Устунларни ким заифлаштиряпти?
2023 йилги статистика психофаол моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилганларнинг 74 фоизини 14-30 ёшдагиларни ташкил этганини кўрсатяпти. Бунда талабалар улушининг 21 фоизга етгани эса ушбу муаммонинг ёшлар орасида қай даражада хавфли тус олаётганини кўрсатиши мумкин.
Психотроп моддалар онгга, ҳиссиётлар ва руҳий ҳолатга кучли таъсир кўрсатадиган кимёвий моддалар бўлиб, улар кўпинча дори сифатида фойдаланилса-да, нотўғри ёки ноқонуний ишлатилганда жиддий муаммоларга сабаб бўлмоқда.
Таҳлиллар мамлакатимизда ҳам психотроп моддалар билан боғлиқ ҳолатлар, айниқса, ёшлар орасида, сезиларли даражада ортаётганини кўрсатмоқда. Истеъмолчилар орасида ўрта мактаб ўқувчилари, коллеж ва техникум талабалари, ҳатто олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар ҳам борлиги ташвишланарли ҳолат, албатта. Хусусан, Тошкент шаҳрида қайд этилган аксарият жиноятчилар ҳам ёшлар бўлиб, 2024 йилнинг ўзида 97 нафар 30 ёшдан кичик шахс ушбу турдаги жиноятга қўлга урган. Энг ёмони, уларнинг асосий қисми олий таълим муассасалари талабаларидир. Шу ўринда ушбу маълумотга эътибор қаратсангиз: 2022 йили аниқланган дори воситалари сони 313 минг донадан 663 минг донагача кўпайган. 2024 йилнинг биринчи ярмига келиб эса Тошкент шаҳрида 238 килограммдан ортиқ психотроп ва гиёҳванд моддалар мусодара қилинган. Ушбу моддаларнинг интернет орқали сотилаётгани эса уларни аниқлаш имконини пасайтиряпти. Зотан, бугун ушбу жиноятларнинг 70 фоиздан ортиғи онлайн тарзда амалга оширилмоқда.
Шу ўринда бир ҳақли бир савол туғилади: нега ёшлар психотроп моддаларга тез ўрганяпти?
Тадқиқотларда қайд этилишича, ёшлар орасида руҳий босим ва стресс кўпайиб боряпти. Оилавий муаммолар ёки иш топишдаги қийинчиликлар туфайли кўпгина ёшлар психотроп моддаларни вақтинчалик “ечим” сифатида кўрмоқдалар. Психатроп моддаларнинг зарари ҳақидаги маълумотларнинг етарли эмаслиги ҳам муаммолардан бири. Кўп ҳолларда ёшлар ушбу моддаларнинг асл моҳиятини билмайди ва бу дориларни зарарли эмас деб ўйлаб, “кайф учун” ёки дўстларининг таъсирида истеъмол қилади.
Энг ёмони, алдов ва фирибгарлик йўли билан интернет орқали “енгил даромад” топиш ниятида бўлган ёшлар ноқонуний дори савдоси билан шуғулланадиган гуруҳларга жалб этилмоқда.
Текширувлар давомида психотроп моддалар марказий асаб тизимини ишдан чиқариши, хотира, ақлий фаолият, психик ҳолат ва жисмоний саломатликка салбий таъсир кўрсатиши аниқланган. Моддаларни узоқ муддат истеъмол қилиш оқибатида эса тез-тез чарчаш, уйқусизлик ёки ортиқча уйқу, руҳий тушкунлик, суисидга мойиллик, жисмоний фаолликнинг пасайиши, оғриқлар, ақлий заифлик, тажовузкорлик ва бефарқлик ҳолатлари кучаяр экан.
Оқибатда ўзига ва атрофидагиларга хавф туғдирувчи ҳолатлар юзага келади.
Якунда шуни айтиш жоизки, ёш авлоднинг соғлом ва фаровон яшаши – ҳар қандай жамиятнинг эзгу ниятидир. Психотроп моддалар хавфи эса бу устунни заифлаштиради.
Мунисахон Арабхонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси