Ҳукумат қарори билан миллий қадриятларга садоқат ва ватанпарварлик кучаяди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, таълим жараёнида ғоявий тарбияни шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини кенгайтириш ва ўз халқига муҳаббат ҳамда садоқат фазилатларини ривожлантиришга қаратилган дастури, шубҳасиз, янги йилимизнинг энг муҳим ҳужжатларидан бири бўлди.
Таъкидлаш лозимки, ушбу дастур “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” ғоясини амалга оширишда кўзга ташланаётган бўшлиқларни тўлдиришга қаратилгани билан ҳам мафкурачилар эътиборини тортмоқда.
Тан олайлик: глобаллашаётган дунёда инсоният ривожи ва юксалишининг асл табиатига зид қарашлар урчиди, тарбияни кераксиз юмуш сифатида талқин қилишга уринишлар авж олди, ҳатто, таълим ва тарбияни ажратиб талқин қилиш кимларгадир маъқул кела бошлади.
Эмишки, вояга етган инсонни тарбиялаш мантиқсиз ёндашув экан. Шунинг учун ҳам бугун у шаклланган, унга фақат таълим бериш мумкин, деган ғоя устуворлик қиляпти. Чиндан ҳам бугун биз тўқсон ёшли қариянинг олтмиш-етмиш ёшли ўғлига гап уқтиришини, хато қилиб қўйганда ҳатто дакки, танбеҳ беришини эсдан чиқаряпмиз.
Айрим ҳолларда болажон эканлигимиз бола тарбиясидан устун келди. Тарбиячига ҳам муносабатларимиз ўзгарди. Тўғри, баъзи бир тарбиячиларимиз ишончни оқламади, замонавий билим ва кўникмалари етишмаслиги уларга панд берди.
Шу маънода ҳам мазкур дастур ва унга сингдирилган вазифаларга бугунги куннинг энг долзарб масаласи сифатида қарасак, мақсадга мувофиқ бўларди.
Миллий-тарихий тажрибадан келиб чиқиб, ушбу дастурни уч босқичда: мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим ташкилотларида амалга ошириш кўзда тутилган. Белгиланган вазифаларда фарзандларимизнинг ёши, психофизиолгик ҳолатларигача эътиборга олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бу – ёшларда “Мен ўзбекистонликман”, деган фахр туйғусини шаллантиришга қаратилганлигидир. Дарҳақиқат, юртимизнинг ўсиб-ўлғайиб келаётган ёшларда мана шундай туйғуни шаллантириш ҳар бир ота-онанинг, маҳалла, таълим-тарбия маскани, қолаверса, раҳбар ходимларнинг вазифаси, фаолият мезонига айланиши керак. Ахир, ота-боболаримиз бежизга “Боланинг бегонаси бўлмайди”, “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деб айтмаган.
Шунингдек, боланинг нафақат ота-онаси ва оиласига, балки маҳаллага, юртга ҳамда халқимиз номига иснод келтириши энг оғриқли хатолардан саналган. Тасаввур қилинг: агар ватандошларимизга тааллуқли бирон бир нохуш хабар эшитсак, қанчалар азоб чекамиз? Аммо буни сездирмаймиз, ҳатто бу бизга бир неча кун, ҳатто ойлаб азоб беради. Ўйлаймиз: хўш, нима учун шундай? Хатоларимизни излаймиз. Маълум бўлдики, ҳаммаси ўзимизда, тарбиямизда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, “Мен ўзбекистонликман”, деган фахр туйғуси ортимизда қарийб қирқ миллионли халқ турганлигини доимо эслатиб туриши керак, босаётган ҳар бир қадамимизга бутун дунёда баҳо беради, бу баҳо менга эмас, халқимизга, юртимизга бериладиган баҳо, деб қарашга ўрганишимиз керак. Ахир, дунё тамаддунида буюк тарихга, ўз сўзи ва ўз маданиятига эга бўлган халқ фарзанди бўлиш, аждодларнинг шонли йўлини давом эттириш, унга муносиб бўлиш ҳам ҳар кимга ҳам насиб қилмайди.
Тарихимизга эътибор қаратсак, Турон заминида турли миллат ва элатлар бир халқ бўлиб яшаган, у дўстга дўст бўлган, душманга бир бўлиб қарши курашган. Турли иғво, фасодлар, бўлиб ташлашга қаратилган уринишлар бефойда кетган, улар чекинган, ҳатто таслим бўлган тақдирда ҳам бир халқ бўлиб, шу замин фарзанди бўлиб бирга яшашган. Бу – бизнинг энг буюк, энг улуғ қадриятларимиздандир. “Мен ўзбекистонликман”, деган фахр туйғуси мана шундай қадрият инъикосидир.
Ҳукумат қарорида Миллий тарбия моделини ишлаб чиқиш дастурнинг стратегик ғояси, мақсад ва вазифаларига эришишнинг асоси экани қайд этилган. Албатта, дунёда тарбия моделлари кўп. Масалан, Японияда миллий тарбия, Финляндия деймиз, баъзан назорат ва оғир масъулиятнинг ижобий натижалари ҳақида гап кетганда, Хитой ўқувчилари ҳақида сўз юритиб қоламиз, Германия тажрибаси ҳақида фикр юритиб, болаларга берилган эркинликларни мақтаб кетамиз.
Бир сўз билан айтганда, ёндашувлар ҳар хил: кимдир унисини мақтайди, кимдир бунисини қабул қилишга мойил. Хўш, нима учун, деган табиий савол туғилади.
Биз, балки, хато фикрлаётгандирмиз. Уларнинг ҳаммасида ўзига хос миллий руҳ бор. Бас шундай экан, ўзимиз япон бўлмасдан туриб, қандай қилиб японча тарбияни танлаймиз. Ёки бошқа бир миллий тарбияни? Масалан, “Ҳар бир болага етти маҳалла ота-она”, деган тушунча борми, уларда, албатта, йўқ. Лекин қўшниларимиз тарбиясига эътибор қаратсак, уларда умумий махражга эга бўлган қадриятларимизни истаганча топамиз.
Шу сабабдан таклиф этилаётган Миллий тарбия модели, албатта, кўпчиликда қизиқиш ўйғотмоқда. Уни ишлаб чиқишда дунё тажрибасига таяниш баробарида миллий руҳ масаласига урғу кўпроқ берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шу маънода “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори дастуриламал қилиб олинса, моделнинг ҳар бир сатри ёзилаётганда қадрият сўзининг маъно-мазмуни мавжудлигига эътибор қаратилса, айни муддао бўлган бўларди.
Ҳужжатда келтирилишича, Миллий тарбия модели кенг қамровли бўлади. Унда ёшлар тарбиясининг барча қирралари қамраб олинган. Айтайлик, аждодлар ҳаёти ва фаолияти – миллий ифтихор туйғуси, урф-одат ва анъаналар – халқимизнинг ўзига хослиги, Ватан учун жонини фидо қилган, халқимизга хизмат қилган миллий қаҳрамонлар – ватанпарварлик, мардлик ва фидойилик белгиси, халқимизнинг азалдан меҳнатсеварлиги, тадбиркорлиги – ёшлар келажаги, оила қадриятлари – оилавий муносабатларни мустаҳкамлиги, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш – рақобатбардошлик асоси сифатида қаралишини қўллаб-қувватлаймиз.
Шу билан бирга, “КАТТАЛАР – ШАХСИЙ НАМУНА” ғоясига эътиборни янада кучайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Улар ўзларининг ҳаёт тарзи, муносабати ва хатти-ҳаракатлари билан ёшларга ижобий таъсир кўрсатишлари керак. Бу борада айниқса, боғча ва мактабларга “Миллий мураббий”лар жалб этилиши ғояси эътирофга лойиқ. Бу тарбия жараёнида оила, маҳалла, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари ўртасида узвийлик ва мувофиқликни таъминлайди, албатта. Фақат бу ерда “Миллий мураббий”ликка лойиқ топиладиган инсонларга қўйиладиган талаблар қатъий, юзакиликдан холи бўлиши лозим.
Мухтасар айтганда, Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарор ўз вақтида қўйилган жуда кучли қадам бўлди. Биз келажак авлод тарбиясини ижтимоий тармоқларга, кўчадаги номаълум кимсаларга ташлаб қўйишимиз – кечириб бўлмайдиган хато бўлур эди.
Урол Ҳаитов Марказий кенгаш масъул ходими





