«Миллий тикланиш» демократик партиясининг сайловолди дастури жойларда қизғин муҳокама қилиняпти

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг сайловолди дастури жойларда қизғин муҳокама қилиняпти

Шу кунгача «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон, Навоий, Бухоро ва Фарғона вилоятларида қизғин муҳокама қилинди. Тошкентда – Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ташкил этилган тақдимотда таълим, маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этиб, унда илгари сурилган ғоя ва ташаббусларга нисбатан таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбирда партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов сўзга чиқиб, партиянинг бош мақсади, асосий шиори ва Сайловолди дастурининг асосий йўналишларию, уларда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар моҳияти, мазмуни хусусида маълумот берди. 

– «Миллий тикланиш» учун энг устувор масала бугун Янги Ўзбекистонда ҳаёт-мамот масаласи дея эътироф этилаётган тарбия ва таълим масаласи ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, дастурда баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантиришга алоҳида устуворлик берилмоқда, – деди Миродил Абдураҳмонов.

Партия раисининг ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова эса дастурни тайёрлаш жараёнлари ва унда партия электорати, жамоатчиликнинг иштироки, бунда қандай таклиф ва мулоҳазалар билдирилганию, улардан қай даражада фойдаланилгани тўғрисида гапирди.

Нотиқнинг таъкидлашича, партия дастурига давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилликдан зиёд тарихий тажрибаси, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси, Ўзбекистон Конституцияси, Янги Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш йўлидаги туб ислоҳотлар ҳамда миллий ва умумбашарий қадриятлар асос бўлган.

Шундан кейин пойтахтлик партиядошлар, партиянинг ғоя ва мақсадларига хайрихоҳ бўлган педагоглар, ёшлар ва иқтисодчилар сўзга чиқиб, дастурни янада бойитиш, айрим йўналишларини имкон қадар соддароқ тилда баён этиш, шунингдек, ёшларга оид моддаларни кучайтириш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. 

Хусусан, Тошкент шаҳар, Олмазор туманидан 169-мактаб директори Гулноз Эргашева сайловолди дастуридаги педагоглар мақомини ошириш, таълим тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштиришга оид моддаларни қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Ушбу мактаб ўқитувчиси Сарварбек Жумаев эса партиянинг давлат тилининг мақомини кўчириш билан чет тилларни ўқитишга оид ташаббуслари унга маъқул бўлганини билдирди. 

Тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўқитувчиси Акмал Умаров ҳам сўз сўраб, сайловолди дастурининг иқтисодиётга доир бандлари юзасидан ўз таклифларини билдирди. Дастур тақдимотида партиянинг давлат тузилмалари, хусусан, ҳукумат фаолиятига муносабати ҳақида ҳам фикр билдирилди. М.Абдураҳмонов ушбу масалага тўхталиб, партия ҳар доим ўз ғоя ва таклифларини ҳукуматга етказиб келганини ва бу ҳаракатлар бугун ҳам давом этаётганини таъкидлади. Бу ўзаро ҳамкорликка, айниқса, сайловчилар манфаатига хизмат қилаётир.

Тўғри, партиянинг айрим қарашлари ҳукумат билан бир чизиқда кесишмаётган нуқталар ҳам бор. Масалан, таълим йўналиши, тарбия ва таълим бугунги ислоҳотларнинг устувор масаласи сифатида қабул қилингани ва соҳага керагича маблағ ажратилаётгани ҳолда, вазирлик бу борада мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётганига урғу берилди. Бу фикрга боғча ва мактаблардаги ўзгаришлар ниҳоятда суст ёки депсиниш ҳолатида кечаётгани ҳам мисол бўлиши мумкин.

Тўғри, масъуллар тарбия ва таълимда реал натижага эришиш учун вақт кераклигини айтишмоқда. Лекин қачондир натижалар ҳосил бўлиши учун бугундан тизимли ишлар олиб бориш керак эмасми? Масалан, боғчаларимиздаги 126 минг тарбиячининг 48 минги олий маълумотли, холос. Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин?

Ўқитувчи-педагогларни ишга қабул қилишдаги муаммолар ҳам бугунгача тўла ечим топгани йўқ. Шунинг учун ҳам Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бу масалага эътибор кучайтириши лозим. Таълим-тарбия сифати билан бевосита боғлиқ бўлган муносиб педагог кадрларни ишга олиш, бу бўйича шаффоф тизим яратиш масаласи ҳам долзарб масала бўлиб қоляпти. 

Партия Сайловолди дастурида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, боғча ва мактабларга тарбиячи ва ўқитувчиларни ишга қабул қилиш масалаларини тартибга солишга қаратилган ташаббусларни илгари суряпти.
Юқорида таъкидланганидек, ўзбек тилининг давлат тили мақоми масаласида ҳам қатор камчиликлар учраяпти. Бу борада ташқи реклама ва ёзувлар, эълон ва пешлавҳаларни жойлаштиришда давлат тилига оид қонунчилик талабларига риоя қилинмаётганини таъкидлаш мумкин.

Гарчи, ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 35 йилдан ошган бўлса-да, лекин на Тошкент ва на чекка ҳудудларда ташқи реклама ва ёзувлар, эълон ва пешлавҳаларнинг давлат тилида ёзилишига тўла эришилмади. 
Бу эса Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Монополияга қарши кураш қўмитаси, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг давлат тили билан боғлиқ амалдаги нормалар ижросига етарлича эътибор қаратмаяпти, деганидир. Ваҳоланки, қонунчилигимизда бу борадаги тартиб-қоидаларни бузганларга нисбатан жавобгарлик белгиланган.

– «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Сайловолди дастури лойиҳасидаги  »emaktab», яъни «Kundalik.com» тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ таклифларни кўриб, хурсанд бўлдим, – дейди наманганлик педагог Мафтуна Йўлдошева Давлатобод туманида ўтказилган тақдимотда. – Тўғри, бу тизим ўқитувчиларни ортиқча қоғозбозлик, ёзув-чизувлардан халос қилди. Лекин тизимда ислоҳ қилиниши лозим бўлган масалалар ҳали кўп. Бу эса ўқитувчиларга ташвиш туғдиряпти. Масалан, ота-она фаоллиги масаласи. 

«Kundalik.com» шундай яратилганки, ҳар бир ота-она тизимга кириб, фарзандларининг ҳар кунги баҳолари билан танишиб бориши лозим ва бу кўрсаткич алоҳида фаоллик сифатида қайд этилди. Лекин тан олайлик, бугун барча ота-оналар ҳам ўз фарзандларининг баҳолари билан мунтазам қизиқишяптими? Йўқ, албатта. Натижада мактабнинг, синфларнинг бу борадаги кўрсаткичлари тушиб кетяпти. Бунга эса яна ўқитувчи айбдор бўляпти. Ноилож синф раҳбарлари ҳар куни икки-уч соат вақтини ота-оналарга қўнғироқ қилиш, тизимга киришларини сўраш билан ўтказяпти. Ёки ўзи мажбурликдан ота-она «роли»ни ўйнаяпти. Мана, партия эътибор қаратиши лозим бўлган яна бир муаммо.

Илм-фан, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари, кенг жамоатчилик, ёшлар иштирокида Наманган шаҳридаги "Янги Ўзбекистон – Ёшлар зиё маскани" ахборот кутубхонасида ўтказилган тадбирда партия раиси ўринбосарлари Миродил Абдураҳмонов ва Нодирбек Тилаволдиевлар сўзга чиқиб, йиғилганларга дастур лойиҳасида илгари сурилаётган ташаббуслар, 2024-2025 йилларда қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида маълумот беришди. 

Тадбирда шунингдек, Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Одилжон Маматкаримов ҳамда университет профессори Турсунбой Файзуллаевлар ҳам сўзга чиқиб, дастурни янада такомиллаштириш борасидаги фикрларини билдирдилар.

Бухоро шаҳридаги вилоят касаба уюшмалари федерациясида ташкил қилинган тақдимот тадбири ҳам иштирокчилар фаоллигида ўтди. Партия фаоллари, зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этган тақдимотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова сўзга чиқиб, партиянинг «Қадриятларга таянган тараққиёт» шиори бежиз танланмаганини таъкидлади.

– Бугун барчамиз гувоҳмиз, дунё ўзгаряпти, маънавий-ахлоқий таназзул борган сари кучаймоқда. Аксарият мамлакатлар давлатчилик анъаналарини ўзларининг қадриятларига таянган ҳолда давом эттиришга ҳаракат қилмоқда. Шу маънода, тарихий-маданий меросимизни авайлаб асраш, анъаналаримизни сақлаш ва ривожлантириш, ҳатто иқтисодий тараққиётга ҳам айнан миллий қадриятлар орқали эришсак, бундан фақат халқимиз ютади, – деди Умида Раҳмонова.  

Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси Абира Ҳусаинова, партиянинг Бухоро вилояти Кенгаши раиси Махсуд Муҳаммедовлар ҳам сўзга чиқиб, дастур лойиҳасининг тайёрланиш жараёнида бухороликлар ҳам фаол иштирок этганларини ҳамда дастурга ўндан ортиқ таклифлар беришганини айтишди.

– Ўтган йили биргина Ромитан туманидаги бешта тарихий ёдгорликка қарийб 300 миллиард сўмлик зарар етказилди. Тузутиб бўлмас бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида янги дастур лойиҳасида маданий мерос объектлари муҳофазасини янада кучайтириш, ҳатто ижарага бериш тизимини бекор қилиш бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда, – деди Махсуд Муҳаммедов.

Навоий вилояти Маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтган сайловолди дастури муҳокамасида эса Марказий кенгаш раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова сўзга чиқиб, дастурда оилани мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшларга муносиб шароитлар яратиш масалалари алоҳида йўналиш сифатида белгиланганини таъкидлади.  

Партия учун «Оила – муқаддас қўрғон». Оналик, оталик ва болаликнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши, аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқли, деб эътироф этилиши, уларга жамият ва давлат ишларини бошқаришда ҳамда барча соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши партиянинг устувор мақсадларига уйғундир.

Шундан келиб чиқиб дастурда ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, аёлларнинг оилада кўпроқ бўлишлари учун шароитлар яратиш мақсадида фарзанд кўрган аёлларга бола уч ёшга тўлгунига қадар ҳақ тўланадиган «Оналик таътили» бериш тизимини жорий қилиш, ёшларга оила ва никоҳнинг муқаддаслигини англатиш, оила шаъни ва шавкати ҳимоячиси – эркакларнинг оиладан, бола тарбиясидан узоқлашишининг олдини олиш бўйича бир қатор таклифларни илгари суриляпти. Бу эса партия учун оила қадриятлар бешиги эканини англатади, – деди Феруза Муҳаммеджанова.

Тадбирда партия фаоли Жамшид Олимов сўзга чиқиб, дастурда ёшлар турмуш қурганда, фарзанд туғилганда яхши ниятлар билан дарахт экиш одатини оммалаштириш бўйича илгари сурилган таклиф маъқул келганини таъкидлади.
Маълумки, «Яшил макон» дастурига кўра, кейинги 5 йилда мамлакатда 1 миллиард туп кўчат экиш режа қилинганди. Бир қараганда режа ортиғи билан бажарилди.

Лекин айрим ҳудудларда ушбу тадбирга кўзбўямачилик билан қараляпти. Кўчатларнинг аксарияти суғориш имкони бўлмаган жойларга экилган, устига-устак қўшиб ёзишлар туфайли ёзнинг чилласига бориб-бормай жами 12 миллиондан ортиқ туп кўчат қуриб, нобуд бўлган. Энг ёмони, кўпчилигимиз бу иш фақат давлатнинг иши деб ҳисоблаймиз. Аслида шу тупроқ, Она ер барчамизники, демак унинг мусаффолигини асраш, софлигини таъминлашга ҳам барчамиз бирдек масъул бўлмоғимиз лозим.

– Шу маънода, «Миллий тикланиш»нинг азалий қадриятимиз – дарахт экиш одатини омалаштириш таклифи юртимиз мусаффолигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлади, – деди Жамшид Олимов.

Тадбирда вилоят Кенгаши раиси Илҳом Ражабов ҳам сўзга чиқиб, миллий сериаллар, тарихий фильмлар яратиш билан боғлиқ масалаларда тегишли идоралар фаолияти ҳали ҳам қониқарли эмаслигини, ишлаб чиқарилаётган кино маҳсулотларининг мафкуравий-бадиий даражаси жуда паст, сценарийнавислик, режиссёрлик ва актёрлик маҳоратлари етарли даражада эмаслигини таъкидлади. 

Маълумки, кинонинг ёшлар тарбиясидаги ўрни, садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти жуда катта. Кино инсон тафаккурини оширишда ҳам муҳим рол ўйнайди. Унинг бой мазмуни эса аҳолининг билимдонлик даражасига бевосита таъсир кўрсатади. Эътибор берадиган бўлсак, ўзбек экранларида хорижий тарихий кинолар, маиший мавзудаги маҳаллий сериаллар кўпайган.

Миллий контентнинг етарли ёки савияли эмаслиги бу борадаги бўшлиқни маънавиятимизга, қадриятларимизга зид бўлган мавзулардаги хориж фильмлари эгаллашига олиб келади. Аксарияти хорижий тиллардаги таржима асосида намойиш этилмоқда. Кинотеатрларда ўрнатилган рекламалар ҳам давлат тилида эмас. Она тилимиз ва миллий маданиятимизни юксалтиришга масъул бўлган идоралар эса, бугунги кунга қадар ушбу муаммога эътибор қаратгани йўқ.

Шундай экан, кинотеатрларда хорижий кинофильмларни ўзбек тилидаги таржима орқали намойиш этиш бўйича аниқ талаб белгилаш, бу борада Маданият вазирлигининг ташаббускорлигини ошириш керак.

– Партиямиз мазкур муаммоларга ҳам эътибор қаратгани ҳолда янги Сайловолди дастури лойиҳасида ўзбек тилидаги маълумотлар базасини кенгайтириш, ҳар йили хорижий тилдаги мингта илмий адабиётни давлат тилига таржима қилиш, шунингдек, юқорида саналган муаммолар ечимига қаратилган бошқа қатор таклифларни илгари сураяпти, – деди Илҳом Ражабов.

Партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳаси бошқа ҳудудларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Навбатдаги тадбир бугун Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида бўлиб ўтади.