Миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, бу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини бус-бутун сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш асносида уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш ишлари юқори босқичга кўтарилди.
Шунингдек, ҳудудларда ҳунармандчилик фаолиятининг ҳар бир йўналишини алоҳида ёндошувлар асосида ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, ҳунармандчиликнинг йўқолиб кетаётган турларини сақлаб қолиш бўйича ҳам кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 12 июндаги Фармонига кўра, 2023 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга ажратилаётган маблағларнинг камида 70 фоизи ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгилаб берилди.
Шу ўринда ҳунармандлар фаолиятини яна-да такомиллаштириш, уларга яна-да қулай ва эркин шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиб бериш зарур. Ҳунармандларнинг ҳуқуқий мақомини тадбиркорлик субъекти сифатида эмас, балки ҳунарманд сифатида қайтадан кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Ҳунармандчилик миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ва ҳунармандлар миллат маданиятини авлоддан-авлодга етказувчи ижодкор аҳлидир. Шу маънода, соҳа турларини рағбатлантириш, қайта тиклаш ва ривожлантириш, бадиий-ҳунармандлик мактаблари анъаналарини сақлаб қолишга давр талаби ва эҳтиёжи сифатида қарашимиз керак. “Миллий тикланиш” ДП сафдошлари бу йўналишдаги ишларга дахлдорликни ҳис қилган ҳолда ҳунармандлар фаолиятига, уларни ўйлантираётган ўй-ташвишларга бефарқ бўлишига ҳаққимиз йўқ, деб ҳисоблашади.
Айнан ҳунармандлар фаолиятини тартибга солувчи “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш таклифининг илгари сурилаётгани соҳадаги муаммоларнинг ечимига хизмат қилади.
Хусусан, партиямиз ташаббуси билан ушбу қонунни қабул қилиш орқали ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришда илғор хорижий тажрибаларни, яъни телефон орқали уйда хизматлар бажариш, адвокатлик, дастурий маҳсулотлар яратишни ўрганиш ва аҳоли ўртасида касаначилик фаолияти, унинг афзалликлари, касаначиликни ривожлантириш бўйича ҳукуматимиз томонидан берилган имтиёзлар, енгилликлар тўғрисида кенг тарғибот ишларини олиб бориш бўйича вазифалар ҳам ижросини топади, деб ўйлаймиз.