"Миллий тикланиш” демократик партиясининг давлат хизматчиларига оид ташаббуслари

"Миллий тикланиш” демократик партиясининг давлат хизматчиларига оид ташаббуслари


   “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029-йилларга мўлжаллангнан Сайловолди дастури билан танишиб чиқар экансиз қатор муҳим ташаббусларга кўзингиз тушади. Улар орасида “Давлат хизматчисининг ҳалоллик текшируви” институтини жорий этиш, давлат хизматчилари сонини мақбуллаштириш” таклифи ҳам мавжуд.

   Маълумки, коррупцияга қарши курашиш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. 

   Шуни таъкидлаш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни "ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш" зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди.

Президент 2020-йилнинг 24-январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, "Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди".

   2023-йилнинг 19-декабрь куни мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида Халқаро коррупцияга қарши курашиш юксак мукофотини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтгани ҳам бу иллатга қарши кураш давлатнинг устувор вазифалардан бири эканлигидан далолат беради.

   “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 89-мақсади Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш ҳисобланади.

   Унда “Транспаренcй Интернатионал” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробар камайтиришга эришиш мақсад қилинган.

   Шунингдек, давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-тарож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш, 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш вазифалари қайд этилган.

   “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Давлат хизматчисининг ҳалоллик текшируви” институтини жорий этиш ва давлат хизматчилари сонини мақбуллаштириш таклифи давлат хизмати соҳасидаги ислоҳотлар ва шаффофликни таъминлашга йўналтирилган кўплаб концептуал элементларни ўз ичига олган. Бу таклифларнинг ҳар бири аниқ мақсадлар ва интилишлар билан боғлиқ:

   Давлат хизматчисининг ҳалоллик текшируви: Бу институт давлат хизматчиларининг шахсий ва касбий ҳалоллигини текширишга йўналтирилган. Текширувлар орқали коррупцияга қарши курашиш, давлат хизматида ахлоқ ва профессионализмни сақлаш мақсад қилинади. Текширув натижалари шаффоф бўлади ва жамоатчиликка маълум қилинади, бу эса давлат органларига аҳолининг ишончини оширади.

   Давлат хизматчилари сонини мақбуллаштириш: давлат хизматчиларининг сонини мақбуллаштириш орқали давлат аппаратининг самарадорлигини ошириш, эҳтиёжсиз ёки ортиқча кадрларни қисқартириш мақсад қилинган. Бунда муассасалар ва идоралардаги кадрлар сони оптимал даражада сақланади, бу эса давлат ресурсларини тежаш ва ихтисослаштирилган ишларни амалга оширишга имкон беради.

Ушбу таклифларнинг жорий этилиши давлат хизматини тўғри ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш, давлат органлари самарадорлигини ошириш ва жамоатчиликнинг ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашади. Шунингдек, бу ўзгартиришлар давлат хизматидаги профессионализм ва ахлоқни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.