифатида ишга қабул қилинади. Икки нашрдаги фаолияти жараёнида Вали Алломов, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Фитрат каби маърифатпарвар зиёлилардан адабиёт, санъат, бадиий ижод сирларини ўрганади.

Архив ҳужжатларида қайд этилишича, 1922 йилнинг сентябридан «Қизил байроқ» газетаси «Туркистон», 1925 йилдан эса «Қизил Ўзбекистон» номи билан чиқа бошлайди. Журналистика борасидаги тажрибаси ва жўшқин меҳнат фаолияти инобатга олиниб, Аъзам Аюб 1937 йилга қадар таҳририятда дастлаб бўлим мудири, кейин эса масъул котиб ўринбосари лавозимларида ишлайди. Ушбу газета таҳририяти таниқли адиблар – Абдулла Қодирий, Элбек, Ойбек, Боту ва бошқалар келиб турадиган, ўзаро фикр алмашадиган манзил эди. Газетада қаламкаш сифатида танила бошлаган Аъзам Аюб бу адиблар билан тез-тез мулоқотда бўларди. Натижада у матбуотда ишлаш учун фақат амалий тажриба етарли бўлмаслигини англайди. Шу боис аввал ўрта мактабни тугатади, сўнг САГУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг ижтимоий фанлар факультетида ўқийди.

Аъзам Аюб 1925 йилда «Камбағал деҳқон» газетасининг шаклланишида фаол иштирок этиб, 1925 йил июлдан 1926 йил июлигача шу газетада масъул котиб лавозимида ҳам иш юритади. Фаолияти давомида «Қизил Ўзбекистон» газетасининг иловаси бўлган «Ер юзи» номли суратли журналга (1926–1928) масъул котиблик қилади. Дунё маданияти, ижтимоий ҳаёти, жаҳон адиблари фаолияти ва асарлари билан ўзбек ўқувчиларини илк бор таништирган бу журналнинг сермазмун чиқишида Аъзам Аюбнинг хизмати катта бўлган. Кейинчалик бу журнал «Машъала», «Гулис-тон» номи билан чиқа бошлаганда ҳам, у муҳаррир ўринбосари лавозимида ишлаган (1931–1937). 

У фақатгина матбуот билан кифояланмай, ўша давр адабий ҳаракатига фаол аралашишга интилган. Аъзам Аюб даврий нашрларда санъат ва адабий ҳаётга доир қатор тақризлар эълон қилган. У ўз мақолаларига «Аъзам Аюб», «Чиғатой», «Аъзам», «Аюб», «Жимит», «Газетчи» «Томошачи», «Тошкентли», «А.А.» тахаллуслари билан имзо чеккан.

Аъзам Аюб ўз ижодий фаолияти давомида миллат, халқ манфаатини ҳимоя қилган кўплаб мақолалар, ҳикоялар ёзган. Шунингдек, қаламга олган мавзулар жамият ҳаётидаги энг долзарб муаммоларга бағишлангани, инсонлардаги ёмон иллатларни бартараф этишга қаратилгани билан ажралиб туради. Унинг яратган барча асарлари, таржима ва мақолалари ўз даврида ўқувчилар томонидан қизғин кутиб олинган.

У таржима соҳасида ҳам ўзига хос из қолдирган. Чунончи, Гольдонининг «Меҳмонхона бекаси», Шиллернинг «Макр ва муҳаббат» каби қатор саҳна асарларини русчадан ўзбек тилига таржима қилган. У вақтли матбуот саҳифаларида ҳам эълон қилинган кўплаб кичик ҳикояларни таржима қилган. Жумладан, П.Сумботтининг «Адабсиз занжи», Борис Пилнякнинг «Султоннинг қаҳваси», Блоску Ибониюснинг «Йўловчи» Анри Барбюснинг «Шаҳзода Фердинанд» каби асарлари фикримиз далилидир.

Албатта, биз келтирган мисоллар Аъзам Аюбнинг улкан ижодий меросидан бир қатра, холос. А.Аюб таржима учун танлаган ҳикояларида воқеалар қаерда бўлаётгани, ким томонидан ҳикоя этилаётганлигидан қатъи назар ўқувчининг кўз олдида кечаётган жараёнларга ҳамоҳанг боради. У бутун воқеликни ўқувчининг савияси, дунёқарашига мослаб, маҳорат билан ҳикоя қилади.

Афсуски, мустамлакачи тузум матбуотчи сифатида эндигина элга танилган ҳамда таржима соҳасида изчил фаолият бошлаган Аъзам Аюбнинг ҳаёт ва ижод йўлига нуқта қўйди. У 1937 йил 15 октябрь куни НКВД ходимлари томонидан туҳмат билан қамоққа олинди. 1938 йил 5 октябрь куни НКВД «учлиги»нинг ёпиқ суди уни сохта айбловлар асосида олий жазога ҳукм қилди. Ҳукм 1938 йил 4 октябрда НКВД Ҳарбий коллегиясининг шу ҳақидаги қарори чиқмасдан олдин ижро этилган эди. Шу тариқа юртнинг асл фарзандларидан бирининг тақдирига НКВД Ҳарбий коллегияси томонидан хулоса ясалган эди. Аъзам Аюбов ўлимидан салкам 20 йил ўтиб, унинг иши қайта кўриб чиқилади ва 1957 йил 1 августда синглиси Муборак Аюбовага журналист Аъзам Аюбовнинг оқлангани маълум қилинади.

 

Баҳром Ирзаев,

«Қатағон қурбонлари хотираси»

 давлат музейи катта илмий ходими,

тарихчи олим