ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ БИРИНЧИ МАЖЛИСИДАГИ НУТҚИ

ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ БИРИНЧИ МАЖЛИСИДАГИ НУТҚИ

Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар!

Қадрли йиғилиш иштирокчилари!

Аввало, сиз, азизларни кучли рақобат, қизғин сиёсий кураш ва ошкоралик муҳитида ўтган сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати деган шарафли мақомга сазовор бўлганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бу юксак ишонч – сизларнинг бой билим ва ҳаётий тажрибангиз, юртимиз равнақи, эл-юртимиз фаровонлиги йўлида қилаётган фидойи меҳнатингизга нисбатан халқимизнинг улкан ҳурмат ва эҳтироми ифодасидир.

Ҳар қандай сайлов давлат ва жамият учун муҳим сиёсий жараён эканини барчамиз яхши тушунамиз. Айниқса, жаҳондаги бугунги кескин ва таҳликали вазиятда бундай умумхалқ тадбирларини ўтказиш янада катта масъулият талаб этади.
Ўзингиз кўраяпсиз, турли минтақаларда уруш ва жанжаллар, қарама-қаршилик ва зиддиятлар авж олиб бормоқда. Баъзи халқлар учун бир кунни, бир дақиқани тинч ва осойишта ўтказиш орзу-армонга айланмоқда.

Ана шундай ғоят мураккаб даврда сайловларни осойишталик шароитида, эмин-эркин ўтказганимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликдан далолат беради. Ва барчамиз бу бебаҳо бойлигимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз ва мустаҳкамлашимиз керак.
Хорижий ташкилотлар ва кузатувчилар ҳам бўлиб ўтган сайлов жараёнлари халқаро стандартларга тўла мос ҳолда ўтганини эътироф этиб, уларга юқори баҳо берганини таъкидлаш лозим.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Бу йилги парламент сайловларининг энг муҳим жиҳатлари ҳақида тўхталганда, аввало, улар янгиланган Конституциямизга мувофиқ ўтказилган илк сайлов сифатида тарихга кирганини қайд этишни истардим.

Айни шу асосда ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган, масъулияти бир неча карра ортган янги халқ вакиллиги тизими шакллантирилди. Энди, янги таркибдаги Олий Мажлис ўз фаолиятини натижадорликка йўналтириб, қонуний ваколатларидан аниқ мақсад йўлида, самарали фойдаланиш устида жиддий иш олиб бориши зарур.

Иккинчидан, Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришганимизга саккиз йил бўлди. Бу даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва иштироки кучайди.
Буларнинг барчаси аралаш сайлов тизимини жорий этишга мустаҳкам замин яратди. Кўплаб давлатларда бундай ислоҳотларни ўтказиш учун ўн йиллар керак бўлган.

Шу маънода, Ўзбекистон аралаш сайлов тизимини қисқа фурсатда, дадил жорий этишга эришган кам сонли мамлакатлардан бири, дейишга муносибдир.
Бўлиб ўтган сайловлар ушбу тизим сиёсий партиялар фаоллигини оширгани, улар ўртасида кучли рақобат учун кенг ва тенг шароит яратганини яққол намоён этди.
Янги тизим – ҳар бир сайловчининг овози Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўрни учун муҳим эканини, бу борада адолат тамойили янада кучайганини ҳам кўрсатди.

Учинчидан, сайловлар тўлиқ очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик муҳитида ўтди. Қўлланган замонавий технологиялар ҳам бу жараёнда муҳим роль ўйнади. Жумладан, сайловнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилиб, “E-sаylov” ахборот тизими жорий қилинди. Овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиш имкони яратилди, илк бор электрон овоз бериш синовдан ўтказилди.

Сайловларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби 13 та нуфузли халқаро ташкилот, 40 дан зиёд давлатдан 850 нафар хорижий ва 65 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг мингдан ортиқ вакиллари кузатиб борди.

Уларга сайлов жараёнлари ҳақидаги холис фикрлари ва тавсиялари учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан ташаккур изҳор этаман. Биз ушбу тавсияларнинг ҳар бирини чуқур ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш чораларини кўрамиз.

Тўртинчидан, Марказий сайлов комиссиясининг мустақиллиги сезиларли кучайгани, профессионал сайлов органлари ташкил этилгани сайловларнинг ҳаққоний руҳда ўтишида муҳим роль ўйнади.
Сайловлар қонунчилик талаблари ва халқаро стандартларга тўла мос ҳолда ўтишини таъминлаган барча даражадаги сайлов комиссиялари, хусусан, Марказий сайлов комиссиясига алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

Умуман, сайловларда 15 миллиондан зиёд аҳолимиз, жами сайловчиларнинг қарийб 75 фоизи фаол иштирок этгани уларнинг олиб бораётган ислоҳотларимизга бўлган юксак ишончини яна бир карра тасдиқлади, десам, ўйлайманки, фикримга қўшиласиз.

Азиз дўстлар!

Сайловлар натижасида Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 87 нафар янги депутат сайланди. Депутатларимизнинг 11 нафари – 7,5 фоизи 35 ёшгача экани, илк бор ёшлар парламентининг 2 нафар вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангани барчамизни хурсанд қилади.

Айниқса, депутатларнинг 38 фоизини ёки 57 нафарини ҳурматли аёлларимиз ташкил этгани – минтақадаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, албатта қувончли натижадир. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштироки кучайгани жамиятимиз ривожига ижобий таъсир кўрсата бошлаганини ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда.

Биз муҳтарама аёлларимизни, азму шижоатли ёшларимизни қўллаб-қувватлашни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз.
Тарихимизда илк бор ногиронлиги бўлган фуқаромиз Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Бу – парламентимизни том маънода инклюзив органга айлантириб, ушбу қатлам манфаатларини янада кенг ифода этиш имконини беради, десак, тўғри бўлади.

Янги таркибда қайта сайланган 63 нафар депутатимиз ҳам бор. Бу – парламент ишида узвийлик ва профессионализмни таъминлашга хизмат қилади.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Сайлов кампанияси даврида партиялар жиддий тайёргарлик, аниқ ғоя ва дастурлар билан майдонга чиққанига гувоҳ бўлдик.
Партияларимиз илгари сурган ва халқимиз қўллаб-қувватлаган ҳар бир таклифни биз албатта кўриб чиқамиз ва амалга оширамиз.
Мен Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳақидаги таклифларини қўллаб-қувватлайман.

Партиянинг бизнес юритишни янада соддалаштириш мақсадида мингга яқин бюрократик талабларни бекор қилиш, лицензия, рухсатнома ва бошқа чекловчи ҳужжатлар сонини 2 карра камайтириш, давлат харидларида кичик бизнес иштирокини янада кенгайтириш ҳақидаги таклифлари ҳам диққатга сазовордир.

Ҳаёт синовидан ўтган бир ҳақиқатни эсдан чиқармаслик керак. Жадал иқтисодий юксалишимиз, келажагимиз тадбиркорлик ривожига боғлиқ. Шу боис, партия тадбиркорликка янада кенг йўл очиб бериш бўйича олиб бораётган ислоҳотларимизда фаол бўлиб, янги-янги ташаббуслар билан чиқишига ишонаман.

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг мактабларда муаллимларни танлов асосида ишга қабул қилиш ҳақидаги таклифига қўшиламан.
Мен илм, таълим, муаллим бу – тараққиёт калити, деб такрорлашдан чарчамайман. Нега деганда, барча ислоҳотларимиз, тақдиримиз ва истиқболимиз, аввало, мактабга, муаллим ва домлаларга, умуман, таълим соҳаси ривожи билан чамбарчас боғлиқ.

Партиянинг фарзандларимизни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, уларга она тили ва чет тилларни ўргатиш учун янада кенг шароитлар яратишга оид таклифлари ҳам албатта муҳим. Айнан шу йўл билан ёш авлодимизни замонавий тафаккурга эга баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун мустаҳкам пойдевор қўйган бўламиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитларни янада яхшилаш бўйича билдирган таклифларига тўла қўшиламан.

Ушбу партия аҳолимизнинг пенсияга чиқишдаги кафолатли ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳам яхши ташаббусларни илгари сурди. Пенсия тизимини ислоҳ этиш борасида Ҳукумат ишчи гуруҳи бу таклифларни партия вакиллари билан қисқа муддатда кўриб чиқади.
“Адолат” социал-демократик партиясининг истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича позицияси ҳам кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди.

Дорилар устидан назоратни кучайтириш, нархлар сунъий ошишининг олдини олиш, рецептсиз дорилар рўйхатини қисқартириш бўйича партия ўзининг роли ва масъулиятини оширишга қарор қилгани менга маъқул.

Одамларимиз бугун дори-дармонлар нархидан рози, деб айтолмаймиз. Партия шу масалани алоҳида назоратга олиб, умуман, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш борасида ҳам жонбозлик кўрсатади, деб умид қиламан. Чунки биз барпо этаётган ижтимоий давлатда аҳолининг энг муҳим эҳтиёжлари билан боғлиқ мана шундай масалаларда адолатни таъминлаш ҳал қилувчи ўрин тутади.
Экологик партиянинг давлат органлари ва корхоналар ҳудудида яшил боғлар ташкил этиш, экологик маданиятни юксалтириш бўйича дастур қабул қилиш ҳақидаги таклифлари ҳам ўринли.

Экология масаласи бутун дунёда энг долзарб муаммога айланиб бораётганини яқинда Бокуда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти саммити ҳам кўрсатди.

Биз Экологик партия ва унинг тарафдорларидан дастур қабул қилиш билан бирга юртимизда соғлом табиий муҳит яратишга, айниқса, ҳаво тозалигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар ва таъсирчан қонунларни кутиб қоламиз.

Умуман, партиялар ва депутатларимиз сайловолди дастурларида ўзлари илгари сурган ана шундай муҳим ташаббусларни қонун билан мустаҳкамлаб, уларни рўёбга чиқариш учун катта куч-ғайрат билан ишга киришишлари лозим.
Ҳурматли депутатлар!
Ўтган беш йил давомида қуйи палатамиз самарали фаолият кўрсатди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Авваламбор, парламентимизнинг тўртинчи чақириқ депутатлари мамлакатимизнинг келгуси тараққиёт йўналишини белгилаб берган Асосий қонунимизни янги таҳрирда тайёрлаш ва қабул қилишда жонбозлик кўрсатдилар ва бу Янги Ўзбекистон солномасида ёрқин тарихий воқеа сифатида муҳрланди.
Қуйи палата томонидан 130 дан ортиқ янги ва яхлит қонунлар қабул қилинди. Бу – олдинги даврга нисбатан 1,5 карра кўп.
Буларнинг барчаси юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни мустаҳкамлаш ва янада жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этди, десак, адолатдан бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, ўтган чақириқда фаолият кўрсатган депутатларга самарали меҳнатлари учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Албатта, парламентимиз фаолиятида ютуқлар билан бирга, эътибордан четда қолган масалалар ҳам бўлди. Уларнинг айримларига тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи масала. Қонун лойиҳалари сифати бўйича эътирозлар борлигига кўз юмиб бўлмайди. Тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича қолмоқда.

Биз Парламент тадқиқотлари институтини Қонунчилик палатасига ўтказганимиз бежиз эмас. Энди, депутатлар институт билан фаол ишлаб, муаммоларга илмий-амалий ечим топиши, бу борадаги таклифларини қонунчилик ташаббуси даражасига олиб чиқиши керак.
Иккинчи масала. Парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланди, деб ҳозирча айта олмаймиз.

Очиғи, парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда. Қонунчилик палатаси экология, озиқ-овқат хавфсизлиги, саноат, хизмат кўрсатиш, инвестиция, экспорт, миграция каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайман.

Масалан, 2030 йилгача яшиллик даражасини 30 фоизга етказишни режа қилганмиз. Шу мақсадда, келгуси йилда ҳар бир туманда кенг жамоатчилик иштирокида экологик паспортлар ва экологик рейтинг ишлаб чиқилади, йирик корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишини қўллаб-қувватлаш тизими жорий қилинади, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 1 миллиард 300 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бошланади.

Депутатларимиз бу йўналишларда мутасадди идоралар олдига аниқ топшириқлар қўйиб, уларнинг ижросини назоратга олса, экологик мувозанат барқарорлигига катта ҳисса қўшган бўладилар.

Яна бир масала. Депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб бериш билан чекланиб қолмоқда.

Мисол учун, ислоҳотларимизнинг муҳим қисми бўлган камбағалликни қисқартириш масаласида депутатларимиз ҳали ўз ўрнини топа олгани йўқ.
Биз яқинда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини қабул қилиб, 2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича катта марра олдик. Бу мақсадларга 46,5 триллион сўм йўналтирилади. Бундан ташқари, 100 минг гектар ер деҳқончилик ва боғдорчилик ташкил этиш учун 200 минг камбағал оилага ижарага берилади.

Мана шундай улкан вазифаларни амалга оширишда депутатларимиз ўз округларида энг фаол иштирокчи ва тарғиботчи бўлишлари зарур, деб ўйлайман.

Камбағаллик даражасига тушиб қолган одамларнинг онгини ўзгартириш, уларда эртанги кунга ишонч ва келажакка интилишни қўллаб-қувватлайдиган сиёсий куч, албатта, аввало, депутатлар бўлиши зарур.
Агар янги сайланган депутатларимиз ўз округларида мана шу ишларни амалга оширса, улар халқ ишончини оқлашга ва унинг ҳурматини қозонишга эриша оладилар.

Тўртинчи масала. Сўнгги йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва минтақа доирасида бир қатор йирик ташаббусларни илгари сурдик, халқаро ҳамжамият ҳам буни кенг қўллаб-қувватламоқда.

Ўтган даврда Ўзбекистоннинг ташаббуслари асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 11 та резолюция қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Лекин бир ҳақиқатни тан олишимиз керак: ана шу ташаббусларнинг моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказишда депутатларда, афсуски, фаоллик етишмаяпти.

Қонунчилик палатасининг халқаро ишларга масъул қўмитаси энди бу борада янгича фаолият олиб бориши лозим.

Азиз дўстлар!

Келгуси беш йилда Қонунчилик палатаси олдида ғоят улкан вазифалар турибди.

Биринчидан, қуйи палатадаги 12 та қўмита ўрнида 10 та янгиланган қўмита ташкил қилинди. Бу – жуда тўғри қарор.

Илк бор парламентимизда Тадбиркорлик, рақобат ва саноат қўмитаси тузилгани юртимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Энди палатадаги қўмиталар аъзолари билим ва тажрибасини тинимсиз ошириб, масъулиятни чуқур ҳис этиб, янада кўпроқ меҳнат қилишлари лозим. Чунки, пухта билим, профессионал малака, юксак фазилат ва тафаккурга эга бўлган депутатгина қуруқ гап ва популизмдан йироқ бўлади.

Қўмиталар фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шуни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир қўмита қошида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилса, яхши самара бериши аниқ.
Яна бир муҳим масала – парламент қўмиталари вазирликлар билан ишлашда фақат назорат ва талаб этиш эмас, балки улар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга аҳамият берса, айни муддао бўлади.

Энг катта камчилик – вазирликлар қуйи бўғинда, айниқса, туман ва шаҳар даражасида самарали иш ташкил эта олмаяпти.
Энди аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш улар учун бош вазифа бўлиши керак. Бундан буён ҳар бир раҳбар ва мутасадди фаолиятига айнан шу мезон асосида баҳо берилади. Талабга жавоб берадиган раҳбарлар ишлайди, бўлмаса, улар билан хайрлашамиз.

Ҳурматли депутатларимиз ҳам ваколатлари доирасида ўз округларидаги туман ва шаҳар даражасида сўров ва талабни ҳеч тортинмасдан кучайтиришлари керак. Чунки халқимизнинг ўзи биздан ана шундай жонбозлик кўрсатиб ишлашни талаб этмоқда.
Иккинчидан, 75 нафар депутатимиз илк бор партиявий рўйхатлар асосида сайланди.

Улар ҳам албатта округларга доимий бириктирилиб, аҳолини қийнаётган муаммолар ечимига масъул бўлиши ва таклифлар киритиб бориши лозим.

Шу ўринда партиявий рўйхат асосида сайланган депутатларнинг сиёсий партия ва ўз фракцияси олдидаги масъулияти бир неча бор ошганини ҳам қайд этиш зарур. Янгича сиёсий-ҳуқуқий шароитда партиявий ва фракциявий интизомни мустаҳкамлаш масаласи ҳам асосий эътиборда бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

Учинчидан, қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши керак.

Масалан, юртимизда аҳоли сони йилига қарийб 1 миллионга ошмоқда. Бу – янги уй-жойларни кўпайтиришни тақозо этмоқда.
Эътибор беринг, сўнгги 30 йилда биргина Андижон вилоятида 68 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари уй-жой фондига ўтиб кетган. Деҳқончилик учун зарур ерларни уй-жой қуришга бериб юбораверсак, эртага қаерга экин экамиз, озиқ-овқат хавфсизлиги нима бўлади?

Шу боис, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш керак, деб ўйлайман. Бу қонуннинг қабул қилиниши 20 минг гектар ер майдонини тежаб, 4,5 миллион аҳолини уй-жой билан таъминлаш имконини беради.

Кейинги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар учраётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларимизнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш лозим.

Яна бир мисол. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун сўнгги етти йилда тиббиёт соҳасига йўналтирилган маблағлар 6 баробар ошди. Келгуси йилда ҳам соҳага бюджетдан йўналтириладиган ресурсларни 20 фоизга ошириб, 41 триллион сўмга етказамиз.

Ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича яхлит тизим бўлиши шарт. Тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини албатта қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш вақти келди.
Таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, янги боғча ва мактаблар қуриш, мавжудларини энг замонавий анжомлар билан жиҳозлаш бўйича катта дастурларни бошлаганмиз.

Биз хусусий мактаб ва боғча қураман, деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароитларни яратиб беришни ҳам ўйлашимиз керак. Бу борада, уларга берилган солиқ ва божхона имтиёзлари муддатини узайтириш, хориждан мутахассис жалб қилиш тизимини соддалаштириш ҳам жуда муҳим.

Қонунчилик палатасининг бюджет, тадбиркорлик, фан ва таълимга масъул қўмиталари бюджет қонуни муҳокамасида Ҳукумат олдига аниқ вазифаларни белгилаб бериши керак.

Бошқа бир мисол. Бугунги кунда расмий банд аҳолимизнинг 23 фоизи ёки 1,7 миллион нафари савдо ва молиявий хизматлар соҳасида фаолият юритмоқда. Лекин, ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 11 фоизини берадиган бу соҳалар ҳалигача эски қоидалар асосида тартибга солинмоқда.
Ваҳоланки, молиявий технологиялар, рақамли маркет-плейслар, веб-сервис, бонд омборлари каби янги тижорат майдонлари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, франчайзинг, капитал бозори, стартаплар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш бугунги кун талаби, десам, тўғри бўлади.

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда сунъий интеллектдан нафақат одамлар учун қулайлик яратишда, балки технологик жараёнлар, тўлов тизими, транспорт бошқаруви каби соҳалар ривожини янги босқичга олиб чиқишда ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Шу боис, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

Яна бир масала – юртимизда энергия ишлаб чиқарувчи нодавлат компаниялар сони 11 тага етди.
Келгуси йилда илк бор электр энергияси онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳудудий электр тармоқларини бошқариш хусусий инвесторларга аукцион орқали берилади.

Шу боис, иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бу соҳада бозор механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тезлаштириш зарур.

Умуман, Қонунчилик палатаси пухта ўйланган дастур қабул қилиб, келгуси беш йилда қандай янги қонунлар устида ишлашини аниқ белгилаб олса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўртинчидан, янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак.

Ўтган сайловларда сиёсий партияларнинг дастури ҳам, ғоялари ҳам бир-биридан фарқ қилди, турли сиёсий мафкуралар кураши яққол кўзга ташланиб турди. Хусусан, сайловлар жараёнида кўплаб дебатлар ташкил этилганини халқимиз ва халқаро кузатувчилар алоҳида эътироф этди.
Шу ўринда парламентда мухолифатни жонлантириш зарур, деб ҳисоблайман. Бунинг учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда ҳукумат соати ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қиламан.

Умуман, сайловлардаги соғлом рақобат, мухолиф фикрлар кураши парламентга кўчиб ўтса, бу албатта халқ манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилади.

Бешинчидан, парламент назорати, аввало, сиёсий назоратдир, унинг оқибати ҳам сиёсий масъулият билан боғлиқдир.
Шу ўринда Қонунчилик палатасига Ҳукумат аъзоси ҳисоботини эшитиб, унинг якунларига кўра, ушбу раҳбарни истеъфога чиқариш тўғрисида Президентга таклиф киритиш ҳуқуқи берилганини эслатиб ўтмоқчиман.

Олдинги чақириқ давридаги тор доирали парламент назоратидан энди кенг кўламли, сифатли назорат тизимига ўтиш зарур.
Олтинчидан, янгиланган Конституциямизга кўра, давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига киради.

Бу муҳим ваколат депутатларимиз зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Биринчи галда палатанинг давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмларини янада кучайтиришнинг вақти-соати келди. Жумладан, ҳукуматнинг давлат бюджетига доир барча ҳисоботларини палатага фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда киритиш амалиётига ўтиш керак.

Бундан ташқари, давлат бюджети ижросини назорат қилишда парламент қўмиталари ролини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмайди. Янги сайланган депутатларимиз ушбу масалага алоҳида ёндашишлари зарур.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда парламентнинг фаол иштирок этиши муҳим. Масалан, бу йил ҳудудларни ривожлантириш, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, маҳаллаларни обод қилиш бўйича инвестиция дастурларига 30 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирдик.

Бироқ, ана шу дастурни қабул қилишда қайси депутат қатнашди? Унинг ижроси бўйича кимдан ҳисобот талаб қилди?
Шу муносабат билан яна бир муҳим ташаббусни илгари сурмоқчиман.

Инвестиция дастурларини тайёрлашда депутатлар ҳам албатта иштирок этадиган, уларнинг фикри инобатга олинадиган тизим яратсак, нима дейсизлар?

Бундан ташқари, туман ва шаҳар ҳокимлари ўзлари масъул бўлган ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни мустақил ҳал қилиши учун уларнинг молиявий имкониятларини оширишимиз зарур. Ушбу мақсадларда келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдиришни таклиф қиламан.

Халқ вакиллари ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳудудларнинг иқтисодий имкониятларини ишга солиш ва бюджет тушумини кўпайтириш бўйича фаол ташаббус кўрсатишларига ишонаман.

Еттинчидан, кейинги йилларда палата фаолиятида жамоатчилик иштироки янада кучайди.

Хусусан, янгиланган Конституциямизда 100 минг нафардан кам бўлмаган фуқаролар ўз таклифларини қуйи палатага киритиш ҳуқуқига эга экани кафолатланди. Фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этишни таклиф қиламан.

Саккизинчидан, ўтган даврда парламент дипломатияси ва парламентлараро алоқалар ташқи сиёсатимизнинг таъсирчан ва прагматик воситасига айланди.

Ўтган беш йилда Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг парламент ассамблеяларига аъзо бўлди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг хотин-қизлар форуми, Марказий Осиё давлатлари иккинчи парламентлараро форуми каби халқаро тадбирларга мезбонлик қилди.

Олий Мажлисимизнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлари Парламентлараро иттифоқ томонидан бошқа давлатлар учун яхши намуна сифатида тавсия этилгани албатта барчамизни қувонтиради.

Халқаро парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида қуйи палатада қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича парламент комиссиялари ташкил этишни таклиф қиламан.

Хабарингиз бор, биз Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида фаол сиёсат олиб боряпмиз. Бу – тенг рақобат, экспортга қаратилган саноат ва савдо сиёсати. Мазкур жараён, ўз навбатида, солиқ ва божхона кодекси, ташқи савдо, стандартлаштириш ва бошқа бир қатор йўналишлардаги қонунларга ўзгартириш киритишни тақозо этади.

Бу борада янги тузилаётган парламент комиссияси ташаббусни қўлга олиб, қонунларимизни Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига тўлиқ мослаштиришни келгуси йилда якунига етказишига ишонаман.

Қадрли мажлис иштирокчилари!

Бугунги мажлис мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана – давлатимиз байроғи қабул қилинганининг 33 йиллиги билан бир кунда ўтаётганида ҳам рамзий маъно мужассам.

Миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз ва эркимиз рамзи бўлган байроғимиз ўтган даврда йирик халқаро сиёсий, илм-фан, маданият ва спорт тадбирларида, шоҳсупаларда баланд ҳилпираб, барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олиб, миллий ғуруримиз тимсолига айланди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, сизларни, сизлар орқали кўпмиллатли бутун халқимизни бугунги катта байрам билан самимий қутлайман.
Байроғимиз нуфузи бундан кейин ҳам янада юксалаверсин.

Ҳурматли депутатлар!

Ўттиз етти миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Ўзбекистондек катта давлатнинг парламенти аъзоси бўлиш, ҳеч шубҳасиз, ҳар бир депутат учун улкан шарафдир.

Айни вақтда халқимизнинг ҳурмат ва эътиборини, орзу-умидларини ҳар куни, ҳар дақиқада ҳис этиб, ана шу юксак ишончга муносиб меҳнат қилиш – беқиёс масъулият эканини барчангиз англаб турибсиз, деб ўйлайман.

Табиийки, депутатларимиз фаолияти фақат юқорида айтиб ўтилган йўналишлар билан чекланиб қолмайди.
Сизларнинг барчангиз аниқ режа тузиб, жойларда электорат билан учрашиб, сайловолди ваъдаларини амалга ошириш орқали эл-юртимизни рози қиладиган тизим яратасизлар, деб ишонаман.

Депутат – бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир.
Оила, маҳалла ва бутун жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқаро майдонда Ўзбекистон манфаатларини қатъий ҳимоя қилишда халқимиз, барчамиз аввало сизларга таянамиз.
Мен Президент сифатида сизларни бу йўлда доимо қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Ишончим комил, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилиб, жонажон Ватанимизни албатта том маънода эркин, обод ва фаровон мамлакатга айлантирамиз.

Сизларни яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар тилайман.

Муҳтарам халқ вакиллари!

Мана, ҳозиргина Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига асосан ҳурматли депутат Нуриддин Муйдинхонович Исмоилов Қонунчилик палатасининг Спикери лавозимига сайланди.

Спикеримиз Ўзбекистонда парламентаризмни шакллантириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган, қонун ижодкорлиги, ташкилотчилик ва раҳбарлик соҳасида кўп йиллик бой тажрибага эга, ислоҳотларимизнинг маъно-мазмуни ва аҳамиятини чуқур тушунадиган, Ватанимизга содиқ ва фидойи инсон эканини барчамиз яхши биламиз. У ўз ҳаёти ва фаолияти давомида халқ ва давлат манфаатларини таъминлаш йўлида бор билим ва тажрибаси, куч-ғайратини сафарбар этиб келмоқда.

Ҳурматли Спикеримизни ана шундай юксак ишонч билан чин дилдан қутлаб, у кишига янги даврдаги ғоят масъулиятли ва серқирра фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимига депутат Мавлудахон Исломовна Хўжаева сайланди.

Мавлудахон Исломовна Қонунчилик палатасида икки чақириқ депутати бўлган, бу ҳам унинг ўз меҳнати, ташаббускорлиги, қолаверса, камтарлик, ишчанлик каби фазилатлари билан сайловчилар ишончини қозониб келаётганидан далолат, десак, тўғри бўлади. Мавлудахон Исломовнанинг бу нуфузли лавозимга сайланиши гендер тенглик соҳасидаги сиёсатимизнинг яна бир намоёни бўлиб, қуйи палатадаги 57 нафар хотин-қизларнинг қобилият ва имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимига яна бир депутатимиз Раҳим Расулжонович Ҳакимов сайланди.

Раҳим Расулжонович Қонунчилик палатасида қўмита раиси, университет ректори, 2 та вазирликда ўринбосар вазифаларида ишлаган, қонун ижодкорлиги бўйича илмий иш қилган. Бир сўз билан айтганда, ҳам қонунчилик, ҳам ижро ҳокимиятида тажриба орттирган малакали кадр. Бу раҳбар ҳам қуйи палата ҳаётига янги руҳ ва мазмун олиб киради, деб ишонаман.

Қуйи палатамизнинг ушбу раҳбарларини ҳам юксак лавозимлар билан муборакбод этиб, уларга самимий тилакларимизни билдирамиз.
Барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарларини ҳам юксак ишончга сазовор бўлгани билан табриклайман.

Жорий йилда фракция раҳбарлари мақомини белгилайдиган муҳим қонунни қабул қилганимиз албатта бежиз эмас. Ушбу қонун асосида фракция раҳбарлари ўз фаолиятига хос бўлмаган маъмурий-ташкилий вазифалардан озод этилди.

Нима учун бундай қарорга келдик?

Партияларимиз ўз сиёсий мақсад ва дастурларини илгари суриш, ижросини таъминлаш билан фақат сайловлар арафасида эмас, балки мунтазам шуғулланиши зарур.

Шунинг учун фракция раҳбарлари ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан жонлантиришлари, одамларни қийнаётган долзарб масалаларни парламент муҳокамаларига дадил олиб чиқишлари зарур. Бунинг учун улар халқнинг ичига чуқур кириб бориши, электорат билан мулоқотни кучайтириб, сайловолди кампаниясида берилган ваъдаларни амалга ошириш учун чин дилдан ҳаракат қилишлари талаб этилади.
Ҳурматли депутатлар!

Сизларнинг муҳокама жараёнида билдирган фикрларингизни эшитиб, барчангиз Ватан ва халқ манфаати йўлида астойдил хизмат қилишга тайёр эканингизни сезиб турибман.

Энг муҳими, депутатнинг овози – бу халқ овози эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур. Юрт тақдирига дахлдор ҳар бир масалага ёндашувда аввало сизларга ишонган, сизларга ўз номидан қонун қабул қилиш, қарор чиқариш ҳуқуқини берган меҳнаткаш, бағрикенг ва олижаноб халқимизни кўз олдингизга келтириб, фақат бугунни эмас, келажак авлодларнинг тинчлиги ва бахт-саодатини ўйлаб иш тутсангиз, эл-юртимиз ҳам, яратган Парвардигор ҳам сизлардан рози бўлади.

Шу эзгу йўлда барчангизга ютуқ ва омадлар тилайман.