Парламент Ҳукуматни эшитди
“Миллий тикланиш” ҳукумат, жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги олдига бир қатор масалаларни қўйди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2025 йилнинг биринчи ярим йилликдаги ижроси муҳокама қилинди.
Ушбу масала юзасидан сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, давлат дастурида белгиланган устувор йўналиш ва мақсадлар доирасида барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналишида тизимли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, 277 топшириқнинг 224 таси бўйича ижро таъминланди. 28 та топшириқ Президент Администрацияси, Қонунчилик палатаси ва Сенатда кўриб чиқилмоқда. 25 тасининг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилди. Шунингдек, 138 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа турдаги ҳужжатлар қабул қилинди.
Биринчи ярим йилликда ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ошиб, 62,7 млрд АҚШ долларини ташкил қилди. Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмга етиб, 27,8 фоизга кўпайди. Экспорт илк бор 10,3 млрд АҚШ долларига етди.
Ҳисобот даврида жами 21 млрд долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, бу кўрсатгич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ўсди. Қиймати 2,5 млрд долларлик 30 та лойиҳа ишга туширилиши орқали 3 мингдан ортиқ янги иш ўрини яратилди.
Мажлисда депутатлар ижтимоий соҳани ривожлантириш масалаларига устуворлик берилгани, ёшлар бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида алоҳида дастурларнинг қабул қилингани ҳамда рақамли индустрия ва IT-стартаплар йўналишида эришаётган натижаларини юқори баҳоладилар. Шу билан бирга, давлат дастурида муддати узайтирилган вазифалар ижросини таъминлаш чораларини кўриш, бунда мутасадди вазирлик ва идоралар масъулиятини янада ошириш лозимлигини таъкидладилар. Бюджет харажатлари устидан самарали назорат ўрнатиш, ўз вақтида ўзлаштириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш борасида таклиф ҳам берилди. Шундан сўнг сиёсий партиялар фракцияларининг муносабати эшитилди.
“Миллий тикланиш” фракцияси раҳбари Алишер Қодировнинг таъкидлашича, бугунги мураккаб гиёсиёсий ва иқтисодий силкинишлар даврида Ўзбекистонда барча соҳаларда ижобий натижаларга эришиш осон бўлаётгани йўқ. Давлат раҳбари томонидан ҳукумат олдига 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотни 200 млрд долларга, аҳоли жон бошига даромадни 5 минг долларга етказиш вазифаси қўйилган эди. Ҳукуматимиз бугун қанчалар қийин бўлмасин, бу вазифаларни босқича-босқич бажариш чораларини кўряпти.
Шу жиҳатдан, фракция аъзолари давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижросини бир овоздан маъқуллади. Партиянинг дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, таълим-тарбия, маданият, маънавий ривожланиш масалаларида қилинаётган ишларни ижобий баҳолади.
Ҳисоботда қайд этилишича, 35 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти очилиб, 4750 та бола учун ўрин яратилган. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида 24 мингга яқин янги ўрин ташкил қилингани натижасида боғча қамрови 77 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов қамрови эса 96 фоизга етган.
Фракция аъзолари ижобий кўрсаткичларни эътироф этган ҳолда, ҳукумат, жумладан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги олдига бир қатор вазифаларни ҳам қўйдилар. Жумладан, ҳисоботда вазирлик томонидан мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган олис ва чекка ҳудуддаги 60 та маҳаллада 142 та мактабгача таълимнинг муқобил шакли бўлган мобил гуруҳ фаолияти йўлга қўйилгани, бунинг учун махсус жиҳозланган 30 та “ISUZU” автобуси ажратилгани қайд этилган.
АЛИШЕР ҚОДИРОВ: вазирликнинг бу ҳаракатига эътироз билдириб, бундай кўчма лойиҳалар билан болаларни тарбиялаб бўлмаслигини таъкидлади. Ундан кўра, “Оналар мактаби” лойиҳасини қайта тиклаш лозим. Зеро, болаларга оналар орқали таъсир кўрсатиш кўпроқ натижа беради. Чунки ПЕДАГОГИКА узлуксизликни тақозо этади. Битта автобус билан бориб, маҳалланинг 15 нафар боласини йиғиб, қўғирчоқ ўйнатиб келиш бу тарбия эмас.
Мактабларни китоб билан тўла таъминлаш ҳамон муаммолигича қолмоқда. Депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишларидан маълум бўлдики, ҳатто айрим мактабларга ўқув йили якунида ҳам дарсликлар етказиб берилмаган. Китобларнинг оғирлиги, талабларга жавоб бермаслиги, мазмун-моҳияти билан боғлиқ масалалар ҳам ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, болада китоб ўқиш кўникмаси боғчадан бошланади. Лекин боғчаларни китоб билан таъминлашга эътибор қаратилмаяпти. Айрим боғчаларда китоблар бор, лекин бошқа тилларда. Ўзбек тилидаги китоблар ҳам бор, лекин ададига қарасангиз атиги 1000-2000 нусхада чоп этилган, холос. Ўзбекистондаги 34 мингдан зиёд боғчаларда 2 миллиондан кўп бола тарбияланаётганини эътиборга олсак, бу ишлар хўжакўрсин учун қилингандек. Ҳар бир боғчага ҳеч бўлмаганда 100-200 та ўзбек тилидаги китоблар етказилганида эди, китоб мутолаасида кўрсаткичларимиз бошқа бўлар эди.
Доимий эътирозларга сабаб бўлаётган масалалардан яна бири бу ҳалигача боғчаларда миллий тарбия методологиясининг шаклланмагани. Ғарбнинг қандайдир методларидан фойдаланишимиз эса кутилган натижаларни бермаяпти.
Яна бир муҳим масала: тан олиш керак, бугун “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўзининг энг муваффақиятли даврини ўтказмоқда. Президентнинг бевосита эътибори билан жамғарма ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Юзлаб келажаги порлоқ ёшларимиз ривожланган давлатларнинг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олди, оляпти. Лекин, афсуски уларга бўлган эътибор борасида “Умид” жамғармаси даврида қилган хатоларимизни такрорлаяпмиз.
Битирганларга етарлича эътибор қаратилмаяпти. Қанчадан қанча иқтидорли ёшларимиз сарсон, иш билан таъминланмаган, тўғри келган ишларда ишлаб юрибди.
Партия фракциясининг бир кун олдин бўлиб ўтган йиғилишида ҳам давлат дастури ижроси “Миллий тикланиш” ғояларидан келиб чиққан ҳолда қизғин муҳокама қилинган эди. Жумладан, Азамат Пардаев масъуллардан миллий контент яратиш масаласида белгиланган вазифалар ижроси бўйича кенгроқ маълумот сўраганди.
Таъкидланганидек, миллий контент яратиш бугун ниҳоятда муҳим ва долзарб масалага айланди. Ёшлар агентлиги томонидан яратилган ва “youtube”да эълон қилинаётган ўзбекона “Бек ва Лола” миллий лойиҳаси болалар тарбиясида ижобий таъсирини кўрсата бошлади. Лекин стратегик вазифаси ҳисобланган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бу борадаги ҳаракатлари сезилмаяпти. Боғчаларда, мактабларнинг бошланғич синфларида хорижий тажриба деб, ўзимиз билмаган ҳолда қадриятларимизга зид бўлган ментал бирикмаларни киритиб юборяпмиз. Бу фарзандларимиз тарбиясида ўзининг салбий натижасини беряпти. Шу боис, вазирлик фақат таълимни ташкил қилиш эмас, тарбия масаласига ҳам эътибор қаратиб, миллий контент яратиш масаласига жиддий киришиши лозим.
Депутат Умида Раҳмонова эса мактабларни жорий таъмирлаш масаласини кўтарди. Депутатнинг таъкидлашича, ҳудудлардаги ўрганишларда маълум бўлдики, айрим мактабларни таъмирлаш ишлари октябрь-ноябрь ойларида якунлаш белгиланган. Дарслар сентябрда бошланса, вақтида тугалланмаган таъмир ишлари таълим сифатига таъсир қилмайдими?
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили ушбу масалага изоҳ берар экан, вазирлик қурилиш ва таъмирлаш ишларини вақтида тугатиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар ва қурилиш ташкилотлари билан доимий алоқани йўлга қўйгани, лекин айрим лойиҳалар ижроси маълум сабаблар билан чўзилиши мумкинлигини таъкидлади.