Янги давр: мавсумий масъулият кечирилмайди

Янги давр: мавсумий масъулият кечирилмайди

Янги Ўзбекистон ислоҳотлари самарасини ўзида акс эттирган ва демократик тараққиётимизнинг ёрқин ифодаси сифатида ўтган сайловлар якунланганига ҳам ўн етти кун бўлди. 

Таъкидлаш лозим, кейинги йилларда парламент ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятидаги ўзгаришлар, хусусан, давлат бошқарувида сиёсий партиялар ролини кучайтириш, вакиллик органларига сайланган депутат ва сенаторларнинг масъулиятини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотларюртдошларимизнинг ана шу институтларга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, янги таҳрирдаги Конституциямиз асосида қонунчиликка айнан парламент фаолияти билан боғлиқ бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, депутатлик мақоми янги ваколат ва ҳуқуқлар билан янада кенгайиши баробарида сиёсий партияларнинг ҳам “қўли узайтирилди”. 

Яна бир муҳим ўзгариш: халқимиз хоҳиш-иродаси асосида қабул қилинган Бош Қомусимизга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови бу гал аралаш сайлов тизими асосида ўтди. Қуйи палата депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари одатдагидек можаритар сайлов тизимига мувофиқ бир мандатли сайлов округларидан, қолган 50 фоизи эса пропорционал сайлов тизими асосида ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати (партия рўйхати) асосида сайланди. 

Қайд этиш жоизки, бундай ўзгаришлар энг аввало, партиялар ваколатини янада кенгайтиришга хизмат қилди. Энди партиялар сайловчилар талабига жавоб бермаган, партия ғояларидан узоқлашиб, алоқаларни узган  депутатларни чақириб олиб, янги номзодларни илгари суриш ҳуқуқига эга бўлди. 

Шунингдек, бундай  ўзгаришлар сайлов жараёнининг халқаро сайлов мезони ва стандартларига мувофиқ, очиқлик, ошкоралик, эркин ва адолат принципларига мос равишда ўтказилишини ҳам таъминлаб берди.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин сиёсий партиялар ўз фракцияларини шакллантириш, фракция раҳбари ва унинг ўринбосарини сайлашга тайёргарлик кўра бошладилар. Шундан кейин фракциялар томонидан кўрсатилган номзодлар парламент Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлайди. Шунингдек, янги Бош вазирни сайлаш ва ҳукуматни шакллантириш жараёнига ҳам тайёргарлик авжида.  

Аввалги тартибга кўра, бош вазир номзодини Қонунчилик палатасида энг кўп ўринни эгаллаган партия таклиф қилар, номзод Президент томонидан маъқуллангач, номзод ҳар иккала палата вакиллари томонидан тасдиқланар эди.

Янгиланган Конституция талабига кўра, энди Бош вазир номзодини Президент тақдим этади. Давлат раҳбари бош вазир номзодини тақдим этишдан олдин эса парламентга кирган партияларнинг фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказади. Яъни, Қонунчилик палатаси Президент тақдим этган номзодни кўриб чиқади, агар депутатларнинг ярмидан кўпи номзодни маъқулласа, у бош вазир лавозимига тасдиқланади. 

Айни пайтда сиёсий ислоҳотларнинг асосий бўғини саналган халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ҳам иш қизғин. Янги сайланган депутатлар ўз ҳудудларида илк сессияларини ўтказиб, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларини сайламоқдалар. 

Гувоҳи бўлганимиздек, шу кунгача барча ҳудудларда илк сессиялар ўтказилиб, кенгашларнинг янги сайланган депутатлари вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини қайта тасдиқладилар. 

Амалдаги қонунчиликка асосан, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига кўрсатилган номзодларгина Ўзбекистон Президенти томонидан тақдим этилади ва партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилиб, сайланади. 

Бу жараёндаги энг муҳим янгилик, шубҳасиз, халқ декпутатлари вилоят Кенгашларига ҳокимларнинг раислик қилиши амалда бекор қилингани бўлди. Энди Янги таҳрирдаги Конституциянинг 120-моддасига кўра, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллай олмайди.

Маълумки, партиямизнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарини бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши раиси бўлишини босқичма-босиқч бекор қилиш таклифи илгари сурилган эди. Янги таҳрирдаги Конституцияга айнан партиямиз ташуббуси билан ана шундай қўшимча киритилди.    

Кенгашларга сайланадиган раис бошчилик қилишига оид ўзгартишлар вилоятлар, Тошкент шаҳридаги кенгашларга нисбатан кучга кирган бўлса, туман, шаҳар давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро этувчи органларида бу ўзгаришлар 2026 йил 1 январидан бошланади. Ушбу тартибдан келиб чиқиб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ сессияларда вилоятлар кенгашларига раислар ҳам сайланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев ушбу ўзгаришга муносабат билдирар экан, демократия сари яна бир муҳим қадам ташланганини, бу фуқаролар билан маслаҳатлашиб, 2023 йилда референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг яна бир муҳим нормаси амалда қўлланилганлигини таъкидлади. 

– Вилоят кенгашига раислик қилиш ҳар қандай депутатдан катта ҳаётий тажриба талаб қилади. Бу лавозимдаги шахс халқ дардини ўз дарди деб биладиган, ҳаёт синовларида тобланган, энг асосийси ҳудуддаги масала ва муаммоларни яхши биладиган, одамлар орасида катта обрўга эга, шу билан бирга кун тартибига долзарб масалаларни қўя оладиган шахс бўлиши лозим, – дейди Одилжон Тожиев ижтимоий тармоқдаги “пост”ида. 

Қайд этиш жоизки, айни пайтда ҳудудларда ўтаётган маҳаллий Кенгашларнинг қўшма сессияларида Олий Мажлис Сенати аъзолари ҳам сайланмоқдалар. 

Конституцияга кўра, Олий Мажлис Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ҳар бир ҳудуддан тенг миқдорда – тўрт кишидан сайланади. 

Сенатнинг тўққиз нафар аъзоси эса фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳаси ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан танланиб, Ўзбекистон Президенти томонидан тайинланади. Умуман олганда, янги Сенатда 65 нафар вакил фаолият кўрсатади. Аввалги тартибга кўра, Сенаторлар сони 100 нафар эди.

Куни кеча икки чақириқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутути сифатида фолият кўрсатган фракциямиз аъзоси Зумрад Бекатова ҳам Қорақалпоғистон Республикасидан Олий Мажлис Сенати аъзолигига сайланди. 

Зумрад Бекатованинг энди Сенатда партиямизнинг ғоя ва мақсадларини ҳимоя қилиш, сайловолди дастуримизда белгиланган ташаббуслар ижросини таъминлаш, электорат ва сайловчилар ишончини оқлашда янада фаол бўлиши, шубҳасиз. Зеро, партиямизнинг энг фаол аъзоси қуйи палата депутати сифатида иш олиб борганда ҳам ана шундай мақомга эга бўлган кам сонли депутатларимиздан бири эди.
  
Хуллас, яқин кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Сенат ва, албатта, маҳаллий кенгашларда яна ҳаёт қайнай бошлайди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз демократик тараққиётнинг янги даврига, сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўймоқда. Бу эса барча бўғиндаги депутатлардан ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур англашни, амалдаги қонунларга қатъий амал қилиб, ўзига ишонч билдирган сайловчи манфаати йўлида тизимли иш олиб боришни тақозо этади.

Зеро, сайлов ўтди. Энди сайловгача ва сайлов пайтидаги ҳис-туйғулар, баландпарвоз чиқишлар унутилиб, миллат ва мамлакат манфаати бирламчи ўринга чиқиши шарт.

Шундагина халқимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида ўзини аямасдан ҳаракат қиладиган, бор билим ва тажрибасини Ватан равнақи учун сафарбар этадиган фидойи инсонларни бошига кўтаради.

Бошқача айтганда, энди мавсумий масъулиятга ўрин йўқ!