Маъқуллаймиз, аммо битта шарт билан!

Маъқуллаймиз, аммо битта шарт билан!

2672 та “бир кунлик” фирмалар томонидан 24,1 триллион сўмлик ноқонуний товар-пул айланмаси амалга оширилган...

 2022-2024 йилларда 9,8 триллион сўмлик солиқларни яшириш билан боғлиқ 3710 та жиноят содир этилган. 
“Миллий тикланиш” ана шундай салмоқли рақамларга қарамай, кичик бизнес субъектларининг арзимаган хато учун сохта фирмалар қаторига қўшилиб қолиб, жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини талаб этмоқда.

Куни кеча “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида, кейин эса қуйи палатанинг ялпи мажлисида муҳим қонун лойиҳалари муҳокама этилди. Депутатларнинг фикрича, улардан бири миллий иқтисодиётимизга, иккинчиси эса миллат генофондига тўғридан-тўғри таъсир этадиган қонунлардир.

Маълумотларга қараганда, асосан океан ва денгиздан 200 километр узоқликда жойлашган 130 дан ортиқ мамлакатда йод етишмаслиги кузатилар экан. Яъни, ер юзининг қарийб 2 миллиарддан ортиқ аҳолиси бугун айнан йод танқислигидан азият чекмоқда. Шу боис, 100 га яқин давлатда тузни мажбурий йодлаш стратегияси қабул қилинган. 

Ўзбекистон ҳам йод танқислиги касалликлари кенг тарқалган минтада жойлашган бўлиб, мамлакатда ош тузини йодламасдан ишлаб чиқариш қонунан таъқиқланган. Бироқ шунга қарамай, ҳамон йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қоляпмиз. Буни аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари ва эндемик буқоқ хасталиги билан касалланиш даражаси ортиб бораётганидан ҳам билиш мумкин.

Сабаби маълум: ош тузи ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг аксарияти белгиланган талабларга риоя этмаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг аниқлашича, ош тузи ишлаб чиқарувчи жами 94 корхонадан 72 тасида йодлаш жараёни талабга жавоб бермайди. 

2024 йилнинг 9 ойида ўтказилган текширувлар давомида туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган 263 та намунадан 65 тасида (25 фоиз), савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларидан олинган 1110 та намунанинг 347 тасида (31,5 фоиз), мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан олинган 3613 та намунанинг 1263 тасида (35 фоиз) йод миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган. Бу йодланган ош тузини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш тўлиқ тартибга солинмагани ҳамда ушбу жараёнлар устидан қатъий назорат ўрнатилмаганини кўрсатади.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида юқоридаги ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилиниб, бир овоздан маъқулланди.

– Миллат генафондини асраш билан боғлиқ масалани эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Аксинча, бу борада назоратни янада кучайтириш лозим, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.  
   
Қонун лойиҳаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг  йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, олиб кирилиши ҳамда реализация қилиниши билан боғлиқ санитария-гигиеник назорат кучайтириляпти.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг фикрича, йод танқислиги ақлий заифликнинг асосий сабаби бўлиб, фақат оқилона ёндашиш орқалигина унинг олдини олиш мумкин. Аммо унутмаслик керакки, йод танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолининг интеллектуал салоҳияти пасайиши муқаррар.

Қайд этилишича, йодга бўлган эҳтиёж чақалоқларда кунига 50 микрограмм, 1 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларда 90 микрограмм, 7 ёшдан 10 ёшгача бўлганлар учун 120 микрограмм, ўсмирлар ва катталарда эса 150 микрограммни ташкил қилади. Аёлларда эса ҳомиладорлик ва эмизикли даврида йодга бўлган эҳтиёж кунига 200-300 микрограммгача ортиб кетади.

Ош тузини йодлашда 1 тонна тузга 25 грамм йод қўшилар экан. У истеъмолчига етказиб берилгунча йод миқдорининг 20 фоизи, овқатга солинганда қайнаш давомида яна 20 фоизи йўқолади. Аммо шунга қарамасдан биргина ош тузининг йодланиши аҳоли учун қатор ижобий натижаларга олиб келади. Умуман олганда, йоднинг кунлик минимал дозасини (100 мкг) олиш учун болаларнинг ҳар куни 3,6 кг хурмо, 2,1 кг ёнғоқ ёки 6,3 кг олма истеъмол қилишлари керак бўлади.

Фракция аъзоларининг фикрича, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи қонун лойиҳасидек ўта муҳимдир.

Таъкидланишича, ушбу қонун лойиҳаси билан товарларни келишилган муддатда етказиб бермаган сотувчиларга нисбатан жавобгарлик белгиланяпти. Яъни, энди сотувчи истеъмолчига товарларни ваъда қилинган кунда етказиб бермаса, кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги (кун, соат, дақиқа) учун 0.5 фоиз миқдорида пеня тўлайди. 

Қонун ташаббускорларининг айтишларича, ўтган йили биргина автомобил олди-соттиси бўйича шартномада кўрсатилган мудатга риоя қилмаслик бўйича 5332 та ҳолат қайд этилган. Умуман олганда, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ўтган йили 30 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 33 фоиздан ортиғи истеъмолчилар томонидан сотиб олинган товарларнинг келишилган муддатда етказиб берилмагани билан боғлиқ. 

Йиғилишда солиқ ва тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Маълумки, давлат бюжетининг 76 фоизи солиқлар ҳисобидан шакллангани боис, солиқларнинг ўз вақтида тушмай қолиши бюджет тақчиллигини келтириб чиқаради. Биргина ўтган давр мобайнида сохта ҳужжатлар билан 24,1 трлн сўмлик ноқонуний товар-пул айланмасини амалга оширган 2672 та “бир кунлик фирма”лар фаолиятига барҳам берилган. 2022-2024 йилларда 9,8 трлн сўмлик солиқларни яшириш билан боғлиқ 3710 та жиноятга чек қўйилган бўлиб, давлатга етказилган зарар 54 фоизга ошган.

Шунингдек, 749 мингта ижро иши бўйича 29,6 трлн сўмлик солиқ  қарзларини ундириш имконияти бўлмаган. Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар 2023 йилда 2021 йилга нисбатан 2,3 бараварга ўсган.
 
Таҳлилларга кўра, сўнгги 3 йилда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ 2 637 та жиноят иши қўзғатилиб, улардан 138 таси – 100 млн сўмгача, 709 таси – 100-300 млн сўм, 508 таси – 300-500 млн сўм, 448 таси – 500 млн – 1 млрд сўм, 428 таси –  3 млрд сўм, 406 таси– 3 млрд сўмдан юқори даражада зарар келтирган.

Хорижий тажриба ўрганилганда солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун Литва, Россияда 6 йил, Болгария, Эстония, Беларусь, Озарбайжонда 7 йил, Тожикистон, Қозоғистонда 8 йил, Латвияда 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши маълум  бўлди. Шу билан бирга жазога қўшимча равишда айбдорлар муайян ҳуқуқдан ҳам маҳрум этилиб, мол-мулки мусодара қилинади.

Ушбу қонун лойиҳаси билан эндиликда сохта тадбиркорлик учун нафақат юридик шахс, балки якка тадбиркорлик ташкил этганларга ҳам жавобгарлик белгиланяпти ҳамда амалдаги жазо турларини сақлаган ҳолда 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан бирга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш белгиланяпти.

Яъни, биринчи бор содир этилганда 3 йил, такроран содир этилганда 5 йил, жуда кўп миқдорда содир этилганда эса 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун ҳам жарима миқдори ошириляпти.

Фракция аъзоси Азамат Пардаев ушбу қонун лойиҳасига муносабат билдирар экан, айрим корхоналар қастдан эмас муаян сабаблар, масалан, бугалтерияси яхши ишламаслиги ёки эътиборсизлиги сабаб солиқ ва мажбурий йиғимларни тўлашда хатоликларга йўл қўйиши мумкинлигини айтиб, биринчи бор шундай ҳолатларни содир этган корхона раҳбарини бирданига 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш қанчалик адолатли, – деган саволни ўртага қўйди.

Депутат, – қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов ҳам жазолар оғирлаштирилаётганига эътироз билдирди. Шерзод Тўхташев эса амалдаги қонунчиликда солиқ ва мажбурий тўловлардан бўйин товлаганлар учун етарлича жавобгарлик белгилангани, уни оғирлаштиришга зарурат йўқлигини таъкидлади.  

Нодир Тилаволдиев ҳам жарималар кескинлашаётганига эътироз билдириб, бу ўзгаришлар ҳимояга муҳтож бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятига салбий таъсир қилишини билдирди.

Қонун ташаббускорлари бу ўзгаришлар асосан “пул ювиш” билан шуғулланаётган сохта, инсофсиз тадбиркорлар пайини қирқишга қаратилгани, қастдан мамлакат иқтисодиётига зарар етказадиган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳар қандай жазога лойиқ эканини, ҳақиқий тадбиркорлар давлат ҳимоясида эканини таъкидланди.

Гарчи муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган бўлса-да, аммо иккинчи ўқишгача оғирлаштирилаётган нормалар қайта кўриб чиқилиши бўйича Фракция аъзоларининг масъул қўмита билан бақамти ишлаши лозим деган қарорга келинди.