Натижалар мақсад ва ғояларимизга таъсир қилмайди

Натижалар мақсад ва ғояларимизга таъсир қилмайди

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизнинг 2030 йилга қадар асосий йўналишларини, турли соҳалардаги режаларини белгилаб берадиган муҳим дастур ҳисобланади. Унда партиямизнинг ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанг бўлган кўплаб вазифалар белгилангани, партиядошларимизнинг таклиф ва истаклари акс этгани биз учун алоҳида аҳамиятга эга.

Ишонч билан айтиш мумкинки, парламентда партиялар орасидаги рақобат фақатгина сайловлар арафасидагина эмас, балки қонунлар муҳокамасида, ҳатто моддалар бўйича  тортишувларда ҳам юзага келиши керак. 

Таъкидлаш жоиз, ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишларимиз жуда кўп. Асосийси, сайловолди дастуримизда “Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартириш” ғояси устувор этиб белгиланган. Бунинг учун тарбия ва таълимга катта эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, жамиятни ўзгартиришда қадриятларимизга, уч минг йиллик давлатчилигимиз тарихи ҳамда кўҳна маданиятимизга таяниб иш кўришни ният қилганмиз.

Яна бир гап, партия доимо “Қадриятларга таянган тараққиёт” ғоясини ҳам илгари сурмоқда. Зотан, мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишида, юзага келган ижтимоий муаммоларни бартараф этилиши ҳамда қабул қилинаётган қарорларнинг барчасида миллий манфаатларимиз, жумладан, қадриятларимиз алоҳида устуворлик касб этмоғи лозим деб ҳисоблаймиз.

Биласизми, бугун Ўзбекистонда сиёсий партиялар ҳамда ғояларнинг ранг-баранглиги масаласи бу янги тушунча десак, хато бўлмайди. 33 йиллик мустақиллик даврида Ўзбекистонда айнан парламентаризм ғояларининг хилма-хиллиги бир муҳитда ривожланмоқда. Айнан шу муҳитда ғояларнинг хилма-хил бўлиши ва улар учун тортиша олиш жараёнини вужудга келтириш мамлакатимиз тараққиёти учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан партиямиз илк ташкил этилган кундан бошлаб ўзининг устувор ғояси сифатида тараққиётнинг барча босқичларида миллий қадриятларга таяниш лозимлигини ўз аъзоларию, сайловчиларига таъкидлаб келмоқда. Ва, маълум маънода бу мақсаднинг юртдошларимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватлашларига ҳам эришмоқда.