Ёшларни ишли ва даромадли қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда

Ёшларни ишли ва даромадли қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда

Фракция йиғилиши ниҳоятда муҳим масала – Олий  Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили – Болалар омбудсманининг 2025 йилдаги фаолияти муҳокамаси билан бошланди.

Юртимизда болаларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши, конституциявий даражадаги ижтимоий мажбурияти сифатида белгиланганидан ҳам билиш мумкинки, халқимиз ҳақиқатан ҳам болажон халқ. Сўнгги йилларда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш жараёни ҳам барқарор ва изчил давом эттирилмоқда. Биргина 2025 йилда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш бўйича 6 та қонун, Президентнинг 8 та фармони ва 6 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 26 та қарори қабул қилинди.

Давлат раҳбари  Фармони билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясининг эълон қилингани, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича глобал ташаббус – “Богота ҳаракатлар чақируви”га қўшилгани эса якунига етган йил чиндан ҳам мазкур соҳада туб ислоҳотлар йили бўлганини кўрсатади.

Айниқса, юртбошимизнинг бола фаровонлиги масаласига алоҳида эътибори ва бу йўлдаги қатъий сиёсати туфайли соҳада кенг кўламли ҳуқуқий ва институционал янгиланишлар юз берди. Эришилган ютуқлар нафақат миллий даражада, балки жаҳон миқёсида  ҳам эътироф этилмоқда.

Жумладан, ЮНИСЕФ таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда Ўзбекистон давлат сиёсати ва қонунчилигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга кўмаклашиш соҳасида жиддий ютуқларга эришди.  Мамлакатда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилди. АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳам Ўзбекистонни 131 мамлакат орасида 4 та давлат қаторида эътироф этди.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича,  ҳисобот йилида вакиллик номига 1934 та мурожаат келиб тушган ва бу 2024 йилга қараганда 84 фоизга кўпдир. Бевосита болалар томонидан 42 та мурожаат йўлланган бўлиб, бу жами мурожаатларнинг 2,17 фоизини ташкил этади. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидан, энг ками эса Сирдарё ва Навоий вилоятларидан тушган. Мурожаатларнинг 509 таси ижобий ҳал этилган, 708 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 53 таси айни пайтда кўриб чиқилмоқда.

Давлат органлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда бола ҳуқуқлари ва  қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан таъсир ҳужжатлари орқали муносабат билдирилиб, 3 та тақдимнома, 7 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилди. Болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан эса 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган.

Депутатлар Болалар омбудсманининг 2025 йилдаги фаолияти бўйича тайёрланган маърузани маъқуллар эканлар, “Миллий тикланиш” болаларга нисбатан ҳар қандай хатти-ҳаракатларни кескин қоралашини, шу билан бирга бу борада ечимини кутаётган айрим муаммолар борлигини ҳам таъкидладилар.

Жумладан, фракция раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистонда Болалар омбудсмани кеч ташкил этилгани, шу боис, болалар ҳимояси билан боғлиқ масалалар тўпланиб қолгани, айниқса, бугун айрим ота-оналарнинг ўз фарзандларини тарбиялашда етарли билимга эга эмаслиги катта муаммо бўлаётганини таъкидлади. Бунинг исботини баъзи ота-оналарнинг боласига   қўл кўтариши ёки қаттиқ уришиб, бақиришдан бошқа чорани билмаётганида ҳам кўриш мумкин.   

Бугун мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 70 фоизга етгани ҳақида гапиряпмиз. Албатта, бу жуда яхши кўрсаткич. Чиндан ҳам Янги Ўзбекистонда боғчаларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Боғчаларнинг болалар таълим-тарбиясидаги ўрнини ниҳоят англаб етдик. Лекин “Миллий тикланиш” мунтазам кўтариб келаётган бир муаммо бор: мактабгача таълим ташкилотларида бир тарбиячига нечта бола тўғри келяпти? Баъзан уймизда бир фарзандимизга сабримиз етмай қолади. Аммо боғчаларда бир тарбиячига 20-30 нафар бола тўғри келяпти. Тарбиячи ўз ишининг минг устаси бўлмасин, шунча болани эплаб оладими? Бугун боғчаларда муаммолар кўпайиб бораётганининг асл сабаби ҳам шунда эмасми?

Фракция раҳбари Алишер Қодиров Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мактабларда “Тарбия” фани жорий қилинганига ҳам тўхталиб, бу билан боғлиқ бир муаммо ҳануз ечим топмаганини таъкидлади:  Мактабларда бу фанни ўқитиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бу эса эртага билимсиз ота-онлар кўпайишига олиб келади. Ҳозирги 8-9 синф қизлари 10 йилдан сўнг она бўлади. Тарбиянинг мазмун-моҳиятини билмаган она қандай қилиб боласини тарбиялай олади.     

– Шу боис, Болалар омбудсмани ушбу муаммоларга ҳам эътибор қаратиши, депутатлар эса вакилликка бу борада яқин ёрдам бериши керак, – деди А.Қодиров.

Депутат Козим Тожиев Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Ички ишлар вазирликларининг болалар билан боғлиқ айрим маълумотларни омбудсманга тақдим этмагани билан боғлиқ масалани кўтарди. Болаларга кўпроқ масъул бўлган вазирликларнинг бундай хатти-ҳаракатини, албатта, оқлаб бўлмайди ва бундай идораларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш зарур, деган таклифни илгари сурди депутат.

Абдулҳаким Эшбоев эса бугуннинг энг оғриқли нуқтаси – ижтимоий тармоқлар билан боғлиқ масалани кўтарди.

Бугун ҳеч кимга сир эмас, аксарият давлатлар, ҳатто ривожланган давлатларда ҳам бирин-кетин болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришига тақиқ қўйилмоқда. Мисол учун: Австралия ортидан Буюк Британия, Франция, Испания, Дания, Малайзия, қўшни Қозоғистонда ҳам болаларнинг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида ана шундай тақиқни жорий қилмоқда.

Депутат АҚШ ва Хитойда бу бўйича қонун лойиҳаси тайёрланаётганини қайд этиб, Ўзбекистонда ҳам бу масала кўриб чиқиш вақти келмадими, деган саволни ўртага ташлади.

Йиғилиш кун тартибига киритилган асосий масала – “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг 2025 йилдаги ижроси партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб муҳокама қилинди.

Жумладан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратишнинг устувор йўналиши – таълимни янги босқичга олиб чиқиш, мактабгача таълим қамровини ошириш ҳамда қулай шарт-шароит яратиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлш мақсадида 135 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди ва қамров даражаси 78 фоизга етказилди. Хорижий тиллар, замонавий касблар ва китобхонлик лойиҳаларига 7,8 млн ёш жалб этилиб, Халқаро имтиҳон топшириш харажатлари компенсацияси бўйича 17,3 минг нафар йигит-қизга 38,7 млрд сўм ажратилди.

Ҳукумат вакили – Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг  давлат дастури ижроси бўйича тақдим этган маълумотидан кейин депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.

Жумладан, Азамат Пардаев “Миллий тикланиш” фракцияси ташаббуси билан “Тирик тарих” туркумидаги фильмларни ишлаб чиқариш учун 2025 йилги давлат бюджетидан 40 млдр сўм қўшимча маблағ ажратилганини эслатиб, ҳисобот йилида бу борада белгиланган вазифалар ижроси қай даражада бажарилгани масаласини кўтарди.

Маълумки, “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда 2030 йилгача 54 та тарихий фильм, шундан 21 таси бадиий, 33 таси бадиий-публицистик кинолойиҳалар ишлаб чиқарилиши, фильмларда  энг қадимги ўтмишимиздан тортиб, яқин тарихимизгача бўлган жуда катта даврни қамраб олиниши белгиланган. Яъни, яратилажак фильмларнинг мавзуси кенг ва ранг-баранг бўлиши керак. Жумладан, милоддан аввалги VI асрда яшаган миллий қаҳрамонимиз Широқ ҳақида, миллий давлатчилигимиз тарихида ўчмас из қолдирган Алп Эр Тўнга, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар, шу пайтгача етарли ўрганилмаган шайбонийлар, қорақалпоқ шоири Ажиниёз ва бошқа машҳур адиблар, буюк алломаларимиз ва миллий истиқлол курашчилари ҳақида ҳикоя қилиниши кўзда тутилган.

Маданият вазирлиги вакилининг маълум қилишича, ўтган йили ушбу дастур доирасида олинган тўртта фильм – “Баҳодир Ялангтўш”, “Ажиниёз”, “Махтумқули Фироғий”, “Улуғ Амир ва Донна Мария”ларнинг тақдимоти ўтказилди. Ҳозирда яна 30 га яқин фильм устида ишлар олиб бориляпти.

Бекмирза Эшмурзаев эса яна дарсликлар билан боғлиқ масалага эътибор қаратди. Депутатнинг таъкидлашича, Давлат дастурида ушбу масала 2025 йилнинг август ойигача тўла бажарилиши белгиланган бўлиб, молиявий томонларидан ҳам аниқ кўрсатилган. Лекин ҳудудлардаги ўрганишлардан маълум бўлдики, ўқув йилининг ярми ўтган бўлишига қарамай, кўплаб мактабларга ҳамон китоблар етиб бормаган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиев бу масалани ўқувчиларнинг у мактабдан бу мактабга кўчгани билан боғлаб, бу айрим мактабларда китобларнинг йиғилиб қолишига, айримларида эса етишмаслигига сабаб бўлаётгани билан изоҳлади. Вазирлик ҳозирда бу масалани рақамлаштириш орқали ечиш ҳаракатига тушгани ва янги ўқув йилида бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмаслигига ваъда берди.

Умида Раҳмонова ўқитувчиларни таълимдан бошқа ишларга жалб қилиш билан боғлиқ масалани кўтариб, бунга қонунан қатъий чек қўйилган бўлсада кейинги пайтларда педагогларни бошқа ишларга жалб қилиш ҳолатлари яна кўпайганини таъкидлади.

– Масалан, “kundalik.com”га кирмаган ёки пулини тўламаган ота-оналар учун ҳамон ўқитувчилар жавобгар қилинмоқда. Ёки бўлмаса, шу кунларда ўтказилаётган аҳолини рўйхатга олишда иштирок этмаган ота-оналар учун ҳам яна педагоглар, камига боғча тарбиячилари ҳам овора қилинмоқда. Аслида бу иш маҳалла “еттилиги” зиммасига юклатилган. Бундай ҳолатлар қачон тўхтайди, нега вазирликнинг бу масалада овози эшитилмаяпти? – деди У.Рахмонова.

А.Турдиев депутат тўғри масалани кўтарганини қайд этиб, вазирлик ўқитувчиларнинг зиммасига таълим беришдан бошқа вазифа юкланишига доимо қарши бўлиб келганини, “kundalik.com” масаласида эса қанча тарғиб қилинмасин, айрим она-оналар фарзандларининг таълим-тарбиясига беэътибор бўлаёгани билан чекланди, холос.

Депутатлар Гўзал Самиева ва Абдулҳаким Эшбоевлар ҳудудлардаги мактаблар таъмири билан боғлиқ масалани кўтарди. Вазир ўринбосари бу маҳаллий ҳокимликлар зиммасидаги масала эканини, мактаблар ҳудуди молиявий имкониятдан келиб чиқиб, навбати билан таъмирланаётганини таъкидлади.

  – Лекин вазирлик ҳам қараб тургани йўқ, донорлар, хорижий ҳамкорлар ёрдами билан ҳам мактабларни замонавийлаштириш чораларини кўряпти. Масалан, ЮНИСЕФ Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида шу йилнинг ўзида 16 та мактабни жиҳозлаб бермоқчи. Бу 3 йиллик дастур бўлиб, 50 та мактабни жиҳозлаш кўзда тутилган, – деди А.Турдиев.

Муҳокамалар якунида ҳақиқатан ҳам таълим билан боғлиқ масалалар кўплигини, шу боис, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримовани “Парламент эшитуви” ёки “Ҳукумат соати”га чақириш бўйича таклиф ўртага ташланди.