Фармон ижроси учун барчамиз бирдек масъулмиз
Кейинги йилларда юртимизда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг маънавий ва жисмоний ривожланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида тизимли ишлар олиб бориляпти.
Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони айни йўналишдаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Сир эмаски, бугун кузатилаётган оилавий ажралишларга асосий сабаблардан бири бу эрта никоҳ бўляпти. Чунки ҳали балоғат ёшига етмаган, ҳаётнинг пасту баландини тушунмаган ёшларни никоҳлаб қўйиш уларнинг сунъий равишда муаммоларга рубаро қилиши билан тенг. Фармонда айнан шу жиҳатларга барҳам бериш мақсадида эндиликда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши, ҳатто бундай ҳолатлар ҳақида хабар берган фуқароларни рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Мустаҳкам ва масъулиятли оилаларни рағбатлантириш мақсадида эса 21 ёшдан кейин онгли равишда оила қурган йигит-қизлар учун қўшимча имтиёзлар ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.
Ҳужжатда алоҳида эътибор қаратилган яна бир йўналиш бу – тазйиқ ва зўравонликка қарши кескин курашиш масаласидир. Энди ҳимоя ордери берилган аёлларга «СОС» тизими орқали тезкор ёрдам чақириш имконияти яратилади. Зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан эса жазо чораларининг қатъийлаштирилиши, тергов ва суд жараёнларининг махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар томонидан олиб борилиши “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлади, десак тўғри бўлади.
Энг муҳими, ушбу ҳужжатда фемитсид, киберзўравонлик, сталкинг ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятлар каби хавфли ҳодисаларга нисбатан қонунчиликни янада такомиллаштириш, жазо чораларини кучайтириш кўзда тутилди.
Яна бир муҳим жиҳати – ҳомиладор ёки фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талаба-қизлар учун “иккинчи имконият” яратилаётганидир. Ёш оналарнинг таълимдан узилиб қолмаслиги учун масофавий ўқиш имконияти, академик таътил даврида қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилаётгани – бу аёлнинг нафақат она, балки билимли ва мустақил шахс сифатида шаклланиши йўлидаги реал имкониятдир.
Умуман, мазкур Фармоннинг ҳаётга татбиқ этилиши хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиради, соғлом ва мустаҳкам оилалар сонининг кўпайиши ҳамда миллат генофондини сақлашга хизмат қилиб, бу борада ишларни бутунлай янги босқичга олиб чиқади.
Зумрад БEКАТОВА,
Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва
коррупцияга қарши курашиш қўмитаси аъзоси




