“Миллий тикланиш” депутатлари шунчаки расмиятчилик учун ишламайди

“Миллий тикланиш” депутатлари шунчаки расмиятчилик учун ишламайди

26 февраль - 1 март кунлари депутатларимиз яна ҳудудларда бўлиб, сайловчилар билапн учрашдилар, таълим муассасалари, маданий мерос объектлари, маҳаллий тадбиркорлик субъектларида мулкдорлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганишди. 

Бухоро вилояти Кенгаши ахборот хизматининг маълум қилишича, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Жаҳонгир Ширинов дастлаб Олот туманидаги 17-сонли мактабда, кейин “Човдир”, “Кесакли” ҳамда “Шейхлар” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли мурожаатларини эшитган.

Сайёр қабулда ариқларни бетонлаштириш, йўл таъмири, эскирган симёғочларни алмаштириш бўйича мурожаатлар тушган.   

“Халқобод” маҳалласи аҳоли билан бўлган учрашувда эса уй-жой коммунал соҳадаги муаммолар муҳокама қилинган.

Депутат Баҳодир Маматхонов Навоий вилоятининг Кармана туманидаги “Шибзон” маҳалласидаги 60 ўринга мўлжалланган 27-сонли мактабгача таълим ташкилоти фолияти билан танишиб, боғча сиғимини икки баробарга ошириш, электр энергия ҳамда табиий газни тежаш мақсадида бинони иситиш қопламаси билан таъмирлаш зарурлигини аниқлади. Шифокорлик пунктидаги учрашувда эса фуқароларнинг электрон навбатини йўлга қўйиш учун замонавий компьютерга эҳтиёж борлиги маълум қилинди.

Вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ражабов ҳамроҳлигида Қизилтепа туманидаги 3-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти мактабга узоқ йўл босиб келадиган ўқувчиларнинг йўл харажатларини қоплаш, чолғу асбобларини сотиб олиш ва таъмирлашдаги молиявий масалалар бўйича таклифлар билдирилди.

Маълумотларга қараганда, ўтган йил вояга етмаганлар иштирокида 1 073 та йўл-транспорт ҳодисаси юз берган ва бунга асосан мактабларнинг 25 фоизи серқатнов йўл бўйида жойлашгани сабаб бўлмоқда.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги 4-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби фаолияти билан танишган депутат Руслан Жумамуратов ҳам шундай муаммога дуч келди. 

Гап шундаки, ушбу мактаб ҳам катта йўл бўйида жойлашган. Мурожаатларга қарамай, оддий светафор ўрнатиш масаласи узоқ йиллардан буён пайсалга солиб келиняпти. Педагоглар эса ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар куни навбати билан қизил байроқча кўтариб, катта йўл бўйида “светафор” вазифасини ўтаяпти. Хуллас, маҳаллий мутасаддилар учун “ҳал қилиб бўлмайдиган оламшумул муаммо” Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатини кутиб турган экан... 

Сирдарёнинг Сайхунободида бўлган депутат Шерзод Қулматов бу сафар бошқача йўл тутди: туман котибияти билан гаплашиб, шароити оғир мактабларни аниқлади. Таълим масъулларини огоҳлантирмай, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Норбобо Соатов ҳамроҳлигида тўғри ана шундай мактабларга борди. 

Тумандаги 3-сонли мактаб ҳақиқатан ҳам таъмирга муҳтож экан, – дея таъкидланади Сирдарё вилояти Кенгаши ахборот хизмати томонидан тарқатилган маълумотда. 

Жиззах шаҳрида ўрганишлар олиб борган Назира Мухторова Амир Темур маҳалласидаги мактабгача таълим ташкилоти, шифокорлик пункти фаолияти билан тинишди. Уйма-уй юриб, одамларнинг яшаш шароити, яхши яшашга тўсиқ бўлаётган муаммоларини ўрганди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Васила Файзиева эса Тошкент шаҳрининг анчайин йирик ҳудуди саналган Олмазор туманидаги  249-сонли мактаб фаолияти билан танишди. Депутат хулосаси шундай: мактабда ўқувчилар учун барча шароитлар яратилган. Ҳатто “Робототехника” ҳамда “Турон” театр тўгараклари ҳам ташкил қилинган. Ўқувчиларнинг туман ва шаҳар миқёсида ўтказилаётган танловлардаги натижалар ҳам шунга яраша бўляпти.

Марғилон ва Тошлоқ аҳолиси сайлаган депутат Нодир Тилаволдиев эса ўрганишларни Тошлоқ туманидаги ихтисослаштирилган мактабдан бошлади. Ўтган йили мактабнинг 68 нафар битирувчисидан 59 нафари давлат олий таълим муассасаларига, 2 нафари эса хорижнинг нуфузли университетига қабул қилинган.

Депутат педагоглар билан учрашиб, бундай натижани туман ёшларига ўрнак сифатида ёйиш кераклигини таъкидлади. Депутат тумандаги 14-сонли мактаб фаолияти билан танишиб, асосий эътиборни педагогларни ўйлантираётган ҳаётий муаммоларга қаратди.

– Бирон мактабга борсам, ўқувчилар билан ёлғиз гаплашишга ҳаракат қиламан. Чунки ўқитувчилар ҳеч қачон муммолар ҳақида очиқ гапиришмайди. Болалар эса ёлғон гапирмайди, , – дейди депутат.  
 
Нодир Тилаволдиев шунингдек, “Тошлоқ мева экспорт”, “Мускурой” корхоналари раҳбарлари билан учрашиб, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришининг аҳамияти ва экспортчи корхоналарнинг кучли рақобатга тайёр бўлиши масалаларида ҳам суҳбатлашди. 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон 2026 йилда эркин, очиқ, шаффоф рақобатни асосий тамойил деб қабул қиладиган ЖСТга аъзо бўлиши кутиляпти. Демак, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам эркин рақобатга тайёр туришлари лозим. 

Асли самарқандлик бўлса-да, Фарғонада ўрганишлар олиб борган яна бир депутатимиз Сайёра Жумаева партиянинг “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида вилоят марказидаги “Машъал” маҳалласида ташкил қилинган тикувчилик маркази фаолияти билан танишди. Аввал ҳунар ўргатиб, кейин 50 нафар аёлни иш билан таъминлаган марказ фаолияти чиндан ҳам эътиборга молик. 

Шунингдек, депутат “Green Organic” кичик корхонасида ҳам бўлди. Тадбиркор кўп қаватли бинонинг ертўласида тежамкор технологиялар ёрдамида 45 хил турдаги ноёб кўчатлар етиштирмоқда. 

Бир муддат Наманган вилоят кенгашига раислик қилган депутат Дилноза Азизова маданий мерос объектлари фаолиятини ўрганди. Жумладан, Наманган туманидаги "Биби Мушкулкушод", "Ҳилват мозор" ва “Куйик” зиёратгоҳларида бўлиб, реал вазият, мавжуд муаммолар билан танишди.

Биринчи зиёратгоҳнинг жорий таъмирга муҳтожлиги аниқланган бўлса, иккинчисида маҳаллий аҳолининг кичик музей ташкил қилиш билан боғлиқ таклифи муҳокама қилинди. Учинчи зиёратгоҳда эса 35 йиллик муаммо ўртага ташланди. 

Маълум бўлишича, маҳаллий аҳоли шунча йилдан буён “Куйик” зиёратгоҳини маданий меърос объектлари рўйхатига киритолмаяпти. Акс ҳолда бу тарихий объект хароба ҳолатда қолаверади. 

Яқин тарихимизда бундай воқеа ҳақида эшитмагандик: Қибрайлик маҳалла раиси ўзининг 1 сотих ер майдонида замонавий кутубхона қуриб, маҳалла ихтиёрига топширибди. Кутубхонада бепул шахмат тўгараги ҳам ташкил қилинган бўлиб, ақл чархловчи спорт тури билан шуғулланувчи ёшлар сони тобора кўпаймоқда экан.

Узоқ йиллар бошқарув тизимида ишлаб, Олий Мажлисга сайланган депутатимиз Зуҳра Мирғозиева “Бунёдкор” маҳалласидаги ушбу кутубхона фаолияти билан танишибди. 

– Бугун улкан кутубхоналар қуришга ҳам имконияти етадиганлар кўп бўлса-да, улар орасида маънавият, маърифат ҳақида ўйлайдиганлари кам топилади. Шу маънода, маҳалла раиси Ботир Собировнинг бу ҳаркати қаҳрамонликдан бошқа нарса эмас, – деди депутат. 

Айни пайтда Ғиждувон туманидаги бир асрлик тарихга эга мактаб гарчи 480 ўринга мўлжалланган бўлса-да, бугун бу ерда 843 нафар ўқувчи таҳсил оляпти. 360 ўринли 12-сонли мактаб эса ўз бағрига 500 дан ортиқ ўқувчини сиғдирган. Бу эса ушбу таълим муссасалари қўшимча бинога муҳтожлигини кўрсатади. 

37-сонли мактабгача таълим ташкилоти жорий таъмирланиб, замон талаби асосида жиҳозланмас экан, ота-оналар фарзандини бошқа боғчага кўчиришга мажбур. “Ғовшун” маҳалласи оқсоқоллари талаби шундай: қаровсиз қолган гузар таъмирланиб, маънавият маркази ҳамда кутубхонага айлантирилиши, “Сўфичўян” қабристонига эса қўшимча ер ажратилиши зарур. 

Бухорода ўрганишлар олиб борган Олий Мажлис Қонунчлик палатаси депутати Махсуд Муҳаммедов олдига сайловчилар ана шундай масалаларни кўндаланг қўйди. 

Фракция аъзоси “Нодирабегим”  маҳалласидаги ширинликлар ишлаб чиқарувчи кичик корхона фаолияти билан ҳам танишди. 100 млн сўм кредит ҳисобига фаолиятини бошлаган корхона 6 нафар хотин-қизни иш билан таъминлагани эътиборга молик, албатта.

Қуйи палата депутати Бахтиёр Маниязов эса ўтган сафар Хўжаобод туманида бўлганида фуқаролардан тушган мурожаатлар ечими бўйича мутасадди идораларга шахсан ўзи борган ва масъуллардан ижро бўйича ваъдалар олган эди. Депутатнинг бу гал ваъдаларига қанчалик вафо қилганларини ўрганди. 

Ўтган сафар туман тиббиёт бирлашмасида санитария ҳолати яхши эмаслиги, озиқ-овқатларни сақлашдаги муаммолар ҳамда дори-дармон таъминотидаги камчиликлар бўйича мурожаатлар бўлган эди. Депутат бу сафар ушбу масалалар ижобий ҳал қилингани гувоҳи бўлди. Шунингдек, депутат 4 ва 5-сонли мактабларда ҳам бўлиб, иссиқлик билан боғлиқ муаммо бартарф этилганига ишонч ҳосил қилди. Мактаблар маъмурияти эса Тошкентдан тез-тез “меҳмон”лар келиб тургани яхши экан-да” дея хурсанд...

Нукусда бўлган Шаҳноза Жолдасова “Қоскўл” ва “Олмазор” маҳаллалари аҳолисини эшитди. Учрашувда болалар боғчаси ва тиббиёт пункти маҳалла ҳудудидан олисда жойлашгани ва бир неча йилдан буён қурилиши тўхтаб қолган болалар майдончаси масаласи кўтарилди. 

Халқ вакилининг талабалар билан учрашувида Президентимизнинг яқинда мамлакатимиз ёшлари билан ўтказган мулоқотида кўтарилган масалаларнинг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

Қуйи палата депутатлари Абдулҳаким Эшбоев ва Гўзал Самиевалар Сурхондарёдаги ўрганишларида асосий эътиборни мусиқа ва санъат мактабларига қаратди. 

Фракция аъзолари маҳаллий депутатлар ҳамроҳлигида дастлаб 1981 йилда фаолиятини бошлаган Термиз шаҳаридаги 2-сонли, сўнгра 150 нафар ўқувчига мўлжалланган 1-сонли мусиқа мактаблари фаолияти билан танишдилар.

Биринчи манзилда молиявий масалалар ечилмагани боис, чолғу асбоблар, дарсликлар етишмаётгани, ҳамда замонавий технологиялардан фойдаланилмаётгани қайд этилди. Бу ерда кадрлар қўнимсизлиги ҳам бор экан. Иккинчи манзилда эса аксинча ҳолат: барча шароитлар яратилган, фақат ўқувчилар мусиқа ва санъат сирларини қунт билан ўрганса бўлгани.

Таъкидлаш лозим, фракция аъзоларининг бу сафарги ўрганишлари январдагидан кўра самарали бўлди, дейиш мумкин. Бунинг исботини юқоридаги маълумотлардан ҳам билиш мумкин. Фақат ва фақат натижа учун ишлашга бел боғлаган “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз депутатларининг ҳудудларда шунчаки расмиятчилик, қоғозбозлик учун бориб-келишларига йўл қўёлмайди.