Депутатлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ўзини-ўзи ислоҳ қилиши керак» деган шарт билан қонун
лойиҳасини маъқуллашди
«Миллий тикланиш» демократик партияси Фракциясининг навбатдаги йиғилиши Ўзбекистон Президентининг «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги фармони муҳокамаси билан бошланди.
Миллий тараққиётимиз йўлида аёллар ва болаларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш ва муносиб таълим-тарбия бериш нақадар муҳим эканини кўряпмиз ва бу халқимизнинг, давлатимизнинг энг улуғвор мақсадига айланган. Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ушбу масалада қабул қилинган янги фармон шубҳасиз жамиятимиздаги энг оғриқли муаммоларни ечишга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки, бугун яна оила институтига таҳдидлар кучаймоқда, никоҳ қадрлансизланяпти ва бу ёшлар ўртасида ажралишларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Таъкидланганидек, фармонда партия ғояларига ҳамоҳанг бўлган вазифалар, жумладан, эрта никоҳнинг олдини олиш, талаба оналар ва 3 ёшгача фарзанди бўлган аёллар учун алоҳида имтиёзлар бериш, қўшимча қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муҳим вазифалар белгиланган. Шу боис ҳам партиянинг барча даражадаги депутатлари ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фаол бўлмоқлари лозим.
Шундан кейин депутатлар кун тартибидаги бошқа масалалар муҳокамасига ўтдилар Дастлаб, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг чет эллардаги нуфузли олий ўқув юртларида таълим олишини ташкил этиш, давлат хизматчиларини малака ошириш учун хорижга жўнатиш ва бу орқали етук кадрлар тайёрлаш масаласида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2018 йилнинг 25 сентябрида Президент Фармони билан «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташкил этилиб, дунёнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларида таълим олган янги авлод етакчилари ва мутахассислар жамоасини шакллантириш мақсад қилиб белгиланган эди.
Маълумотларга кўра, шу кунгача 2300 нафарга яқин стипендиат 45 та мамлакатга таълим олишга юборилди. Уларнинг 1400 нафари Ўзбекистонга қайтиб келиб, иқтисодиёт, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида фаолият юритмоқда. 740 нафардан ортиқ стипендиат эса ҳозирда дунёнинг «ТОП-300»таликдаги нуфузли университетларда таҳсил олмоқда. Бунинг учун давлат бюджетдан 1,5 триллион сўм сарфланди.
Бироқ кейинги йилларда хорижда ўқиган айрим битирувчилар шартномада белгиланган мажбуриятларини бажармай, чет элда қолиб кетмоқда. Хусусан, айни пайтда 20 дан ортиқ битирувчи Ўзбекистонга қайтмасликка ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, белгиланган муддатда давлат идораларида ишлаш талабини бажармаётган ёшлар ҳам бор. Натижада уларга сарфланган маблағларни ўз вақтида ундиришда муаммолар пайдо бўляпти. Мисол учун: «Эл-юрт умиди» жамғармаси ушбу масалада судларга даъво аризалари киритишда давлат божини тўлашга қийналмоқда. Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси билан жамғармани бундай харажатдан озод этиш таклиф этиляпти.
Фракция раҳбари Алишер Қодиров қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, жамғарма жуда катта умидлар билан ташкил этилгани, аммо баъзи ҳолатларда умидларни оқламаётганини таъкидлади. Биргина мисол: жамғарма орқали Англияда ўқиган бир магистрант талабага ўқишни тугатганидан кейин Буюк Британиянинг энг йирик компанияларидан бири бир йил ишлаш имкониятини берди. Лекин жамғарма бунга рухсат бермади. Агар ўша йигит Англияда бир йил ишлаганида эди, биринчидан, юртимизга катта даромад билан қайтган бўларди. Иккинчидан, шу даврда олган тажрибасини Ўзбекистонга келиб, бир йил давомида ҳам ололмасди. Яъни, жамғарма айни шу масалага ўта бюрократик ёндашди. Ўша магистрантни қайтариб олиб келиб, бир институтга лаборантликка мажбурлаб ишга жойлаштирди. Лекин дунё кўрган йигитни у ерда ҳам сиғдиришмади. Натижада у ишдан бўшаб, жамғарма билан низоли ҳолатга тушди. Ҳозирда сарфланган маблағни тўлаб, яна хорижга чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда.
– Мана, «Эл-юрт умиди» танлаган кадрлардан бири. Жамғарма бундай ёшларни судга бериш учун қулайлик сўраганидан кўра, ўзини ислоҳ қилиши, бугунги кун талабидан келиб чиқиб ишлаши, «Умид» фонди йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилиши керак эмасми? Бюрократия сабаб қанчадан қанча иқтидорларни бой беряпмиз. Хорижда ўқиган ёшлар учун Ўзбекистон жозибадор, манфаатли бўлиши керак, – деди Алишер Қодиров.
Депутат Дилноза Азизова эса лойиҳада форс-мажор ҳолатлар кўзда тутилмаганига эътироз билдирди. Чунки стипендиатлар соғлиги, оилавий шароити ва бошқа сабаблар билан шартнома мажбуриятларини вақтида бажара олмаслиги ҳам мумкин. Лекин ушбу лойиҳа билан бундай ёшлар ҳам судга тортилиши эҳтимоли бор.
Нодир Тилаволдиев жамғарма хорижда ўқиб келган ёшларга нуфузли хорижий компаниялардан ишлаш таклифи тушса, бунга рухсат бериш керак, деган таклифни илгари сурди. Чунки бундай ёшлар Ўзбекистон имиджи, қолаверса, у эртага бошқа тенгқурларини ҳам ўз ёнига тортиши мумкин. Депутат жамғара вакилидан чет элда қолиб кетган ёшларнинг йиллар кесимидаги таҳлили ва ҳозирда неча нафар ёшлар билан суд ишлари олиб борилаётгани статистикаси, шунингдек, бу борада хорижий тажрибани сўради. Лекин жамғарма вакили бундай маълумотни тақдим эта олмади.
Депутатлар фонд ўзини ислоҳ қилиши керак, деган шарт билан қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.
Фракция йиғилишда маҳаллий Кенгашлар фаолиятида бошқарувни янада такомиллаштириш, Кенгаш раиси ва Кенгаш сессиялари иши ҳажмини енгиллаштириш мақсадида Кенгаш раиси ўринбосари ва Кенгаш Раёсати институтини жорий қилишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳа билан Кенгаш раиси ўринбосарига бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири вазифасини бажариш вазифасини ҳам юклаш таклиф этиляпти. Шунингдек, «Кенгаш соати» институтини амалиётга жорий этиш белгиланяпти ва унда зудлик билан чора кўриш талаб этиладиган ва кечиктирилиши мумкин бўлмаган шошилинч масалалар бўйича мансабдор шахсларнинг эшитуви амалга оширилади.
Биринчи ўқиш жараёнида фракция аъзолари, жумладан, Жаҳонгир Ширинов ташаббускорлардан қонун лойиҳасини янада такомилга етказиш бўйича бир қатор саволларига изоҳ сўраган, киритилаётган айрим нормаларга эътироз билдириб, ўз таклифларини билдирган эди. Бу ҳақида газетанинг ўтган сонларидан бир таҳлилий мақола ҳам эълон қилинганди.
Иккинчи ўқишда киритилган таҳлилий ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берган тегишли қўмита вакили ушбу қонун бўйича «Миллий тикланиш» фракцияси томонидан билдирилган барча эътирозлар кўриб чиқилгани, таклифлар эса лойиҳада акс этганини маълум қилди. Улардан энг асосийси: Раёсатнинг «Кенгаш соати»ни ўтказиши билан боғлиқ норма чиқариб ташланди. «Кенгаш соати» фақат сессияда кўриб чиқилиши белгиланди.




