Таҳлилчилар томонидан кейинги юз йилликнинг энг нотинч ва инсоният учун хавотирли йилларидан бири дея эътироф этилаётган 2024 йил беқарорлиги билан ҳам тарихга кирди. Урушлар, турли манфаатлар қутқусига алданган қирғинлар эса эпидемиялардан ҳам кўпроқ қорбонларга сабаб бўлди. 2024 йилнинг ажабтовур безатилган сиёсий саҳнасини кўриб, тажрибасиз томошабин бунда «буюк» роллар ижро этилаётганини фаҳмламай ҳам қолди...
Экологик инқирозлар, жаҳоннинг шундоқ ҳам қайноқ нуқталарида бош кўтараётган хурофий иллатлар, ёшлар онгини эгаллашга қаратилган хуружлар муаллифларини эса қурбонлар сони қизиқтирмаяпти. Мақсад амалга ошса бўлди: инсоният мақсадга элтувчи механизмнинг оддий мурватлари, холос...
200 миллионга яқин бошпанасиз фуқаро кун кечираётган дунёда ҳар йили 5 миллионга яқин бола бевақт кўз юммоқда. Элликдан отиқ минтақада эса ҳануз ҳарбий тўқнашувлар кечяпти. Минг шукурки, ана шундай бир шароитда юртимиз тинч, юртдошларимиз турли офату-пандемиялардан йироқда.
Бундай мураккаб даврда фақат узоқни кўзлаб юритилган оқилона сиёсатгина тинчлик ва барқарорликни таъминлаши, халқни эзгу ғоя ва муваффақиятлар сари етаклаши мумкин экан...
Шундай давлатлардан бири сифатида бугун Янги Ўзбекистон тилга олиняпти. 2024 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, биз учун йилнинг энг муҳим воқеаси – парламент ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловлар эканига амин бўламиз.
Сайловларда жами сайловчиларнинг 74,72 фоизи иштирок этди. Бу халқимизнинг Янги Ўзбекистон ислоҳотларига бўлган ишончи ошганидан далолат, албатта. Шу билан бирга бундай натижа сиёсий партияларга бўлган муносабатни ҳам кўрсатади.
Таъкидлаш лозим, сайловларда «Қадриятларга таянган тараққиёт» шиори остида иштирок этиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида иккинчи йирик фракция сифатида ўз ўрнини сақлаб қолган «Миллий тикланиш» демократик партияси учун ҳам 2024 йил ўзига хос якунланди. Хусусан, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган 300 та банддан иборат вазифаларнинг 294 таси, яъни 98 фоизининг ижроси таъминланди.
Депутатларимиз 9 та қонун лойиҳасида иштирок этдилар. Партия фракциясининг қатъийлиги билан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар томонидан киритилган бир нечта қонун лойиҳалари қуйи палатанинг масъул қўмиталарига ишлаш учун қайтарилди. Партиямизнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда «Ҳукумат соати»лари ташкил қилиниб, ўнлаб идораларга парламент сўровлари юборилди.
Айниқса, якунланган йил маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз учун самарали кечди, дейиш мумкин. Яъни, партиянинг ғоя ва мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш ҳамда сайловчиларга берилган ваъдаларни бажаришда ҳудудий депутатларимиз фаоллик кўрсатдилар. Ўтган йили улар томонидан 460 дан ортиқ масала-таклифлар Кенгаш сессияларига киритилган бўлса, Доимий комиссияларга 630 га яқин таклифлар берилди ва 750 га яқин мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Қонунлар ижроси ва фуқаролар мурожаатлари бўйича 4100 га яқин депутатлик сўровларининг аксарият қисми, яъни 89,3 фоизи ижобий ҳал этилганини таъкидлаш мумкин. 6600 дан ортиқ «Сайёр қабул»ларда 27 600 та мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 8 000 таси жойида ҳал этилди. «Уйма-уй» лойиҳаси доирасида 3600 дан маҳаллада 54 000 га яқин аҳоли муаммолари ўрганилиб, 17 000 дан ортиқ фуқароларимизга амалий ёрдам кўрсатилди.
Энг асосийси, жойларда иқтисодий-ижтимоий соҳаларни ўрганиш юзасидан 1050 га яқин назорат-таҳлил тадбирларида аниқланган 780 га яқин камчиликларнинг 570 таси, яъни 74,5 фоизи бартараф этилди.
Партиянинг мафкуравий йўналишлардаги ишлари ҳақида гапирганда, аҳоли ва айниқса, ёшлар орасида китобхонликни кенг тарғиб этишга қаратилган лойиҳаларга алоҳида тўхталиш жоиз. Биргина «Фақат китоб ҳақида» лойиҳасининг 6 та сони тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойланди ва бу ҳақда миллиондан ортиқ кузатувчилар ижобий фикр билдирдилар.
Шунингдек, жамиятда сиёсий саводхонликни ошириш мақсадида «Икки оғиз гап» ижтимоий-сиёсий маърифий лойиҳаси йўлга қўйилиб, унинг доирасида жамиятимиз фикр етакчилари – сиёсатшунослар, иқтисодчи ва тадбирколар, адабиётшунос олимлар билан интервьюлар ташкил этилди. Лойиҳа орқали аҳолининг ижтимоий-сиёсий таффакурини оширишга қаратилган 20 га яқин видео суҳбатлар тасвирга олиниб, партиянинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига жойланди.
Бошқа тилда таълим берилаётган мактабларга ўзбек тилини тарғиб қилиш ва ёшларни бадиий адабиётимизга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида «Китоб жавони» лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 10 га яқин мактабларга 2000 дан зиёд китоблар совға қилинди.
Ўқув-тадқиқот ва лойиҳаларни тайёрлаш маркази томонидан эса кадрларнинг етакчилик қобилиятини шакллантириш, партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси ва барча даражадаги депутат ҳамда ходимларининг сиёсий билимларини оширишга қаратилган 40 дан ортиқ ўқув-семинарлар ўтказилиб, уларга 10 дан ортиқ халқаро даражадаги экспертлар жалб қилинди.
Партиянинг шубҳасиз, энг муҳим йўналишларидан бири – бу хотин-қизларга оид ташаббусларидир. Бу жараёнда вақтинча ишсиз бўлганларга қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган йирик лойиҳа – «Хизмат-беминнат»ни ўрни алоҳида аҳамият касб этди. Лойиҳа доирасида 485 та ўқув курслари ташкил қилиниб, уларга 2490 га яқин бандлиги таъминланмаган хотин-қизлар жалб этилди. Натижада 1150 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. 119 нафар аёлга субсидия олишда ёрдам кўрсатилиб, 135 нафар аёлнинг хусусий тадбиркорлиги йўлга қўйилди.
Сиёсатга қизиқадиган, бу борада тажрибага эга бўлмаган хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга қаратилган «Сиёсатга марҳамат» лойиҳаси доирасида ўтказилган маҳорат дарсларига эса 2200 дан зиёд хотин-қизлар жалб этилди.
Партия лойиҳалари ҳақида гап кетганда «Оммавий диктант» лойиҳасига алоҳида тўхталмоқ лозим. Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитишга мўлжалланган ушбу лойиҳада 2024 йили республика миқёсидаги йирик корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 3 000 дан зиёд ходимлари иштирок этдилар.
«Таскин»...
Бу лойиҳа анчайин зукко инсонлар эътиборини тортган лойиҳалардан бири бўлди...
Онкологик бемор болалар ва уларнинг оила аъзоларига таскин бериш, маънавий ва моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур лойиҳада депутатларимиз ҳам фаол иштирок этдилар.
«Ватандош билан суҳбат» медиа лойиҳаси эса ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, тўсиқларни енгиб, муваффақиятга эришаётган хориждаги ватандошларимизнинг ҳикоялари асосига қурилган суҳбат минглаб ёшларга ўз йўлини топишида рағбат бўляпти. Жорий йилда ҳам ушбу лойиҳа доирасида 10 дан ортиқ суҳбатлар ташкил этилиб, унда 1000 дан зиёд ёшлар иштирок этди.
Ёшлар орасида «Соф ўзбек тилида», «Бехато ёз» ва «Ўзбекчаси бор-ку» лойиҳалари ҳам оммабоп лойиҳаларга айланди. Улар туфайли ҳам аҳоли гавжум бўлган 100 дан ортиқ кўча ва марказларда реклама ва эълонларнинг давлат тили қоидаларига амал қилиниши юзасидан ўрганишлар олиб борилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди. 20 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотларида саводхонликни оширишга қаратилган акциялар ўтказилди. Аҳоли орасида тилимизга ўзлашган сўзларга доир сўровномалар ташкил қилиниб, сўзларнинг ўзбекча муқобиллари билан таништириш мақсадида 10 га яқин видеороликлар тасвирга олинди.
...Дунё ўзгаряпти, маънавий-ахлоқий таназзул борган сари кучаймоқда. Шу маънода, бутун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида барча мамлакатлар давлатчилик анъаналарини ўзларининг қадриятларига таянган ҳолда давом эттиришга ҳаракат қилмоқдалар. Ҳар бир халқнинг, элнинг ўзига хос қадрияти: тили, дини, адабиёти, маданияти, санъати, анъана-ю, урф-одатлари уларнинг ўзига хослигидир.
Шу нуқтаи назардан, тарихий-маданий меросимизни авайлаб асраш, анъаналаримизни сақлаш ва ривожлантириш билан бирга иқтисодий соҳага ҳам айнан миллий қадриятлар орқали курашсак, бундан фақат ютамиз.
Шу нуқтаи назардан, тарихий-маданий меросимизни авайлаб асраш, анъаналаримизни сақлаш ва ривожлантириш билан бирга иқтисодий соҳага ҳам айнан миллий қадриятлар орқали курашсак, бундан фақат ютамиз.
Бунда бизнинг бош мақсадимиз «Қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд, фаровон жамият қуриш»дир.
Яъни, қадриятларимизга асосланган миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш, тарбия ва таълим тизимини ривожлантириш, халқимизнинг бой тарихи, маданий ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, шунингдек, миллий ўзлигимизни, она тилимиз, динимиз, урф-одат, анъана ва қадриятларимизни сақлаш ҳамда ривожлантиришдан иборатдир.
Яъни, қадриятларимизга асосланган миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш, тарбия ва таълим тизимини ривожлантириш, халқимизнинг бой тарихи, маданий ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, шунингдек, миллий ўзлигимизни, она тилимиз, динимиз, урф-одат, анъана ва қадриятларимизни сақлаш ҳамда ривожлантиришдан иборатдир.