Муаммо таъминотда эмас, маблағларидан самарали фойдаланилмаётганида

Муаммо таъминотда эмас, маблағларидан самарали фойдаланилмаётганида

Муаммо таъминотда эмас, муаммо

маблағларидан самарали фойдаланилмаётганида

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.

Ушбу масала юзасидан Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров сўзга чиқиб, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгарувчанлик ва юқори ноаниқлик шароитида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ошганини маълум қилди. Натижада аҳолининг реал даромади 9,5 фоизга ошган. Мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида ҳамкор давлатлар билан иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланмоқда. Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси 37,0 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,1 фоизга кўтарилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ миқдори ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 трлн сўмга ёки 114 фоизга ошиб, 42,6 трлн сўмни ташкил этган. Таълим соҳаси харажатларнинг 70 фоизи умумий таълимга, 18 фоизи мактабгача таълим, 12 фоизи эса кадрлар тайёрлашга йўналтирилган.

Ҳисобот даврида мактабгача таълим ташкилотлари сони 8 725 тага ортиб, 38 145 тага етган. Шундан 6 981 таси давлат, 31 164 таси нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир. Бундай ўсиш эса мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг 77 фоизини қамраб олиш имконини берди. Умумтаълим мактаблари сони 10 471 тага етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 95 тага кўпайди. Ўқувчилар сони ҳам 2024 йилга нисбатан 89 963 нафарга ошиб, 6 547,1 минг нафарга етди. Педагог ходимлар сони эса 549,1 минг нафарни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда нодавлат мактаблар сони 573 та бўлиб, бу халқ таълими тизимидаги давлат мактабларига нисбатан уларнинг улуши 5,5 фоизни ташкил этаётганини кўрсатади. Бу борада ривожланган хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, нодавлат таълим сектори улуши Германияда 12, Францияда 17, АҚШда 18, Буюк Британияда 20, Испания, Ирландия ва Голландияда 30 фоиздан иборат эканини кўрамиз.

Мажлисда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди. Шундан сўнг партиялар фракциялари раҳбарлари ушбу масалага муносабат билдирдилар.

Жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров халқаро гиёсиёсий мураккабликларга қарамай, Ўзбекистон раҳбариятининг миллий давлатчилигимиздаги принцип – “Куч – адолатда” мезонига қатъий амал қилиши бутун дунёга намуна бўлаётир. Бугунги дунёда адолат мезони бузилгани учун ҳаловат йўқолди, одамлар эртаси эмас, фақат бугун билан яшаяпти. Янги Ўзбекистон ислоҳотлари инсонни устувор билиб, фаровон, тинч яшаши учун давлатнинг барча имкониятларидан самарали фойдаланиш чораларни кўрмоқда.

Юртимиздаги ўзгаришлар дунёнинг энг ривожланган давлатлари томонидан ҳам алоҳида эътироф этилаётганини мамлакатимиз раҳбари билан кучли давлатлар етакчиларининг айрим масалаларда маслаҳатлашаётганидан ҳам билиш мумкин. Яқинда Хитойда ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувида ҳам Президентимиз ушбу тузилманинг асл мақсади иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш орқали барқарор тинчликни таъминлаш эканига алоҳида урғу бердилар ва бу бежизга эмас.

Ана шундай мураккаб бир шароитда мамлакатимиз парламенти бюджет масаласини кўриб чиқаётгани ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотлари натижасидир. Яъни,  депутатларимиз халқимизнинг янада фаровон яшаши, давлатимизнинг тараққий этиши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини муҳокама қилмоқдалар. Мана шунинг ўзи ҳам халқимизга, сайловчиларимизга етказишимиз керак бўлган энг катта ютуқларимиздан биридир.

Фракциямиз йиғилишида ҳам давлат бюджети ижроси ана шундай кайфиятда муҳокама қилинди ва йиғилишда вазирлик, идоралар айрим масалаларда янада масъулиятли ва самарали бўлиши зарурлигига алоҳида урғу берилди, – деди Алишер Қодиров.

Партия етакчисининг таъкидлашича, бюджетда пул таъминоти билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Масала ажратилган маблағлардан самарали ва мақсадли фойдаланишда, холос. Шу масалада давлат идоралари раҳбарларига эътирозлар билдирилди. Масалан, Янги Ўзбекистон ислоҳотларидаги энг муҳим масала бу, шубҳасиз, тарбия ва таълим йўналишидир. Ўқув йили бошланган бўлса-да, лекин Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги етарлича маблағ ажратилган бўлса-да олтита йўналишдаги китобларни ҳалигача нашр қилмаган. Жумладан, энг муҳим бўлган фанлар – ўзбек тили ва тарих дарсликлари чоп этилмаган. Фарзандларимиз ўқув йили бошидан давлатчилигимиз пойдевори бўлган қадриятларимиз билан боғлиқ фанларни ўқимаса, нимани ўқийди?

Тегишли вазирликнинг боғчаларни китоблар ва болаларнинг онгу тафаккурини ривожлантирадиган дидактик қўлланмалар билан таъминлаш масаласидаги фаолияти ҳам қониқарсиз. Бугунги кунда мамлакатимизда 7 мингга яқин давлат боғчалари фаолият кўрсатаётган бўлса-да, улар учун чоп этилаётган китоблар 1000-1200 нусхадан ошмайди.

– Вазирлик боғчаларни фақат ўйинчоқлар билан эмас, китоб ва дидактик қўлланмалар билан таъминлаш ҳақида ҳам ўйлаши керак эмасми? Ахир болаларда китоб ўқиш кўникмаси боғчадан бошланади-ку, – деди фракция раҳбари.

Фракция раиси йиғилишда яна бир масалага алоҳида эътибор қаратди: бугун давлатимиз ҳалқимиз соғлиги-саломатлиги учун қанча маблағ зарур бўлса, ажратяпти. Пандемия пайтида бу исботланди. Бугун ҳеч кимга сир эмас, юртимизда онкологик ва эндокринологик касалликлар кўпайган. Ҳукуматимиз бундай хасталикка чалинганларни даволаш учун етарлича маблағ ажратаётган бир пайтда, маблағни ўзлаштириш кўрсаткичи 60-70 фоизни ташкил этяпти, холос. Агар тегишли вазирлик бу масалага жиддий эътибор қаратмаса, Янги Ўзбекистон ислоҳотларида халқимиз соғлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ мақсадларимиз кутилган натижани бермайди.

Ҳақиқатан ҳам фракция йиғилишида давлат бюджетининг биринчи ярим йиллик ижроси партия ғояларидан келиб чиққан ҳолда қизғин муҳокама қилинган, йиғилишда нафақат тарбия ва таълим, соғлиқни сақлаш, балки маданий мерос объектларини асраш, туризм билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилган эди.

Хусусан, тақдим этилган ҳисоботда Маданий мерос агентлигига ҳисобот даврида ажратилган маблағларнинг ижроси таҳлил қилинганида, умумий маблағларнинг бор-йўғи 59 фоизи ўзлаштирилгани маълум бўлди. Хусусан, давлат музейларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган маблағлардан фақат 18 фоизининг ўзлаштирилиши ёки маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва археологик ишларга ажратилган маблағларнинг 70,6 фоизи ўзлаштирилгани соҳада тизимли муаммолар борлигини кўрсатади. Айниқса, бир неча йиллардан буён ҳисоботларда бу ҳолатлар такрорланиб келаётгани шундан далолат берадики, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва шартнома жараёнларидаги кечикишлар соҳадаги ислоҳотлар суръатини секинлаштирмоқда.

Фракция аъзоси Азамат Пардаев ана шундай ҳолатлардан келиб чиқиб, тарихий объектларни сақлаш, таъмирлаш ва зиёратчилар учун миллий стратегия ишлаб чиқишни таклиф қилган бўлса, Жаҳонгир Ширинов айрим зиёратгоҳларга кириш пуллик эканига эътироз билдириб, мамлакатимиздаги барча зиёратгоҳларга кириш бепул бўлиши керак деган таклифни илгари сурди.

Маълумки, партиямиз миллий транспорт тизими салоҳиятини ошириш орқали туризмни ривожлантиришни устувор вазифа, деб билади. Сўнгги йилларда ички туризмни ривожлантириш ва уни иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида қўллаб-қувватлаш мақсадида етарлича маблағ ажратилмоқда. Бу эса соҳада инфратузилмани янгилаш, замонавий туристик ва бошқа хизматларни жорий этиш ҳамда сайёҳлар учун қулай шароитларни яратиш имконини беряпти. Бироқ тақдим этилган ҳисоботдан кўриниб турибдики, айнан туризм зоналарига олиб бориладиган йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағлардан  самарали фойдаланилмаяпти.

Мисол учун: Хоразм вилояти “Ғовок” кўлидаги туризм объектининг ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағ тўла ўзлаштирилмаган. Андижон вилояти, Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ туризм зонасига олиб борувчи йўл учун ажратилган 3 млрд сўмдан эса атиги  0,1 млрд сўми ўзлаштирилган, холос.

Депутатлар тегишли идоралар раҳбарларидан ушбу масалаларда тушунтиришлар сўраб, жавоблар тўла бўлмаган айрим масалалар бўйича депутатлик сўрови юборишга келишиб олдилар.