ЎЗБЕКИСТОН ГЛОБАЛЛАШАЁТГАН ДУНЁГА АНДОЗА БЎЛИШИ МУМКИН!

ЎЗБЕКИСТОН ГЛОБАЛЛАШАЁТГАН ДУНЁГА АНДОЗА БЎЛИШИ МУМКИН!

ЎЗБЕКИСТОН ГЛОБАЛЛАШАЁТГАН

ДУНЁГА АНДОЗА БЎЛИШИ МУМКИН!

 

Амир Темурнинг узуги ва муҳрига ўйиб ёздирилган “Куч адолатда” ибораси қарийб етти юз йилдирки, ўз мазмун-моҳиятига кўра, адолатга бўлган қарашнинг олтин мезонини белгилаб келмоқда.

Аммо кейинги йилларда глобаллашаётган дунёнинг йирик давлатлари орасида «куч адолатда эмас, аксинча адолат кучда» деган акс тамойилга амал қилина бошландики, бу ҳатто инқирозли ҳолатларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Собиқ иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин ҳам ана шундай хатолар такрорланди. Ғарб гўёки советлар иттифоқини қулатдик, энди ғалаба бизники, деган қараш билан адолатни ўз қолиплари билан ўлчай бошлади. Бундай ёндашув инсон ҳуқуқларидан тортиб, инвестицияларнинг сиёсийлашувигача, иқтисодий ҳамкорликлар матнига сиёсий шартларнинг киритилишидан тортиб, турли миллат ва элатлар учун адолатсиз чекловлар ўрнатилишигача қўлланилди. Натижада дунёда парокандалик нуқталари кўпайди. Россия ва Украина инқирози ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Яъни, бу мажаро Ғарб қўллаган тамойилнинг аччиқ мевасига айланди. Айтиш мумкинки, Россиянинг Украинага нисбатан қўллаган сиёсати ва ҳарбий ҳаракатлари аслида Европа амал қилиб келган «Кучлиманми, демак адолатлиман» тамойилининг такрори, қайтарилиши бўлди, холос.

Тўғри кейинги пайтларда Ғарб ўз хатосини гўёки англаб еткандек, ҳар икки давлатни музокаралар майдонига ўтқазишга уриняпти. Аммо бу жараёнда ҳам илгари сурилаётган аксарият таклиф ва ташаббуслар замирида «кучли ҳар қандай шароитда ҳам ғолиб бўлиши керак» деган эски ва чирик ғоя мавжудлигини кўриш мумкин. Бу эса яна ижтимоий адолатсизлик ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Давлатлараро муносабатларда бундай ёндашув, энг аввало, ўзаро ишончнинг йўқолишига, иқтисодий манфаатлар фақатгина кучли давлатларга тегишли, қолганлар эса ана шу давлатларнинг таъсири доирасида бўлиши лозим, деган  қарашларни юзага келтиряпти. Ғарбнинг калта ўйланган бундай хулосалари ҳатто Марказий Осиё ҳамда Хитой орасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида таъсис этилган ШҲТнинг глобал кучга айланишига олиб келди, десак муболаға бўлмайди. Гарчи ушбу ташкилотнинг мақсади иқтисодий ҳамкорликка қаратилган бўлсада, сўнгги воқеалар уни ҳам ўз куч ва салоҳиятини очиқ-ойдин намойиш қилишгача ундади. Яъни, ШҲТ Ғарбнинг хатти-ҳаркатларига жавобан ўз кучини кўрсата оладиган глобал майдонга айланди. Айрим манбаларда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон ва Эрон каби йирик давлатларнинг бир вақтда, бир ташкилотда бўлиши ҳамда уларнинг ўзаро бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари Ғарбнинг Украина, Ғазо ва Яқин Шарқдаги адолатсизлигига жавоб, деган фикрлар билдирилмоқда. Яъни, кўпчилик таҳлилчилар адолат мезони аввал Ғарб томонидан бузилди ва бунга жавобан жануб давлатлари ўз позицияларини ШҲТда кўрсатдилар, деган фикрдалар.

Биз буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг “Куч адолатда” шиорини бежиз эсламадик. Бугун айнан Янги Ўзбекистон ана шу шиорга қатъий амал қилмоқда. Яъни, Ўзбекистон Марказий Осиёда адолат тамойилларини яққол намойиш этаётир. Сир эмаски, Марказий Осиё давлатлари яқин-яқингача ҳам низоли ҳолатда эдилар. Янги Ўзбекистон ислоҳотлари эса ҳудудда дўстона ҳамкорлик муҳитини пайдо қилди.

Хўш, бу қандай юз берди? Бу, энг аввало, ўзаро манфаатларни тан олиш, бир-бирларига ёрдам кўрсатиш, тушуниш ва муаммоли масалаларни музокаралар орқалигина ҳал қилиш билан амалга ошмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан илгари сурилаётган ички ва ташқи сиёсат шу маънода ҳам ижобий натижа берди ва биз узоқ йиллар давомида бегоналашиш даражасига бориб қолган қўшнилар билан тинч ва дўстона алоқаларни қайта тиклай олдик.

Ҳатто, ўта оғир ва ечими йўқдек туюлган ер, чегара муаммолари тили, тарихи, маданиятию, урф-одатларигача бир-бирига яқин бўлган қардош халқларнинг  етакчилари томонидан музокаралар столида, қайсидир ўринларда эса ҳатто ён беришлар орқали ҳал этилмоқда. Бир сўз билан айтганда бугун Марказий Осиё минтақаси тинчлик, ҳузур-ҳаловат ва ўзаро ҳамкорлик ҳудудига айланди. Айнан замонавий дунёда шундай хислатнинг, таъбир жоиз бўлса, нозик сиёсатнинг етишмаслиги туфайли ҳам дунё икки глобал қутбга – Ғарб ва жанубга бўлинди ва улар ўртасида рақобат юзага келди. Бугун ушбу ҳолат совуқ уруш давридагидек қуроллар  билан таҳдид қилиш даражасига ҳам етиб келди.

Хўш, ШҲТнинг шиори ўзаро ҳамкорлик ва дўстона муҳитда ривожланиш экан, нега ўтаётган ҳафтада Хитой халқи ҳарбий парад ўтказиб, ўз куч ва қудратини намойиш қилди? Нима сабабли энг оғир ва замонавий қуролларию, ҳарбий салоҳиятини дунёга кўрсатди?

Тўғри, бу аслида ғалаба паради эди. Аммо «коса тагида нимкоса» деганларидек, ушбу “парад” Ғарбга нисбатан жиддий ишора ҳам бўлди, дейишга етарлича асослар бор.

Зеро, ушбу парад Украина ва Ғазода олиб борилаётган «Кучлиманми, ҳамма нарса мен хоҳлагандек бўлади», деган Транс-Атлантика каолициясининг адолатсиз сиёсатчиларига қаратилган ўзига хос “сигнал” ҳам эди. Яъни, ШҲТнинг бу қадар кескинлашиши ва ўз шиори моҳиятидан четга чиқиши адолатсиз кучга таянган адолатсиз сиёсатга жавобан шаклланган аччиқ мева сифатида баҳоланаётгани бежиз эмас. Ўзбекистон эса Президентимизнинг ШҲТ саммитидаги сўзлаган нутқида алоҳида таъкидланганидек, тинчлик, ўзаро ҳамкорликда ривожланиш тарафдори ва доимо шу шиорга содиқ қолади.

Халқаро миқъёсда ҳам эътироф этилганидек, Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси устувор ўрин эгаллагани ҳам бу сиёсатнинг тинчлик ва ўзаро ҳамкорлик муҳитини янада ривожлантиришга қаратилганини англатади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, дунёдаги йирик давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг мана шундай оқилона ёндашувидан ўрнак олсалар, дунёда тезроқ тинчлик ўрнатилган бўларди. Яъни, миллионлаб фуқаролар сарсону, саргардорликка юзланмас, минглаб болалару, аёллар қурбон бўлмас, қанчадан қанча мактабу, кутубхоналар вайрон қилинмас, яъни, тарих йўқликка маҳкум қилинмаган бўларди.

Яна бир гап: ШҲТга аъзо бўлган айрим давлатлар, масалан, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар кескин бўлса-да, улар ШҲТ ҳузурида бир стол атрофида ўтира олдилар. Бу ҳам кимларгадир намуна бўлишга арзирли воқеадир. Зеро, ШҲТнинг бу сафарги саммитини дунёда йўқолиб бораётган адолат туйғусини қайтариш учун  эшик таққилатиш, деб ҳам қабул қилиш керак.

Аслида саммитнинг тарихий аҳамияти ҳам шу эди. Йилдан-йилга нуфузи ортиб бораётган ушбу ташкилот таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистоннинг тинчликпарвар ташқи сиёсатини андоза сифатида олган ҳолда бутун дунёга Амир Темурнинг “Куч адолатда” шиорини яна бир карра эслатишига урингандек бўлди.