Водийнинг коррупцион ҳолати ўрганилди

Водийнинг коррупцион ҳолати ўрганилди

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида парламентнинг масъул қўмиталарига маҳаллаларгача тушиб, коррупция омилларини ўрганиш бўйича аниқ вазифалар қўйилган эди.

Зеро, Кенгаш йиғилишида бундай жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллаларда маиший коррупция шаклида, жумладан, инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга кириш ва малака ошириш каби йўналишларда коррупция омиллари кўп учраётгани таъкидланганди. 

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Андижон вилоятида бўлиб, реал ҳолатларни ўрганишга киришди.

Хусусан, Депутат Андижон туманидаги  жиноятчилик бўйича штаб фаолияти билан танишди, “қизил” тоифага киритилган “Саноат” маҳалласи аҳолиси билан учрашди. Гуруҳ аъзолари туман ички ишлар бўлимида ҳам бўлиб, ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятларни барвақт профилактика қилиш, жамоат жойлари ва яшаш хонадонларида хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди. 

Парламент қуйи палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ҳудудларга сафари Андижондан бошлангани бежиз эмас. Қайд этилишича, айнан Андижон вилояти коррупция оқибатида етказилган зарар ҳажмининг катталиги билан ажралиб туради. Андижонда 2024 йили 502 та коррупциявий ва мансабдорлик жиноятлари содир этилиб, 820 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Давлат манфаатларига эса 125,7 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.

Жаҳонгир Ширинов бошчилигидаги гуруҳ жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга доир ишларни ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятида ҳам бўлиб, маҳалла фаоллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари билан учрашди, уларнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, коррупция омилларини бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазаларини эшитди.

Жумладан, депутат вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ташкил этилган “ижтимоий профилактика” штабида меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар, мактаб битирувчилари ҳамда талабалар билан суҳбатлашди, шундан кейин ижтимоий профилактика чоралари доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, “Киберхавфсизлик лабораторияси” фаолияти билан танишди.