Ўн саккиз миллионлик жарима озми, кўпми? Жаноби ҳайдовчи, энди автобус йўлини тўссангиз куясиз! Чиқиндилар масаласидаги қарор қатъий эмас...

Ўн саккиз миллионлик жарима озми, кўпми? Жаноби ҳайдовчи, энди автобус йўлини тўссангиз куясиз! Чиқиндилар масаласидаги қарор қатъий эмас...

Нега “Миллий тикланиш” фракцияси томонидан маъқулланмаган қонун ялпи мажлис кун тартибидан ҳам чиқариб ташланди?

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган масала – автобус йўлагида ҳаракатланиш қоидасини бузганларга жарима белгилаш ҳақидаги қонун лойиҳаси партиялар фракциялари томонидан биринчи ўқишда муҳокама қилиб бўлинди.

“Миллий тикланиш” демокартик партияси фракциясининг кеча бўлиб ўтган йиғилишида ҳам ушбу қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. 

Қонун ташаббускорларининг изоҳлашларича, сўнгги йилларда мамлакатимизда, айниқса, пойтахт йўлларида тирбандликларни камайтириш ҳамда аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида жамоат транспортига устуворлик бериляпти. Жумладан, сўнгги йилларда Тошкентда автобуслар сони икки баробарга ошди. Автобуслар учун қарийб 50 км.ли алоҳида йўлаклар  ташкил этилиб, оралиқ масофа икки баробарга қисқартирилди.

Натижада пойтахтимизда жамоат транспортидан фойдаланётган йўловчиларнинг кунлик сони 1 млн.га кўпайди. Бироқ қонунчиликдаги бўшлиқлар жамоат транспортидан фойдаланиш самарадорлигини пасайтирмоқда. Бу бошқа транспорт воситаларининг автобуслар учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланиш билан боғлиқ.
Бундай қоидабузарлар ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисдаги кодексининг 128-моддасига асосан умумий асосларда 170 минг сўм жаримага тортиляпти, холос.

Лекин бундай миқдордаги жарима ушбу қоидабузарликнинг камайишига ёрдам бермаяпти. Шу боис, кодексга янги модда киритилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакларда ҳаракатланганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Ушбу ҳаракатни биринчи марта содир этганлик учун БҲМнинг 3 баравари (1125000 сўм), бир йил давомида такроран содир этилса 5 баравари (1875000 сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. 

Шу билан бирга энди ёндош ҳудуддан чиқиб, жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлакни бўшатган ҳолда, йўлнинг қатнов қисмига ўтаётган транспорт воситаларига йўл бермаганлар  1 баравар (375000 сўм) миқдорида жарима тўлайдилар.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш “Миллий тикланиш” партияси таклифи билан ташкил этилганидан келиб чиқиб, ушбу қонун лойиҳаси муҳимлигини таъкидлади. Бироқ жамоат транспортининг алоҳида йўлагидан ҳаракатланган автомобил ҳайдовчиларга ҳам, “А” поласада машинасини қолдириб кетганларга ҳам бир миқдорда жарима солинишига эътироз билдирди.

– Автобус йўлагидан “парковка” сифатида фойдаланаётган ҳайдовчиларга нисбатан жазони кучайтириш керак, ؘ – деди фракция раҳбари.

Депутат Козим Тожиев эса бир йил давомида такроран содир этганларга нисбатан белгиланаётган жаримага қарши чиқди. У янги киритилаётган амалиёт учун бундай кескин жазо қўллаш қонунчиликка қанчалик мос келади деган масалани кўтарган бўлса, Фарҳод Зайниев Тошкент шаҳрининг бош режаси ҳамон тасдиқланмаганидан  келиб чиқиб, қонунчиликка бундай ўзгартишлар киритишга ҳали вақт борлигини билдирди.    

Қизғин муҳокамалардан сўнг иккинчи ўқишда жарималар миқдорини қайта кўриб чиқиш шарти билан лойиҳа концептуал маъқулланди.

Маълумки, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири ноқонуний равишда сунъий тўсиқлар ўрнатиш, йўлни тўсиб қўйиш ҳолатлари ҳисобланади. Яъни, айрим фуқаролар ўз яшаш ҳудудларидаги кўчаларда сунъий тўсиқлар ўрнатиб, шошилинч хизмат кўрсатувчи транспортлар ҳаракатига тўсқинлик қиляпти.

Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилиб, бундай шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланяпти.

Йиғилишда айрим хорижий мамлакатлар қонунчилигида йўлларга ноқонуний тўсиқлар ўрнатганлик учун ҳатто жиноий жавобгарлик белгилангани таъкидланди. Масалан, Қирғизистонда йўлни ноқонуний тўсиб қўйганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. 

Фракция йиғилишида ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган яна бир масала – чиқиндидан қарзи борларни электр учун тўлов қилишдан чеклаш билан боғлиқ қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси чиқинди тўловларидан қарзи бўлганларни “SMS” орқали хабардор қилиб бориш, қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида огоҳлантирилганидан кейин тўлов амалга оширилмаса, уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш назарда тутилган. 

Маълумотларга қараганда, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик ҳозирда 596 млрд сўмни ташкил этиб, йил бошига қараганда 115 млрд сўмга кўпайган. Қарздорликларни ундириш тўғрисидаги аризаларни судларга киритиш бўйича Экология вазирлигининг ҳудудий органларига юклатилган вазифаси ҳам амалиётда ўз самарасини бермаяпти.

Шу боис, фуқаролар алоҳида огоҳлантиришдан кейин ҳам чиқинди бўйича қарздорликни бартараф этмаса, чиқинди бўйича қарзини тўланмагунига қадар электр энергия бўйича тўловни амалга оширмаслик таклиф қилиняпти.

Фракция аъзолари ушбу масала бўйича жойларда алоҳида ўрганишлар олиб бориш зарурлигини таъкидлашди. Чунки қоғозда аксарият ҳудудларда чиқиндилар масъул корхоналар томонидан ўз вақтида олиб чиқиб кетилади. Амалда эса бундай эмас. Шу боис, қонунчиликка киритилаётган бундай ўзгариш эртага аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.

Мисол учун: Бекобод шаҳар ва туманида чиқиндиларни тўплайдиган полигон экологик муаммолар сабаб ёпилган. Энди хонадонларда тўпланиб қолган чиқиндилар ҳеч қаерга олиб чиқиб кетилмаяпти. Бу аҳоли билан чиқиндиларни олиб кетадиган идора ўртасидаги низога сабаб бўлди. Яъни, одамлар кўрсатилмаган хизматга ҳақ тўламоқчи эмас. Масъул идора эса тўлашни талаб қиляпти.

– Ана шундай вазиятларда чиқинди тўловини тўламаганларни электр энергиядан узиб қўйиш қанчалик тўғри. Афсуски, бундай мисолларни бошқа ҳудудлар мисолида ҳам кўплаб келтириш мумкин, – деди фракция аъзоси Даврон Арипов.

Юқорида таъкидлаганимиздек, депутатлар бу масалада ҳудудларда алоҳида ўрганишлар олиб бориш зарурлигидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини кўриб чиқишни фракциянинг кейинги йиғилишларидан бирига қолдиришга қарор қилишди. Маълумотларга қараганда, ушбу қонун лойиҳаси “Миллий тикланиш” фракцияси томонидан қўллаб-қувватланмаганлиги сабабли, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибидан ҳам чиқариб ташланган.

Йиғилишда қурилишда чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Маълумки, сўнгги йилларда шаҳарларимизда қурилиш объектлари сонининг ортиши оқибатида пайдо бўлаётган чанг зарралари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган нормадан 10 баробар юқори бўляпти.

Ҳисоб-китобларга кўра, 500 кв.м.лик очиқ қурилиш майдонидан йилига ўртача 50 тонна чанг ва қум ҳавога кўтарилади. Сўнгги уч йилда қурилиш объектлари сони 3 баробар ошиб, 2023 йил якунига кўра 35,2 мингтани ташкил этганини ҳисобга олсак, бунинг оқибатларини тасаввур қилиш қийин бўлмайди. 

Энг ёмони, чанг зарралари аҳоли соғлиғига жиддий зиён етказяпти. Юртимизда охирги икки йилда юрак ва қон-томир касаллиги 13 фоизга, нафас йўллари касалликлари (астма, бронхит) эса 9 фоизга кўпайган. Бироқ қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангни ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик белгиланмаган. 

Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси билан қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисабатан БҲМ 10 баравари (3 750 000 сўм), ҳуқуқбузарлик жазо қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этилса, 50 баравари (18 750 000 сўм) миқдорида жарима белгилаш таклиф этилмоқда. 

Чанг асосан йирик қурилиш майдонларидан чиқаётгани сабабли, дастлабки босқичда фуқароларга нисбатан жавобгарлик белгиламаслик таклиф этиляпти.