Исроф — бараканинг душмани
Қизиқ, бор-будини тўй қилишга сарфлаб, яна етмаганига йиллаб қарз ёки кредит узишга мажбур бўлаётганларнинг тўйдан кейинги хулосалари қандай бўларкин?
Пушаймонликми, ҳасратми ёки дард? Балки кейинги тўйини албатта, камхарж қилишга аҳд қилишар.
Нима бўлганда ҳам тўй — инсон ҳаётидаги энг унутилмас, кунлардан бири. Уни катта ҳашаматга буркаб, кўз-кўз қилиш шарт эмаслигини тушунмагунимизча бу борадаги ҳасратимиз ҳам, муаммоларимиз ҳам тугамайди. Тўйларимиз ўзининг асл маъносидан узоқлашиб, қувончдан кўра ташвиш, баракадан кўра қарз билан боғлиқ тушунчага айланиб бораверади...
Афсуски, бугун худдики, ҳашаматли тўй қилиш масаласида пойга ўйнаётгандекмиз. Кимнинг тўйи дабдабали ўтди, кимнинг дастурхони тўкинроқ бўлди, ким қанча хонандани чақирди...
Гўёки, бахт шу билан ўлчанаётгандек. Натижада, кўплаб ота-оналар имкониятидан ортиқ харажат қилишга, қарз олишга, ҳатто йиллаб тўланадиган кредитларга кириб кетишга мажбур бўлмоқда.
Ачинарлиси, бу қарзларнинг оғир юки кўпинча ёшлар зиммасига тушаяпти. Улар ҳали мустақил ҳаётга қадам қўймасдан туриб, иқтисодий босим остида қолишади. Қарз билан бошланган оилада эса хотиржамлик, ўзаро тушуниш ва маънавий барқарорликка путур етиши ҳеч гап эмас.
Тўйлардаги ортиқча дабдаба нафақат иқтисодий, балки маънавий жиҳатдан ҳам жамиятга салбий таъсир кўрсатмоқда. Соддалик, камтарлик, шукроналик каби қадриятлар секин-аста иккинчи ўринга сурилиб, намойишкорлик ва исроф устунлик қиляпти. Ҳолбуки, халқимизда “Исроф — бараканинг душмани” - деган нақл бекорга айтилмаган.
Аслида эса, тўйнинг чиройи унинг дабдабасида эмас, самимиятида, дуо ва эзгу ниятларда эмасми?
Албатта, тўй маросимларини тартибга солиш бўйича турли қонун ва меъёрлар мавжуд. Аммо муаммони фақат қонун билан ҳал этиб бўлмайди. Бу, аввало, онг ва тафаккур масаласи. Агар ҳар биримиз тўйни “борини сочиб, йўғини йўндириш” эмас, маънавий маросим сифатида қабул қилса, ортиқча исрофнинг олди олинган бўлармиди.
Ҳа, яна бир гап. Бу жараёнда ОАВлари, зиёлилар, санъаткорлар ва жамоатчилик фикри жуда муҳим. Содда, ибратли тўйларни кўпроқ ёритиш, дабдабани эмас, мазмунни тарғиб қилиш — бугунги кун талаби.
Хулоса қилиб айтганда, тўй — қувончли кунлардан бири.У ким ўзар майдони эмас. Чинакам бахт қиммат дастурхонда эмас, балки хотиржамлик ва ўзаро меҳрда эканини унутмайлик!
Нодира Жўраева,
“Миллий тикланиш”
Демократик партияси фаоли





