Бойлик табиий ресурслар эмас, инсон капитали

Бойлик табиий ресурслар эмас, инсон капитали

Бойлик табиий ресурслар эмас, инсон капитали

 

Аҳолимиз 38 миллиондан ошди, даромадимиз эса сўнгги тўққиз йилда икки каррага кўпайган. Одамлар оғирини енгил қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳалла даражасида ишлайдиган тизим яратилди. 2026 йилда ҳам маҳаллаларда инфратузилма ва аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда. Аммо ана шундай имкониятларга қарамай, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ҳамма жойда ҳам бирдек ечим топилмаяпти.

Тўғри, республика бўйича мурожаатлар сони 16 фоизга камайди. Бугун ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келмоқда. Лекин Тошкент шаҳрида, Навоий, Сирдарё, Сурхондарё, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида мурожаатлар сони кўпайган. Ҳатто баъзи туманларда аризалар сонини икки баробарга кўпайган. Халқ қабулхоналарида эса мурожаатлар ўз вақтида ҳал этилмасдан, ижтимоий тармоқларда резонанс келтириб чиқарганидан кейингина чора кўрилиши  аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 13 март куни аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш масаласида ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама этилган ана шундай масалалар билан бошланди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар моҳиятига тўхталар экан,  ҳақиқатан ҳам мурожаатлар билан ҳамма жойда бирдек ишланмаётгани, бунинг исботини ўз вақтида жавоб қайтарилмаётган депутатлик сўровларида ҳам кўриш мумкинлигини таъкидлади.

– Шу боис, фракция аъзолари ҳудудларга чиққанларида эътибор қаратилмаётган мурожаатларни аниқлаб, улар ечими бўйича таклифлар бериши, бу борада маҳаллий депутатлар, ижро органи билан яқиндан ҳамкорлик қилиши лозим, – деди фракция раҳбари.

Шундан кейин депутатлар кун тартибига киритилган масалалар муҳокамасига ўтдилар. Дастлаб микроқарзлар рекламаси билан боғлиқ қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Бугун ОАВ, айниқса, ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, банкларнинг «Беш дақиқада гаровсиз, кафилсиз, ортиқча ҳужжатларсиз кредит олинг. Фақат паспорт бўлса бас!” мазмунидаги рекламаларига кўзингиз тушади. Албатта, бундай тарғибот  пулга муҳтож бўлганларга ечим бўлиб кўринади. Тўғри, “Осон кредит”лар орқали кимлардир оғир шароитдан чиқиб олмоқда, улар орасида ўз бизнесини йўлга қўйганлар бор. Аммо “беш дақиқалик кредит” ортидан  қарз ботқоғига ботаётганлар ҳам борлигини, улар бугунга келиб кўпчиликни ташкил этаётганини  ҳам унутмаслик керак. Микроқарз берувчи кредит ташкилотлари эса “содда, ёлғонларга тез ишонувчан” одамларни кўпроқ ишонтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Марказий банк ҳисоботига кўра,  2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида барча қарз мажбуриятларининг 93 фоизи банк кредитлари ҳиссасига тўғри келган. Шундан қарз юки кўрсаткичи 78 фоизни ташкил этиб, 2024 йилдагидан 18 фоизга ортган. Муаммоли кредитлар миқдори эса биргина жорий йилнинг январь ойида (асосан давлат банклари ҳисобига) 1,3 трлн сўмга кўпайган.

  Таҳлилчиларнинг фикрича, кейинги йилларда айрим кредит ташкилотлари агрессив кредитлаш сиёсатини кенгроқ қўлламоқдалар. Микроқарзларни реклама қилиш ҳамда маркетинг контентида эса истеъмолчиларнинг асосий эътибори кредитларнинг келгусида юқори молиявий мажбурият келтириб чиқаришига эмас, балки уни тез ва осон олиш мумкинлигига қаратилмоқда. Яъни, аксарият кредит ташкилотлари “фуқароларни бир амаллаб қарзга илинтириб олсак бўлди, кейин суд орқали бўлса ҳам ундириб оламиз”, қабилида иш кўрмоқда. Бироқ “осон кредит” ортидан қандай муаммолар келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида деярли ҳеч ким огоҳлантирилмаяпти.

Биринчи ўқишда муҳокама қилинган қонун лойиҳасида эса энди бундай рекламаларда қарз мажбуриятларини бажармаслик молиявий хатарларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш бўлиши шартлиги белгилаб қўйилмоқда. Бу огоҳлантириш реклама майдони ёки вақтнинг камида 10 фоизини эгаллаши керак. Оддийроқ тилда айтганда, “кредит олиш осон” деган даъватнинг ёнида “уни қайтариш ҳақида ҳам ўйланг” мазмунидаги огоҳлантириш ҳам бўлиши лозим.

Хорижий тажриба ўрганилганда, Европа кенгашига аъзо давлатларда кредит шартномаларига тааллуқли рекламаларда истеъмолчиларни огоҳлантирувчи “Эҳтиёт бўлинг! Қарз олиш қимматга тушади” мазмунидаги матн бўлиши шартлиги қонунан белгилаб қўйилган. Хусусан, Британияда бундай рекламаларда истеъмолчилар “Кредитни кечиктириб тўлаш сизга жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин”, деган сўзлар билан огоҳлантирилади. Ирландияда эса истеъмол кредити рекламаларида “Огоҳлантириш: агар кредит шартномаси бўйича тўловларни бажармасангиз, ҳисобингизга қарз ёзилади. Бу кредит ҳисоботига таъсир қилиши ва келгусида  кредит олиш имкониятингизни чеклаши мумкин” мазмунидаги матн бўлади.

Депутат Фарҳод Зайниев ушбу қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, депутатларни қонун лойиҳасини  бир овоздан маъқуллашга чақирди. Чунки муаммоли кредитлар тобора ошиб бормоқда ва айрим банклар турли йўллар билан аҳолини янада кўпроқ кредит сиртмоғига илинтиришга ҳаракат қиляпти.

– Қонунчиликка киритилаётган янги норма аҳолининг қарз юкини камайтиришга, кредит билан боғлиқ молиявий хатарлар ҳақида хабардорлигини оширишга хизмат қилади, – дейди депутат.

Сайёра Жумаева ҳам қонунчиликка киритилаётган янги нормани қўллаб-қувватлаб, бу қарз олишга муккасидан кетган айрим фуқароларнинг “кўзини очиш”да муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади. Шу билан бирга, депутат ташаббускорлар эътиборини ушбу шартни бажармаган молиявий ташкилотлар назорати қандай бўлиши, бунинг учун молиявий чоралар қўлланилиши билан боғлиқ масалага қаратди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Элмурат Ҳаитметов бу масалага изоҳ бериб, Реклама тўғрисидаги қонун ҳамда Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ноъмақбул рекламалар учун молиявий санкциялар белгиланганини маълум қилди. Масалан, истеъмолчиларга кредитнинг муҳим шартлари тўғрисида маълумот бермагани учун ўтган йили 20 га яқин банк-кредит ташкилоти жавобгарликка тортилган. Ўтган йили 34 мингта реклама мониторинг қилинганда уларнинг 17 мингтасида қонунбузулиш ҳолатлари аниқланган.

Депутат Қозим Тожиевнинг фикрича, янги нормада асосий эътибор қарз мажбурияти бажарилмаганига эмас, қарз олишдан огоҳлантиришга қаратилиши керак. Бугун айрим хусусий банклар томонидан ҳатто 50 фоиз “ставка”да кредитлар таклиф этилаяпти ва бу жуда катта хавф. Шу боис, рекламаларда бу “ставка”нинг молиявий юки ҳақида ҳам огоҳлантириш берилиши мақсадга мувофиқ.

Йиғилишда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.  

Маълумки, креатив иқтисодиёт – бу ғоя, инновация ва интеллектуал салоҳиятга асосланган иқтисодий фаолият тури бўлиб, XXI асрда табиий ресурслар эмас, балки инсон тафаккури, капитали ва ижодий салоҳияти асосий бойликка айланди. Бу атама илк бор БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмалари томонидан кенг қўлланилмоқда. Жумладан, UNESCO креатив иқтисодиётни маданий мерос, санъат, медиа ва инновацион фаолият ривожи билан боғлаяпти.

Ўзбекистонда ҳам 2030 йилгача креатив иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу бўйича ҳатто “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун ҳамда концепция қабул қилинган. Чунки, мамлакатимизда креатив иқтисодиётга сердаромад, туризмни ривожлантирадиган, минглаб янги иш ўрни ва ялпи ички маҳсулот ўсишини таъминлайдиган соҳа сифатида қараляпти. 

Айни пайтда юртимизда креатив иқтисодиёт соҳасида 9,6 мингта корхона – 205 та IT, 100 та дизайн, 60 та анимацион суратлар, 30 та ўйинлар ишлаб чиқиш марказлари ва 20 дан ортиқ санъат галереялари, шунингдек, 28 минг нафар ҳунарманд ушбу йўналишда фаолият кўрсатмоқда. Соҳада 100 мингга яқин иш ўрни яратилган. 

Фракцияда биринчи ўқишда муҳокама қилинган навбатдаги қонун лойиҳасида соҳа субъектларини рағбатлантириш, маданият ва санъат соҳасига хорижий мутахассисларни жалб этиш учун қулай солиқ имтиёзларини бериш, халқаро ва давлатлараро тадбирларни ташкил этишни соддалаштириш масалалари назарда тутилмоқда.

Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси Васила Файзиева қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, лойиҳада назарда тутилаётган нормалар маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш, хусусан, мамлакатимиз аҳолиси ва хориждан ташриф буюрувчи сайёҳлар учун ўтказилаётган маданий тадбирларни юқори савияда ташкил этишга хизмат қилишини таъкидлади.