Янги Ўзбекистон одимлари

Янги Ўзбекистон одимлари

Янги Ўзбекистон одимлари

Бугунга келиб дунё харитасидаги  ўзгаришлар манфаатлар нуқтасига шу қадар боғландики, бу инсониятга узоқ муддатли режалар қилишга ҳам имкон бермай қўйди.

Ана шундай бир шароитда ер юзида нотинч ҳудудлар, уруш ўчоқлари сонининг йилдан-йилга ортиб бораётгани, миллионлаб қочоқлар ва меҳнат мигрантлари сифатида рўйхатдан ўтаётган фуқароларнинг кўпаяётгани ҳамда беватанлик, ночор ҳаёт тарзининг барқарорлашиб бораётгани  аёллар ва болалар ўлими статистикасига ҳам таъсир этяпти. Бундай ҳолатлар глобаллашаётган дунёнинг эртасига бўлган ишончга  путур етказмоқда.

Аммо шунга қарамай, кейинги пайтларда турли миллат ва элатлар манфаатини бирдек ҳимоя қилаётган, уларнинг тили, дини, тарихи ва турмуш тарзини, бир сўз билан айтганда, миллий қадриятларини қадрлаётган саноқли давлатлардан ривожланган мамлакатлар ҳам ўрнак ола бошлаганини таъкидлаш жоиз.

Айни пайтда дунё таҳлилчилари Янги Ўзбекистонни ана шундай давлатлардан бири сифатида эътироф этмоқдалар.

Бундай эътирофлар шубҳасиз, 2016 йилда бошланган Янги Ўзбекистон ислоҳотлари билан боғлиқ.

Миллатимиз етакчисининг сиёсий иродаси туфайли ҳам Ўзбекистон узоқ йиллар мобайнида юрт  номини қора қилиб келган болалар меҳнатидан воз кеча олди, хусусий секторга эмин-эркинлик берилди,  қисқа фурсатда тадбиркорлар оёғига кишандек ёпишган конвертация масаласи ижобий ҳал этилди, энг асосийси, сўз ва матбуот эркинлиги амалда таъминландики, бу ўз-ўзидан Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ортга қайтмаслиги ҳақидаги даъватларнинг мустаҳкам асосга эга эканини исботлади.

Куни кеча ОАВлари АҚШ Президентининг Ўзбекистонга келиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқатаётганини кўриб, эшитиб ана шу фикрлар хаёлимдан ўтди. Ўзбекистон чиндан ҳам қисқа бир даврда дунёнинг йирик давлатлари билан тенгма-тенг алоқаларини йўлга қўя олган, ўта муҳим масалаларда кўпчилик манфаатига хизмат қиладиган таклиф ва ташаббуслари билан энг олий анжуманларда ҳам эътибор қозонаётган давлатлардан бирига айланди. Тўғри, кимлардир Америка Президентининг Ўзбекистонга ташрифини Пекинда ўткан ва дунё аҳлининг жуда катта эътиборини қозонган тадбирлардан кейин пайдо бўлган режа сифатида ҳам талқин қилмоқдалар.

Ҳатто бунда айрим шарҳловчилар Збигнев Бжезинскийнинг  “Буюк шахмат тахтаси” асари ва унда Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистонга жуда жиддий эътибор қаратиш лозимлиги ҳақидаги фикрларни  ҳам эслай бошлашди.

Тан олиш керак: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Пекинда ўтган навбатдаги саммитида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевга жуда катта эътибор ва ҳурмат кўрсатилдики, бу яна бир бор бугунги геосиёсий ўзгаришлар пайтида Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистоннинг фаол иштироки муҳим эканига ишора бўлди.

Айрим манбаларда қайд этилишича,  Россия ва Хитой каби Вашингтон учун ҳам Марказий Осиё ҳар доим муҳим ҳудуд саналган ва шундай бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда Россия ва Хитой ўз манфаатларини Марказий Осиё давлатлари билан боғлаётгани ҳам АҚШнинг ушбу ҳудудга бўлган эътиборини кучайтириши табиий, албатта.

Аммо йирик давлатларнинг Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистонга бу қадар эътиборининг  асосий сабаби Марказий Осиё мамлакатларининг сўнгги йилларда эришаётган натижаларидир. Бу Миллий иқтисодиётлардаги ўсиш ва ўзгаришлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шунингдек турли миллат ва элатлар ўртасида узоқ йиллар ҳукм сурган ўгай муносабатлар ўрнини жуда қисқа муддатда дўстона муносабатлар эгаллагани ҳам кўпчилик эътиборини Марказий Осиёга қаратмоқда. Бундан ташқари, Янги Ўзбекистон раҳбарининг чуқур ўйланган сайи-ҳаракатлари, таъбир жоиз бўлса, сиёсий иродаси ва ташқи сиёсатда ён қўшниларга,  хусусан, Афғонистонга жуда катта эътибори халқаро шарҳловчилар нигоҳидан ҳам четда қолмаяпти.   

Шу маънода айнан ўзаро бирдамлик, барқарор ривожланиш ва сиёсий жиҳатдан яқинлик сиёсати глобал дунёнинг тарқоқлашаётган давлатлари эътиборини Марказий Осиёга қаратмоқда, десак хато бўлмайди. Бу эса геосиёсий ўзгаришлар пайтида Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ва унинг манфаатлари билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас, деган қарашни шакллантирмоқдаки, бу шубҳасиз, Янги Ўзбекистон танлаган йўлнинг тўғри эканини кўрсатмоқда.

Васила Файзиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати