Россия ва Марказий Осиё: Муносабатлар таранглашишидан ким манфаатдор?

Россия ва Марказий Осиё: Муносабатлар таранглашишидан ким манфаатдор?

Гарчи расмий манбаларда Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалар изчил ривожланаётгани таъкидлансада, сиёсий майдонларда муҳокама қилинаётган айрим қарорлар гўё “уйнинг гапи кўчага тўғри келмайди” иборасини эслатаётгандек туюлмоқда. 

Ёдингизда бўлса, Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга, кейинроқ эса Қозоғистонга уюштирилган ташрифларидан кейин рус матбуоти ва жамоатчилиги Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқалар ривожланишнинг янги босқичига кўтарилгани ва мамлакатлар ўртасида бирон-бир муаммоли масалалар йўқлигини таъкидлаб, дўстлик ришталари янада мустаҳкамланаётганини эътироф этган эди. 

Чиндан ҳам Россия ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, айниқса, иқтисодий алоқалар йилдан-йилга ривожланяпти. Бунда қўшма лойиҳалар, инвестиция қўйилмаларининг ортаётгани, тадбиркорларнинг ўзаро муносабатлари яхшиланиб, янги иш ўринлари ташкил топиб, аҳоли учун қўшимча имкониятлар ҳам пайдо бўляпти.

Булар эса шубҳасиз, иқтисодиётни ривожлантириш, маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада яхшилашга хизмат қиляпти. 

Маълумотларга кўра, айни пайтда Қозоғистонда 25 мингга яқин Россиялик ҳамкорлар билан ишлаётган корхоналар бор. Ўнлаб соҳа ва тизимлар қатори туризмда ҳам янгидан-янги лойиҳалар амалга ошириляпти. Биламизки, Ўзбекистон ва Россия ўртасида стратегик шериклик алоқалари ўрнатилган бўлиб, юртимизда 3 мингдан ортиқ Россия компаниялари фаолият юритяпти.

Тан олиш керак: Марказий Осиё давлатларининг Россия билан ҳамкорликдан манфаатдорлиги замирида бошқа масалалар қатори меҳнат мигрантлари масаласи ҳам бор. Гарчи Россияда кейинги йилларда мигрантлар сони сезиларли даражада камаяётган бўлса-да, аммо Марказий Осиёда ортиқча меҳнат ресурсларининг мавжудлиги Россия билан барқарор ҳамкорликдан томонлар бирдек манфаатдор эканини кўрсатади.

Аммо беш қўл баробар эмас, деганларидек, кейинги пайтларда айрим россиялик сиёсатчилар, хусусан, баъзи депутатларнинг тил, миллий қадриятлар билан боғлиқ бир томонлама фикрлари ҳақли эътирозларга сабаб бўлса-да, бу расмий Москванинг қараши эмас, дея маҳаллий сиёсатчилар ўзларини ўзлари овутиб келишяпти.

Кейинги кунлардаги воқеалар  эса баъзи бир россиялик сиёсатчилар чиндан ҳам Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик муносабатларини қайта кўриб чиқишмоқчими, деган ҳақли саволни ўртага олиб чиқаётгандек.  

Россия Давлат думасида мигрантларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилиш масаласи муҳокама қилингани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин. Мажлисда Дума спикери Вячеслав Володин текширув натижаларига кўра, мигрантлар болаларининг 41 фоизи рус тилини ёмон билиши ёки умуман билмаслигини таъкидлади. Шу ўринда жаноб Володиннинг “гап бизнинг мактабларимиз ҳақида кетяпти” деган гапига алоҳида эътибор қаратиш лозимга ўхшайди.

Қайд этиш жоизки, ушбу масала бугун кўтарилаётгани йўқ. Октябр ойида Россия мактабларида мигрантларнинг болалари синовдан ўтказилган, натижаларга кўра, чет эллик болаларнинг 18 фоизи рус тилини билмаслиги ёки ёмон билиши аниқланган эди. Шу маънода Россия Таълим вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган ушбу мониторинг бу борадаги ҳаракатларга замин яратди, дейиш мумкин. 

Ниҳоят, 10 декабрь куни, Давлат думаси депутатлари мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини Россия мактабларига қабул қилишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар. 

Демак, янги қонуннинг қабул қилиниши вақт билан боғлиқ, холос.

Ўз навбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам рус сиёсатчиларининг Марказий Осиё минтақасини Россия билан виза орқали кириб-чиқиш қилиш ҳақидаги ташаббусларига бежиз тўхталмаганини айтиш жоиз. Тўғри, бир қарашда партия етакчиси россиялик ҳамкасблари қарорини “шоду-хуррамлик билан” қўллаб-қувватлагандек тасаввур уйғотиши мумкин. Аммо бундай қўллаб-қувватлаш ушбу қарорга нисбатан жавоб қайтариш лозимлигига ишора эканини тушунмаслик мумкин эмас.

“Яқин келажакда кутилаётган беқарорлик, релокантларнинг жиддий ортиши эҳтимоллари фонида нафақат биз, бутун Марказий Осиё минтақасини Россия билан виза орқали кириб-чиқиш қилиш, иш излаб бораётганларга талаблар ва назоратни кучайтириш ҳақидаги рус сиёсатчиларининг ташаббусларни қўллаб-қувватлашимиз керак деб ўйлайман”.

Депутат шунингдек, россиялик ҳамкасблари фикрини такрорлагандек, Ўзбекистонда ҳам яшайдиган барча фуқаролар ўзбек тили, маданияти ва маҳаллий қадриятларни билиши ва ҳурмат қилиши керак деб ҳисоблашини, хорижга иш излаб бораётган ўзбекистонликларни ҳам маҳаллий тил, маданият, қонунлар ва ўз ишини яхши билиши зарурлигини тан олиши лозимлигига урғу беради. 

“Бу билан ўз ҳақини ҳимоя қила олмайдиган, маҳаллий айирмакашлар томонидан камситилишга рози бўлаётган, энг ёмони, ихтиёрий-мажбурий, масъулиятсизларча ҳаётини сотиб юбориб, Ўзбекистон учун жиддий ижтимоий, сиёсий, иқтисодий юк яратаётган айрим фуқароларимизга ҳам ёрдам берган бўламиз”, - деб ёзади Алишер Қодиров.

Албатта, “Миллий тикланиш” раисининг ушбу фикрлари йўқ жойдан пайдо бўлгани йўқ. Маълумки, бир неча кун олдин Россия Либерал-демократик партияси раиси Леонид Слуцкий “Мигрантлар кодекси”ни яратиш таклифини илгари сурган эди.  

Марҳум Владимир Жириновскийнинг ўрнини эгаллаган, ЛДПРнинг янги раиси кодекс бир қатор қоидаларни ўз ичига олиши, унга кўра, меҳнат мигранти рус тилини билиши, агар у Россия Федерациясида яшаса, оиласига рус тилини ўргатиши, халқ маданияти ва анъаналарини ҳурмат қилиши шартлигини таъкидлаганди.

Бундан ташқари, депутат бундай чет эл фуқаросининг расман ишга жойлаштирилиши ва солиқ тўлаши, ишлаш учун рухсатнома олгани, депортация ёки чиқариб юборилиш хавфидан суғурталаниши, шунингдек, бармоқ излари, геномик рўйхатга олиш ва руҳий текширувдан ўтиши кераклигини уқтирганди.

Албатта, Россиялик депутатларнинг қарори ўз мамлакатлари манфаатидан келиб чиққан ҳолда тайёрланган ва буни муҳокама қилишга ҳаққимиз йўқ. 
Аммо эътибор талаб қиладиган жиҳати шундаки, кейинги йилларда Россияда қандай мавзу муҳокама қилинмасин, “бош рол” Марказий Осиёликларга ажратилаётгани бундай муносабат ортида қандайдир бошқа бир мақсадли кучлар борми, деган фикрни келтириб чиқаради.

Мана бир мисол, маҳаллий матбуотда жиноятчилик мавзуси тилга олинадими, четга чиқарилаётган маблағлар ҳақида гап кетадими ёки аҳолига хизмат кўрсатувчи транспортлардаги хавфсизлик масаласими, “бош рол” учун асосан Марказий Осиёликлар танланаётгани бор гап. Ваҳоланки, улкан Россияда яшовчи хорижликлар борингки, меҳнат мигрантлари орасида бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам кам эмас.

Яна такрорлайман: бу фикр бежиз пайдо бўлаётгани йўқ. 

Яқинда Чеченистон раҳбари Рамзан Кадиров ҳам кимдир Россияни атайлаб қўшни биродар ҳудудлар билан тўқнаштираётгандек туюлаётганини таъкидлаб, миграция сиёсатини ўзгартириш керак бўлса ҳам, буни маҳаллий бўлмаган ҳар қандай учраганига шафқатсизларча ташланадиган даражада жирканч усулда амалга оширмаслик лозимлиги хусусида ўз фикрларини билдирган эди. 

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: хўш, Россиянинг ўзи Марказий Осиё билан ўзаро ҳамкорликдан манфаатдорми? Назаримизда, бу саволга Россия Президенти Владимир Путиннинг Марказий Осиё давлатларига ташрифлари давомида билдирган фикр-мулоҳазаларидан истаганча жавоб топиш мумкин.

Аммо ўрта бўғин сиёсатчиларининг имкон топилди, дегунча Марказий  Осиёдан келган мигрантларни асосий нишонга айлантиришлари, камситиш, ўзаро алоқаларда ўзлари учун устиворлик роли ажратилишига бўлган уринишлари Россияга бўлган ишончга путур етказаётганини тушунмасликлари мумкин эмас.

Бизнингча, бундай уринишлардан на Россия, ва на Марказий Осиё халқлари манфаатдор эмаслар.