Миллий ўзлик: унга нисбатан таҳдидлар давом этмоқда
- воқеа жойини кўздан кечириш ҳаракатлари юридик маълумот ва зарурий кўникмаларга эга бўлмаган профилактика инспекторлари ва бошқа ходимлар томонидан амалга оширилмоқда
- манзил-колониясида жинсий эркинликка қарши жиноят содир этган маҳкумлар томонидан такроран ушбу жиноятларни содир қилиш хавфи ортиб боряпти
- ҳарбий хизматда 30 йилдан ортиқ хизмат қилганлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга ошириш, шунингдек, пенсия тайинлашда асос бўладиган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини 12 бараваридан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Кейинги йилларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасини Ўзбекистон 2025 йилги «Глобал терроризм индекси»да 90-ўринни эгаллаб, «терроризм таҳдиди паст бўлган» мамлакатлар қаторига кирганида ҳам кўриш мумкин.
Лекин бу Ўзбекистон экстремистик ва террорчилик ташкилотлари таҳдидларидан бутунлай ҳоли давлатга айланди, деган хулосани бермайди. Чунки, ҳали-ҳануз айрим ғайрли кучлар ёшлар орасида миллий ўзлик, маданий-маърифий ва оилавий қадриятларни йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда зўравонлик ва радикал қарашларни тарқатишда давом этмоқда. Демак, бу борадаги ишларни такомиллаштириш, уларга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш керак.
Фракциянинг навбатдаги йиғилиши ана шундай кескин талаб асосида ишлаб чиқилган ҳужжат – экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамаси билан бошланди. Ушбу қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда ахборот эркинлиги, ёшларга оид давлат сиёсати, таълим ва ноширлик фаолияти билан боғлиқ ўнга яқин қонунларга экстремизмга қарши курашни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, Жиноят кодексида фақатгина диний экстремизм учун жавобгарлик белгиланган ва бу сўнгги йилларда илдиз отаётган миллатчилик, радикализм ва зўравонликка асосланган бошқа жиноятларни етарли ҳамда муносиб даражада жазолаш имконини бермаяпти. Бундан ташқари қонунчиликда норасмий тузилмаларни экстремистик ташкилот деб топиш тартиби, экстремизмга оид тушунча ва жиноятлар рўйхати аниқ белгиланмаган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Жиноят кодексига экстремизмнинг барча шакллари учун жавобгарлик белгилаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида экстремистик фаолият тўғрисида хабар берганларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, ОАВ ҳамда интернетда экстремистик мафкура тарғиботига қарши курашиш, экстремизмга оид жиноятларни содир этган шахсларни ижтимоийлашувига кўмаклашиш назарда тутилган.
Фракция раҳбари Алишер Қодиров мазкур қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, ҳақиқатан ҳам экстремизм деганда фақат диний экстремизмни назарда тутишга ўрганиб қолингани, бугун экстремизмнинг бошқа шакллари ҳам пайдо бўлганини таъкидлади.
Сўнгги йилларда жамиятимизда эътиқод эркинлигига нисбатан айрим таҳдидлар кучаймоқда ва бу динимиз, қадриятларимизга нисбатан экстремистик қарашлар шаклланишига ҳам сабаб бўляпти. Энди ушбу қонун билан киритилаётган янги нормалар амалиётга тўғри татбиқ этилса, давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам экстремизмга бўлган қараши ўзгаради, яъни, унга ҳар томонлама баҳо берилади.
– Шу боис, миллий ва маънавий қадриятларни устувор билган “Миллий тикланиш” демократик партияси ушбу қонун лойиҳасини иккинчи ўқиш жараёнида фаол иштирок этиб, ўз таклифларини беради, – деди Алишер Қодиров ва Шерзод Тўхташевни фракциядан ушбу қонун лойиҳасига масъул этиб белгилашни таклиф этди.
Депутат Нодир Тилаволдиев ҳам лойиҳага муносабат билдирди. У қонунда фақат норасмий тузилмаларни экстремистик ташкилот деб топиш тартиби белгиланаётгани, бунда жисмоний шахслар назарда тутилмаётганига эътироз билдирди. Аксарият давлатларда, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларида жисмоний шахсларни ҳам экстремист деб топиш ҳамда очиқ манбаларда улар рўйхатини кўрсатиш амалиёти мавжуд.
Қонун ташаббускорлари ҳақли масала кўтарилганини ва иккинчи ўқиш жараёнида бу таклиф кўриб чиқилишини маълум қилдилар.
Йиғилишда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш ҳамда тергов сифатини оширишга қаратилган қонуни лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан, хотин-қизлар, болаларни жинсий зўравонлик ва ахлоққа зид тажовузлардан асрашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аммо шунга қарамай, хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган жинсий эркинлик ҳамда ахлоққа қарши жиноятлар билан боғлиқ ишларни судга қадар юритиш ҳамда айбдор деб топилган маҳкумларнинг жазони ўташи босқичларида бир қатор муаммолар юзага келмоқда.
Жумладан, жиноятни фош этишда энг муҳим босқич – воқеа жойини кўздан кечириш ҳаракатлари юридик маълумот ва зарурий кўникмаларга эга бўлмаган профилактика инспекторлари ва бошқа ходимлар томонидан амалга оширилмоқда. Мисол учун: 799 та ҳолатда профилактика инспекторлари, 187 та ҳолатда эса тезкор-қидирув ходимлари томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган. 297 та ҳолатда эса ушбу турдаги жиноятлар ҳақидаги ариза ва хабарлар бўйича воқеа жойлари ҳатто кўздан кечирилмаган ёки бу иш ўз вақтида амалга оширилмаган. Оқибатда айрим жиноят ишларида жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланмай қоляпти.
Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси билан жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида айрим тоифадаги ишлар терговини прокуратура органларига ўтказиш таклиф этиляпти. Қолаверса, ички ишлар органларининг терговига кўп сонли ишлар тўғри келаётгани ва бу айрим турдаги терговлар ишларининг сифатига таъсир қилаётгани ҳам бунга сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, манзил-колониясида жинсий эркинликка қарши жиноят содир этган маҳкумлар томонидан такроран ушбу жиноятларни содир қилиш хавфи ортиб бораётганидан келиб чиқиб, маҳкум-педофилларни манзил-колонияларга ўтказиш тақиқланяпти.
Йиғилишда депутатлар халқимизда аёллар ва болаларнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳимоя қилиш ишлари азалдан қадрият сифатида шаклланган бўлса-да, афсуски сўнгги йилларда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликлар кўпайгани, аксарият маънавий муаммоларимизнинг таг-томири ҳам шулар билан боғлиқ эканини таъкидладилар.
Жумладан, Дилноза Азизова терговга қадар текширувларнинг номутахассислар томонидан ўтказилаётгани катта хавотирларни уйғотиши мумкинлигини таъкидлаб, фракция аъзоларини ушбу қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Депутатлар бундай ўзгаришлар инсон шаъни ва қадр-қиммати, жинсий дахлсизлиги, шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини маъқулладилар.
Фракция аъзолари “Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳаси билан ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ва уларнинг оила аъзоларини давлат пенсиялари билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини қонун билан белгилаш, ушбу пенсияни тайинлаш шартлари, турлари, миқдор ва тартибига оид нормаларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда. Хусусан, ҳарбий хизматда 30 йилдан ортиқ хизмат қилганлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда иш ҳақининг ҳисобга олинадиган миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга ошириш, шунингдек, пенсия тайинлашда асос бўладиган пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини 12 бараваридан келиб чиқиб амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Тақдим этилаётган имтиёзлар ватанимиз ва халқимиз хавфсизлигини таъминлашда узоқ йиллар хизмат қилган, ўз ҳаётини юртимиз истиқболи учун бахшида қилиб фидойилик кўрсатган ҳарбийларимизни қўшимча рағбатлантириш, ёшларимизда бу соҳага бўлган меҳр ва иштиёқни ошириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби мақсадларни назарда тутган.
***
Алишер Қодиров ушбу қонун лойиҳаси ҳақида фикр билдириб, ҳарбий хизматчи ўзи ва оиласини ижтимоий ҳимояланганидан шубҳаланмаслиги кераклигини, бунинг учун зарур харажатлар, албатта, давлат бюжетидан – солиқлар ҳисобидан қопланишини таъкидлади.
Шу боис, хотиржам яшашни истаган ҳамма даромадидан солиқ тўлаши шарт. Ҳарбийлар тушунарли, туғилганимизда ювиб-тараб қўйган доя холадан бошлаб, ҳаммамизнинг албатта борадиган жойимиз – қабристонларни озода тутишга масъул амакигача солиқлар ҳисобига ҳақ олади ва даромадидан солиқ тўлайди. Солиқдан қочиш ёки солиқ тўламасликни тарғиб қилиш бировнинг ҳақига хиёнат ва давлатга нисбатан жиноят сифатида баҳоланиши керак.
Фракция рағбарининг фикрича, жамиятнинг айрим қатламларида давлатпарварликни кучайтириш учун фақат тарғибот эмас, қонунчиликни такомиллаштириш ҳақида ҳам ўйлаш керак экан…
Равшан Маҳмудов





