Қадриятларга таянган миллий тараққиёт одимлари
Маълумки, ҳар қандай сиёсий кучнинг сайловлардан кейинги фаолияти, шубҳасиз, навбатдаги сайловларга тайёргарлик ҳисобланади.
Ана шундай талабдан келиб чиқиб, мамлакат сиёсий майдонидаги иккинчи йирик партия – «Миллий тикланиш»нинг асосий эътибори, айни пайтда, сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар ҳамда сайловчилар манфаати йўлидаги ташаббуслар ижросига қаратилган.
«Қадриятларга таянган тараққиёт» шиори остида фаолият олиб бораётган партиямиз мана, қарийб ўн йилдирки, «Инсон – жамият – давлат» ва «Инсон қадри учун» эзгу тамойилларига асосланган Янги Ўзбекистон ислоҳотларини қўллаб-қувватлаб келаяпти.
Агар 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуримизда белгиланган 146 та вазифанинг 66 таси Президент қарор ва фармонларида, Вазирлар Маҳкамаси ва вазирликлар қарорлари ҳамда «Ўзбекистон-2030» стратегиясига оид Давлат дастурида ўз ижросини топган бўлса, яна 22 та муҳим вазифа ижроси маҳаллий кенгашлардаги депутатларимизнинг назорат-таҳлил тадбирлари, партиявий лойиҳалар ва акциялар орқали назорат қилинмоқда.
2026 йилнинг I чорагида ҳам партиямизнинг асосий кучи ҳисобланган депутатларимиз фаолияти самарали кечди: жойларда 882 та учрашув ташкил этилиб, уларда 20 мингдан зиёд фуқаро қамраб олинди. Энг асосийси, ана шу тадбирлар давомида сайловчилар кўтарган 1221 та масаланинг 172 тасини жойида ҳал этдик. Туман ва шаҳар даражасидаги 652 та, вилоят даражасидаги 375 та ҳамда республика даражасидаги 22 та масала ечими эса айни пайтда депутатларимиз томонидан қатъий назоратга олинган. Бундан ташқари, жойларда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, сайловолди дастуридан жой олган ғоя ва ташаббусларимизни амалга ошириш, тарбия ва таълим тизими, педагоглар мақоми ва туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб боряпмиз.
Энг асосийси, 60 та қонун лойиҳаси юзасидан парламентда кечган муҳокамаларда сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қатъий ҳимоя қилиниб, улар томонидан билдирилган таклифларнинг аксариятидан қонунчиликда, шунингдек, жойларда сайловчилар билдирган 38 та муҳим таклифнинг 10 дан ортиғидан қонунлар ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида фойдаландик.
Бундан ташқари, ўрганишлар давомида аниқланган ҳаётий муаммолар ечими юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига 3 та депутатлик сўрови юборилди. Тизимли муаммолар, қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан эса тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботларини ҳам эшитдик.
Маълумки, янги йилдан бошлаб, депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўз сайлов округларида бўлиб, Янги Ўзбекистон ислоҳотлари натижалари билан танишмоқдалар. Ана шу жараёнда сайловчиларга Президентнинг фармон ва қарорлари, видеоселектор йиғилишларида муҳокама этилган масалалар, қонунчиликдаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил ахборот беряпмиз. Якунда эса жойлардаги муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўриляпти. Аҳоли ва бизнес субъектлари билан ўтказилаётган ана шундай очиқ мулоқотларда ҳам ислоҳотлар ривожи ва тадбиркорликка тўсиқ бўлаётган масалалар бўйича қонунчиликка таклифлар оляпмиз.
Жумладан, 28-31 январь кунлари ташкил этилган ўрганишларда депутатларимизнинг асосий эътибори Давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда унда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар, такомиллаштирилаётган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг мазмун-моҳиятига қаратилди. Жамоатчиликка Президент иштирокида ўтган тадбирлар, хусусан, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлиги бўйича 2026 йилда амалга ошириладиган долзарб вазифалар, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган йиғилишларнинг аҳамияти тўғрисида асослантирилган ахборотлар берилди. Бу борада сайловчиларнинг таклиф ва мулоҳазалари ўрганилиб, мақсад ва вазифаларимиздан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий объектлардаги шароитларни таҳлил қилдик.
ТЎРТ КУН давом этган ана шу учрашувларда жами 250 га яқин объект – фуқаролар йиғини, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари, тадбиркорлик субъектларидаги ҳолатлар атрофлича ўрганилди. Аҳоли билан ўтказилган 160 га яқин учрашувларда 120 га яқин масала кўтарилган бўлса, уларнинг 50 га яқини жойида ҳал этилди. Қолган масалаларни эса маҳаллий ижро ҳокимияти билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилди.
26-28 февраль кунлари ташкил этилган ўрганишлар давомида ҳам 229 та учрашув ташкил этилди: энг асосийси, маҳаллий кенгаш депутатлари билан ўтган сайёр қабуллар, юзма-юз мулоқотлар, «Депутат қабул»лари ва ёшлар билан очиқ мулоқотларда аҳолини ўйлантираётган 200 дан зиёд ҳаётий муаммолар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун янги иш ўринлари яратиш масалаларига ечимлар изланди. Шу ўринда депутатларимиз «Тарбия» фани дарслигининг ўқитилишини назорат-таҳлил тартибида алоҳида ўрганганларини таъкидлаш жоиз. Чунки Президентимиз ташаббуси билан ёшлар онгига умуминсоний қадриятлар ва юксак маънавиятни чуқур сингдириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш мақсадида 2020 йили жорий этилган «Тарбия» фани ҳамон мактабларимизда кутилган даражада ўқитилмаяпти.
Шунинг учун ҳам ушбу масалани доимий тарзда назорат қиляпмиз. Навбатдаги ўрганишларда ҳам айни масала эътиборимизда бўлди. Шу ўринда ўрганишлар давомида сайловчилар томонидан кўтарилган 200 га яқин масаланинг 138 таси туман ва шаҳар, 30 таси вилоят, қолгани эса республика даражасидаги масалалар эканини таъкидлашни истардим. Уларнинг 59 таси, яъни 29,6 фоизи жойида ҳал этилди. Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаат яна таълим, соғлиқни сақлаш, маҳалла фаолияти, транспорт ва йўл қурилишидан тушди.
Маълумки, парламент қуйи палатаси депутатларининг сиёсий фаоллиги ва сайловчилар олдидаги масъулияти ҳақида гап кетганида уларнинг ташаббускорлигини янада кучайтиришга бежиз урғу берилмаяпти. Шу мақсадда 2025 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Президентининг «Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.
Ушбу тарихий ҳужжатда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, Олий Мажлиснинг ҳар бир депутатига ташаббусли бюджетда етарлича овоз тўплай олмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун йилига икки мавсум учун давлат бюджетидан БҲМнинг 8 минг баравари, яъни 3,3 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланиб, уни аҳолининг кундалик ҳаёти ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган лойиҳаларга сарфлаш кўзда тутилганди.
Шундан келиб чиқиб, Фракциямиз аъзоларининг 24-27 март кунларидаги ўрганишларида ижро органи вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамда партиянинг ҳудудий кенгаш аъзолари ҳамроҳлигида асосий эътибор етарлича овоз тўплай олмаган лойиҳаларга қаратилди. Шу мақсадда жойларда 300 га яқин учрашувлар ташкил этиб, 140 дан ортиқ ижтимоий объектлардаги шароитларни таҳлил қилдик. Бу орада 150 та маҳалла, 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ҳам ўрганилди. Мақсад аҳолининг кундалик ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилувчи 29 та лойиҳани танлаб олиш эди.
Шу тариқа тўрт кунлик ўрганишлар давомида ўз мақсадимизга эришдик, деб бемалол айтиш мумкин: фракция аъзолари учун ажратилган 95 млрд 700 млн сўм маблағнинг қарийб 47 млрд сўмини сарфлаш бўйича лойиҳалар танлаб олинди. Таъкидлаш жоиз, асосан лойиҳалар партиявий мақсад ва вазифалар ҳамда ғоялар ижросидан келиб чиққан ҳолда танланди: мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ҳал этилмаётган муаммолар, қишлоқдан мактабгача олиб борадиган сифатсиз йўл ва кўприклар, коллеж ва бошқа таълим масканларини таъмирлаш шулар жумласидандир.
Очиғи, Давлат раҳбарининг ташаббуси асосида шундай лойиҳаларни фуқароларнинг танлови асосида молиялаштириш, яъни, Ташаббусли бюджет институти бугун ўзини тўла оқламоқда. Депутатлар танлови билан молиялаштириладиган «иккинчи имконият» эса бу тажрибани янада самарали ва халқчил лойиҳага айлантиряпти.
Албатта, Президент ташаббуси билан бошланган илк амалиёт, шубҳасиз, жойлардаги ижтимоий муаммоларни манзилли ҳал этиш ва халқ вакиллари билан аҳоли ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтган йилларда халқаро ҳамкорлик масалаларида ҳам муайян натижаларга эришдик, десам хато бўлмайди. Масалан, кўплаб фракциямиз аъзолари ва партиямиз фаоллари АҚШ ва Европа давлатлари, Осиёнинг Хитой, Япония, Жанубий Корея, Монголияда ўтказилган халқаро тадбирларда иштирок этиб, хорижлик ҳамкасблари билан тажриба алмашдилар.
Яқинда эса Марказий кенгашда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси аъзолари – элчи Тойво Клаар жаноблари ва сиёсий маслаҳатчи Михаэла Зеленянска хоним билан самарали учрашув ўтказдик. Учрашувда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақаси тақдирини ўзгартириб юборган ташқи сиёсати ва муваффақият билан олиб борилаётган тарбия ва таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида атрофлича суҳбатлашдик. Ишончим комилки, бундай учрашувлар хорижлик ҳамкорларимизга Ўзбекистон ислоҳотлари ҳақида янада кенгроқ маълумот олишларига хизмат қилади.
Шу ўринда фракциянинг партия билан алоқалари мутлақо янги тизим асосида ривожланаётганини, бунда депутатларимиз асосий кучга айланаётганини айтиш жоиз. Асосий электоратимиз саналган Мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва умумий ўрта таълим тизимида фаолият олиб бораётган тарбиячи педагогларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар муаммоларига самарали ечим топишга қаратилган лойиҳалар самарадорлигини оширишда ҳам депутатлик корпуси асосий ташаббускор сифатида майдонга чиқмоқда.
Мана, масалан яқинда Фракция ва маҳаллий кенгаш депутатлари ҳамкорлигида партиявий лойиҳаларнинг жойлардаги ижроси, «Тарбия ва мактабларда ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёрлаш – «ЧҚБТ» фани қандай ўқитилаётгани юзасидан ўрганишлар олиб бордик. Якунда эса ёш йигитларнинг кейинги ҳаётида муҳим рол ўйнайдиган ушбу фаннинг ўқитилишида бир қатор муаммоли масалалар мавжудлиги аниқланди.
2026 йилнинг I чорагида Хотин-қизлар ва Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга доир ишларимиз ҳам яхши натижалар берди, дея оламан. Бунда «Депутат аёллар клуби» ҳамда «Сиёсатчи аёллар клуби» томонидан ўтказилган турли тадбирлар, хусусан, «Биз тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз!», «Эрта никоҳ – эрта муаммо», «Жиноятсиз ёшлик – барқарор жамият пойдевори», «Олима аёл – миллат таянчи», «Касбий таълим – қизлар учун барқарор келажак пойдевори», «Киберхавфсизлик: замонавий таҳдидлар ва ҳимоя стратегиялари», «Ўзбекистонни мутахассислар мамлакатига айлантиришда ёшлар таълими» мавзусидаги давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш баробарида, уларнинг сиёсий партиялар ва депутатларга бўлган ишончини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Агар ота-оналарнинг фарзандлари билан биргаликда китоб ўқишини оилавий анъанага айлантириш, болаларда китобхонлик маданиятини ошириш ва ҳар бир хонадонда оилавий кутубхоналарни шакллантириш мақсадида жорий этилган «Болангиз билан китоб ўқинг» акцияси доирасида Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида маънавий-маърифий туркум тадбирлар ўтказилган бўлса, «Менинг биринчи кутубхонам» лойиҳаси доирасида мактабгача таълим ташкилотларига 63 номдаги болалар адабиётлари ҳамда китоб жавонлари етказиб берилди. «Тоза ликопча» акцияси доирасида эса Бухоро, Самарқанд, Навоий ва Фарғона вилоятларида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш масалалари кенг тарғиб қилинди.
Яна бир муҳим масала: кейинги йилларда асосий эътиборимиз тарғибот ишларининг замонавий йўналишларини ривожлантириш ҳамда партия қошида ташкил этилган ўқув-тадқиқот ва таҳлил маркази фаолиятини кучайтиришга қаратиляпти. Зеро, ушбу йўналишдаги ишлар партиянинг мақсад ва муддаоларини сайловчиларга мукаммалроқ тарзда етказиш билан боғлиқ. Яқиндан бошлаб ушбу Марказ Фракция мажлислари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ялпи йиғинларида кўрилган масалаларни ўрганиш, қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлай бошладики, бу фаолиятимизни такомиллаштириб боришда муҳим ўрин тутяпти. Агар Марказ ташаббуси билан ташкил этилган «Ўзбекистон ва туркий давлатлар ҳамкорлиги: миллий манфаатлар ва туркий бирдамлик», «Жамоавий ҳамкорликни кучайтириш, ходимлар ташаббускорлигини ривожлантириш» мавзусидаги ўқув-семинарлар партия фаолларини халқаро майдондаги воқеа-ҳодисалар моҳияти билан таништираётган бўлса, иккинчидан, бу партиянинг ёш аъзоларига қўшимча билим ва кўникмалар беряпти.
Марказ мутахассислари томонидан Фракция фаолиятига кўмаклашиш мақсадида керакли тавсиялар, ҳатто ҳисобот журналлари ҳам тайёрланмоқда.
Партия нашри – «Миллий тикланиш» ижтимоий-сиёсий газетаси ҳам кейинги пайтларда асосий ғоявий қуролимиз сифатида ўз фаолиятини такомиллаштириб бормоқда. Энг долзарб масалалар, у ёки бу ҳолатга таҳлилий муносабатларимиз ҳам айнан ана шу нашр орқали эълон қилиняпти.
Шу ўринда I чоракда партия нашрининг 11 та сони чоп этилиб, 44 000 нафардан ортиқ ўқувчиларга бепул етказиб берилганини, мамлакатимизнинг энг гавжум ҳудудларига, метро станциялари ва аэропортларга ўрнатилган 100 га яқин махсус стеллажлар орқали газетанинг янги сонлари минг-минглаб аҳолига бепул тарқатилаётганини айтиш жоиз.
Жамоатчилик билан алоқалар ва ОАВ билан ишлаш бўлими ҳамда «Milliy tiklanish» медиа хизмати томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам партиянинг ғоя ва мақсадларини электорат вакиллари ҳамда партия ғояларига хайрихоҳ юртдошларимизга изчил етказиб беришга хизмат қиляпти.
Ўтган уч ой давомида партиянинг Ахборот сиёсати бўйича 4890 маротаба ОАВ ва интернет тармоғида чиқишлар қилинди. Медиа марказ томонидан биргина фракция йиғилишлари бўйича 40 та видео, 100 дан ортиқ фотолавҳа тайёрланганини ҳам яхши натижа сифатида тилга олиш мумкин.
Фаолиятимиз таҳлил қилинганида партиявий лойиҳаларга алоҳида тўхталиш жоиз, деб ўйлайман. Маълум бир саналар муносабати билан жойларда ўтказилаётган турли акция ва кўрик-танловлар, хусусан, биргина «Хизмат – беминнат» партиявий лойиҳаси доирасида 129 та ўқув курси ташкил қилиниб, 558 нафар ёшларга бепул таълим берилди. 11 нафар аёл мустақил тадбиркорлик фаолиятини бошлаган бўлса, 130 нафар опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланди.
Шу ўринда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ечими минбарига айланган «Сайёр қабул»лар лойиҳаси «Миллий тикланиш»да ҳам самарали йўлга қўйилганини айтиш жоиз. Масалан, ушбу лойиҳа доирасида фуқаролар томонидан кўтарилган жами 2000 га яқин масаланинг 1565 тасини ижобий ҳал этдик. «Депутат билан юзма-юз» лойиҳаси асосида эса 1062 та масаланинг 816 тасига жойида ечим топилди.
«Уйма-уй» лойиҳаси доирасида ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти: ҳудудлар кесимида 3000 га яқин хонадонларга кириб, 12 000 нафар аҳоли билан очиқ мулоқотлар уюштирилди. 545 нафар ёшлар ва 223 нафар аёлга соғлигини тиклашда амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, 948 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, қарийб 900 мингга яқин аъзоси бўлган, ўтган Президентлик сайловларида миллий тараққиётимиз етакчиси номзодини қўллаб-қувватлаган «Миллий тикланиш» демократик партияси айни пайтда ўз олдига қўйган вазифаларини сидқидилдан адо этиб, ғоя ва ташаббусларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг навбатдаги босқичида сайловчиларнинг партиямизга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятимизда кечаётган ўзгариш ва янгиланишларга муносиб ҳисса қўшишдир.





