Педофилия: муросасозлик ҳам жиноят

Педофилия: муросасозлик ҳам жиноят

Педофилия:  муросасозлик ҳам жиноят

Шундай муаммоли мавзулар борки, имкон қадар улар ҳақида кўпроқ гапириш керак. Аксинча,  сукут сақласак, жамиятга етказилаётган зарари баттар ортади... Педофилия айнан ана шундай оғриқли, лекин очиқ муҳокама қилиниши шарт бўлган мавзулардан.

Бола – ишонч  рамзи.

У катталарни ҳимоячи, меҳрибон ва адолатли, деб билади. Афсуски, айнан шу туйғу баъзан руҳиятида нуқсони бор (жиноятчи)лар учун қуролга айланади. Гарчи, бола қалбига етказилган жароҳат кўзга кўринмаса-да, аммо унинг кир изи йиллар давомида кетмайди. Шу ўринда бир муҳим савол: хўш, педофилия  –  касалликми ёки жиноят? Бу узоқ давом этган баҳсли жараёнда фан ҳам, қонун ҳам ўз тилида жавоб беради.

Психиатрияда педофилия муайян психик бузилиш сифатида таърифланса, қонун болага нисбатан ҳар қандай жинсий ҳаракатни жиноят деб баҳолайди. Жамиятнинг хулосаси эса битта: «Бу ерда баҳс йўқ, педофил албатта жазо олиши керак!”

Президентимиз томонидан тасдиқланган «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастурида аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кескин кучайтириш, хусусан, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш масаласининг илгари сурилиши  –  бу шунчаки ҳуқуқий ташаббус эмас, балки миллий тараққиёт стратегиясининг мантиқий давоми ҳисобланади. Зеро, миллий қадриятларни асраш, оилани мустаҳкамлаш ва соғлом авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишидир. Жамиятнинг маънавий пойдевори айнан оила ва болаликдан бошланишини инобатга олсак, болаларга қарши содир этилаётган ҳар қандай жиноятга муросасиз муносабат  –  замон талаби, миллий манфаат ва келажак олдидаги масъулият ифодасидир.

Тан олайлик: бугунга келиб, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик нафақат миллий, балки глобал миқёсдаги таҳдидга айланди. Қонунчилигимизда вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, афсуски, ушбу жиноят ҳануз Сизу бизни хушёр бўлишимизни тақозо этяпти. Бу эса мавжуд чоралар етарли эмаслигини, жиноятнинг олдини олиш механизмларини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатяпти. Айниқса, педофилия каби ижтимоий хавфи ўта юқори бўлган жиноятларга нисбатан муросасизлик  –  давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиши шарт.

«Миллий тикланиш” демократик партияси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳалари муҳокамасига айнан ана шу нуқтаи-назардан ёндашмоқда: болага нисбатан жиноят содир этган шахс жамиятдан бутунлай ажратилиши керак. Бунда масала фақат жиноятчининг жазоси ҳақида эмас  –  бу жамиятнинг маънавий хавфсизлиги, таъбир жоиз бўлса, келажак авлоднинг руҳий саломатлиги ҳақидадир. Дарвоқе, педофилияга нисбатан сукут сақлаш ҳам жиноят сифатида баҳоланиши керак.

Зеро, кейинги йилларда болаларга нисбатан юз берган жинсий зўравонликлар жамиятда кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда. Бироқ, ушбу масала муҳокамаларида кўплаб чалкаш тушунчалар, ҳиссиётга берилган хулосалар ҳам кузатилаётганини таъкидлаш жоиз. Педофилия нима, жинсий зўравонлик нима, уларнинг ҳуқуқий ва психиатрик фарқлари қандай? Гап шу ҳақда кетганида  ҳали жамиятда оммавий саводхонлик етарли эмаслиги аён бўлди. Зеро, муаммони чуқур англамасдан туриб, унга қарши самарали курашиб бўлмайди.

Педофилия жаҳон психиатриясида руҳий бузилиш сифатида таснифланади. Бироқ бу унинг ижтимоий хавфини камайтирмайди. Аксинча, муаммонинг мураккаблигини кўрсатади. Кўплаб тадқиқотлар, жумладан, ЮНИCЕФ маълумотлари болаларга нисбатан зўравонликнинг даҳшатли кўламини кўрсатади: дунёда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар 10 боладан олтитаси мунтазам жисмоний зўравонликка учрайди, ҳар 5 дақиқада бир бола зўравонлик оқибатида ҳалок бўлади. Бундай рақамлар ортида эса қора чизиқ тортилган тақдирлар ва руҳий жароҳатлар мавжуд.

Энг оғриқлиси шундаки, жинсий зўравонлик аксарият ҳолларда бегона эмас, балки бола ишонадиган, унга яқин бўлган шахслар томонидан содир этилади. Қариндошлар, танишлар, қўшнилар, ҳатто обрўли кўринган инсонлар орасида ҳам бундай жиноятчилар бўлиши мумкин. Демак, муаммо фақат «кўча хавфи” билан чекланмайди, у маълум бир давр оралиғида оилавий ва ижтимоий муҳитга сингиб келган.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, болаларга нисбатан жинсий жиноятларга қарши курашда энг самарали йўл бу – қатъий  жазо, доимий назорат ва кучли профилактика чораларини  қўллашдир. Масалан, АҚШнинг бир қатор штатларида «Jessica’s Law” талаблари асосида 12 ёшгача бўлган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Шунингдек, «Megan’s Law” нормалари асосида жинсий жиноятчилар реестри юритилиб, уларнинг яшаш манзили ва шахси ҳақида жамоатчилик хабардор қилинади. Бу тизим жиноятчини панада қолиш имконидан маҳрум этиш ва жамиятни огоҳлантиришга қаратилган.

Жанубий Кореяда ҳам вояга етмаганларга нисбатан  жинсий жиноятлар учун узоқ муддатли қамоқ жазоси ва кимёвий кастрация амалиёти қўлланилади. Польшада эса айрим тоифадаги жиноятчилар  мажбурий кимёвий кастрация қилинади. Буюк Британияда ҳам бундай кимсалар устидан доимий полиция назорати ўрнатилиб, уларнинг болалар билан ишлаш соҳасида фаолият юритиши қатъиян тақиқланган.

Бу шуни англатадики, ривожланган давлатлар болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласида муросасиз сиёсат юритмоқда. Жазони оғирлаштириш билан бирга, улар профилактика, реестр юритиш, мажбурий психологик кузатув ва жамоатчилик назоратини ҳам йўлга қўйган. Демак, жаҳон тажрибаси болалар дахлсизлигини таъминлашда қатъий ҳуқуқий механизмлар ва тизимли ёндашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди.

Шу нуқтаи назардан, жазони кучайтириш масаласи популистик чорага эмас,  профилактик ва огоҳлантирувчи механизмга айланиши керак. Умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосининг жорий этилиши, бир томондан, жиноятчини жамиятдан бутунлай изоляция қилиш орқали хавфни камайтирса, иккинчи томондан, бошқаларга қатъий «сигнал” беради: бола дахлсиздир, унга тажовуз қилган шахс учун эса жазо муқаррар!

Тўғри, муаммо фақат жазо билан ҳал бўлмайди. Оиладаги зўравонлик, гиёҳвандлик, алкоголизм, ижтимоий беқарорлик, маънавий таназзул каби омиллар ҳам болаларга нисбатан зўравонлик хавфини оширади. Болалигида зўравонликка учраган шахснинг кейинчалик ўзи ҳам зўравонга айланиш эҳтимоли юқори. Демак, давлат сиёсати жазони кучайтириш билан бирга, профилактика, психологик хизматларни ҳам ривожлантириши, оилаларни қўллаб-қувватлаш, болаларни ҳуқуқий ва шахсий хавфсизлик кўникмаларига ўргатишни ҳам қамраб олиши керак.

Бошқача айтганда, болани ҳимоя қилиш  бу шунчаки бир ижтимоий вазифа эмас, бу стратегик масаладир. Чунки болаликда олинган руҳий зарба жамиятга йиллар ўтиб жиноят, агрессия, ижтимоий беқарорлик кўринишида қайтиши мумкин. Демак, бугун кўрилган қатъий чоралар эртанги тинчлик ва барқарорликнинг кафолатидир.

Шу маънода ҳам педофилия билан кураш ҳиссиётлар билан эмас, тизимли, илмий ва қатъий сиёсат асосида олиб борилиши лозим. Жамиятнинг диққат-эътибори фожеали ҳодисалар юз берганидан кейин эмас, доимий равишда юқори бўлиши, айниқса, бу ҳолатда ҳар бир ота-она, ҳар бир педагог, ҳар бир маҳалла фаоли ҳушёр бўлиши шарт. Зўравонликка бефарқлик ҳам зўравонликнинг бир кўриниши эканини унутмаслигимиз зарур.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, болани ҳимоя қилиш  –  бу келажакни ҳимоя қилишдир. Партиямизнинг дастурий мақсадларида белгиланганидек, миллий қадриятларни асраш ва соғлом авлодни тарбиялаш жамият тараққиётининг бош омилидир. Баски, биз кучли, маънавий баркамол ва барқарор давлат қураётган эканмиз, энг аввало болалик оламини дахлсиз ҳудудга айлантиришимиз шарт. Болага қўл кўтарган ёки унинг шаънига тажовуз қилган шахс нафақат қонунни, балки миллат келажагини ҳам оёқ ости қилган бўлади. Шундай экан, бу борадаги қатъий сиёсат  –  сиёсий шиор эмас, балки миллий тикланишнинг қатъий  талаби ҳисобланади.

Наргис Ҳамидова,

Илмий, ўқув-тадқиқот маркази раҳбари