Энди уларнинг ечимига оид таклифлар доимий тарзда президентга киритилади!
Январь – июнь ойларида «Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудларда бўлиб, жами 79 та, хусусан, 17 та маҳаллада ўрганишлар олиб борди.
Ташкил этилган 40 та учрашув ва очиқ мулоқотларда 1117 нафар фуқаро иштирок этди. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда фуқаролар томонидан 48 та муаммоли масала кўтарилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари илк ўрганишлар учун бежиз Хоразмни танламадилар: кейинги пайтларда ушбу ҳудудда маданий мерос объектларига эътиборсиз қаралаётгани тўғрисида кўплаб шикоятлар келиб тушаёганди.
Шунинг учун ҳам Хоразмда асосий эътибор айни шу соҳага қаратилди. Дастлаб Ҳазорасп туманидаги уч минг йиллик тарихга эга бўлган «Сулаймон қалъа»даги шароитлар ўрганилди.
Маълум бўлишича, айрим фуқароларнинг «Сулаймон қалъа» тупроғидан қурилиш ишларида фойдаланаётганлиги, археология ашёларини яроқсиз ҳолатга келтириш, сотиб юбориш ёки йўқ қилиш ҳолатлари аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳи аъзолари тарихий объектни консервация қилиш, қалъа ичида археологик изланишлар олиб бориш, унинг тарихийлигини тиклаш, шу жойда топилган ашёлардан иборат музей ташкил қилиш (Ахсикент мисолида) ва ҳудудни туристик объектга айлантириш лозим деган фикрга келдилар.
Бундан ташқари қалъа деворининг авария ҳолатидаги қисмларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни ва термитдан зарарланган жойларини қайта тиклаш ёки таъмирлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқлаш лозим деган хулоса чиқарилди.
«Ичан Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси ҳудудида ҳам ана шундай муаммолар борлиги аниқланди. Якунда депутатлар томонидан қўриқхона атрофида оғир юк машиналари ҳаракатини, шунингдек етарли билимга эга бўлмасдан туриб «гид-экскурсовод»лик билан шуғулланувчи шахсларнинг фаолиятини (улар сайёҳларга нотўғри маълумотлар бериши мумкин) чеклаш тўғрисида фикрлар билдирилди.
Умуман олганда ишчи гуруҳи томонидан бир қатор объектлар, жумладан Хива шаҳридаги «Нуруллабой» мажмуасида жойлашган маданий мерос обектларини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш, Урганч ва Хива шаҳрининг туристик харитасини яратиш, Янгиариқдаги “Шайх Мухтор Вали” мақбараси, Қўшкўпир туманидаги “Иморат бобо” ҳамда “Боқиржон бобо” зиёратгоҳларида эса капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш лозимлиги тўғрисида таклифлар тайёрланди.
Ишлаб чиқариш корхоналарида эса асосан энергия ресурслари нархларидаги ўзгаришлар маҳаллий тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятига, жумладан чет элдаги рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш, ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш давомида реклама баннерлари, ташқи ёзувлар, пештахта ва пешлавҳалар жуда ачинарли аҳволда эканини инобатга олиб, «Ташқи ёзувлар тўғрисида»ги Қонунни тездан қабул қилиш зарурати борлиги таъкидланди.
Гарчи ўрганишлар давомида 2024 йилнинг 5 августида қабул қилинган «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги ЎРҚ-937-сонли Қонун аҳоли томонидан эътироф этилаётган бўлса-да, бироқ ноқонуний эгаллаб олинган ер учун солиқ 3 карра коэффициентни қўллаган ҳолда ҳисобланаётгани аниқландики, бу аксарият фуқароларда норозилик уйғотмоқда.
Масалан, Боғот тумани Солиқ органлари маълумотлари базасида 35928 та ер участкаси бўлиб, улардан 21341 таси ҳужжатсиздир. Шу сабабли, ушбу ер участкаларини эгаллаб олган фуқаролар биринчи навбатда уларнинг маҳаллаларида хатлов ўтказилишини ёки 2027 йил 31 декабрга қадар солиқни ҳисоблашда 3 карра коэффициентни қўлламай туришни талаб қилишмоқда.
Масалан, Боғот тумани Солиқ органлари маълумотлари базасида 35928 та ер участкаси бўлиб, улардан 21341 таси ҳужжатсиздир. Шу сабабли, ушбу ер участкаларини эгаллаб олган фуқаролар биринчи навбатда уларнинг маҳаллаларида хатлов ўтказилишини ёки 2027 йил 31 декабрга қадар солиқни ҳисоблашда 3 карра коэффициентни қўлламай туришни талаб қилишмоқда.
2025 йилнинг февраль ойига келиб, ўрганишлар Наманган вилоятига кўчди.
Водийнинг ушбу вилоятида асосий эътибор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудуддаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва туризмни ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятлар, вилоятдаги ахборот-кутубхона марказлари учун яратилган шароитлар ва реклама баннерлари, ташқи ёзувлар, пештахта ва пешлавҳалардаги ёзувларда давлат тили қоидаларига амал қилиниши ҳолатларига қаратилди.
Дастлаб «Саодат саноат сервис» МЧЖ, «Фазман текстиль» масъулияти чекланган жамияти, «Поп кулолчилик маркази» ва бошқа объектлар фаолияти ўрганилди.
Тадбиркорлар билан мулоқотлар давомида аниқландики, банк кредитлари фоизининг нисбатан юқори экани сабаб «Ислом молияси»ни юртимизда жорий этилиши кўплаб тадбиркорларнинг хоҳиш-истагига мос. Зеро, бу масала Давлат раҳбарининг 2022 йил февраль ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида ҳудуд тадбиркорлари билан учрашуви давомида ҳам кўтарилган эди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳи аъзолари «Ислом молияси тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш лозим деган хулосага келдилар.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва туризмни ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларга баҳо бериш учун эса Норин туманидаги «Учтепа-2» зардуштийлик даври манзилгоҳи, «Булоқмозор» зиёратгоҳи, Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археология парки, Наманган туманидаги «Биби Мушкулкушод мақбараси» ва ҳудуддаги бошқа маданий мерос объектлари танлаб олинди.
Маълум бўлишича, «Учтепа-2» академик Аҳмадали Асқаров томонидан ҳам ўрганилган ва ҳатто тадқиқот ишлари ҳам олиб борилган. Қазишма ишларида ўша даврга оид диний маросимлар қолдиқлари, роҳиб ва роҳибаларнинг суяклари, 50 га яқин алтар-ўчоқ излари ҳамда сопол идишлар синиқларигача топилган.
Бугун ушбу объект мамлакатимиздаги энг қадимий ва йирик оташпарастлик ибодатхонаси саналади. Шунинг учун ҳам уни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш мақсадга мувофиқ.
Вилоятдаги ахборот-кутубхона марказлари учун яратилган шароитлар ва реклама баннерлари, ташқи ёзувлар, пештахта ҳамда пешлавҳалардаги ёзувларда давлат тили қоидаларига амал қилиниши ҳолатлари ўрганилганда ҳам бир қатор муаммолар мавжудлиги кўриниб қолди.
Масалан, айрим ахборот-кутубхона марказларининг биноси йўқлиги (Янгиқўрғон, Учқўрғон туманлари) ёки эскирган бинолари таъмирга муҳтожлиги ва моддий техник базаларининг етишмовчилиги (Тўрақўрғон тумани) аниқланди.
Китобхонликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган айрим ҳолатларнинг мавжудлиги (электрон ва аудио китоблар яратишда қонунчиликдаги таъқиқлар) эса тегишли Қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлигини кўрсатяпти.
Наманган туманидаги «Куйик» ва «Биби Мушкулкушод» зиёратгоҳлари, Поп туманидаги «Мунчоқтепа» ёдгорликларида аниқланган муаммолар юзасидан эса мутассадди идораларга депутатлик сўрови юбориш мақсадга мувофиқ кўрилди.
2025 йилнинг апрель ойига келиб, ишчи гуруҳ Қашқадарёда иш бошлади. Аввал тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш йўналишида ўрганишлар олиб борилди.
Қайд этилишича, Президент ташаббуси билан эълон қилинган «Долзарб бир ойлик» сафарбарлиги доирасида вилоятдаги 587 минг хонадондаги 60,8 минг гектар ёки 95 фоиз томорқа ерларига «баҳорги» экинлар экилган. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 5 985 нафар аҳолига 110 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилган.
Давлат бюджетидан 90 та шароити оғир маҳаллага 299 млрд сўм маблағ ажратилган: шундан томорқаларни суғоришга 142.5 млрд сўм (47.6 %), электр таъминотини яхшилаш учун 74.5 млрд сўм (24.8 %), интернет таъминоти учун 0.6 млрд сўм (0.2 %), ички йўлларни таъмирлаш ва қуриш учун эса 81.9 млрд сўм (27.3 %) йўналтирилган.
Шунингдек, камбағалликни қисқартириш борасида «индивидуал режалар» асосида 9,7 мингта оилага ёки 42,8 минг нафар аҳолига 12,5 мингта хизматлар кўрсатилган. Шундан 1,9 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилган, 1,8 минг нафарига эса имтиёзли кредитлар берилган. 8,5 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинган бўлса, 291 нафари касб-ҳунарга ўқитилган.
Ишчи гуруҳ Ғузор туманидаги «Даштобод» маҳалласида бўлиб, «етти»лик фаолияти билан ҳам танишиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказди. Маълум бўлишича, ушбу маҳаллани помидорчиликка ихтисослаштириш ҳисобига 500 гектар ер 291 та оилага ажратиб берилган. Натижада битта оила йилига ўртача 70-80 миллион сўм даромад қиляпти. Шунингдек, «Шерали», «Янги ҳаёт» ва «Эскибоғ» маҳалларининг 300 нафар ишсиз фуқаролари мавсумий ишларган жалб этилиб, уларнинг ҳар бирига кунлик 70-80 минг сўмдан ҳам тўланмоқда. Сув насосларини электр энергия билан таъминлашда 10 кВт қуёш панелларидан фойдаланилаётгани натижасида электр энергия тўловидан йилига 8 млн.сўм иқтисод қилинмоқда.
Аммо ана шундай ижобий кўрсаткичларга қарамай, етиштирилган маҳсулотларни саноат усулида қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш орқали аҳоли даромадини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланилмаяпти.
Қашқадарёда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва туризмни ривожлантириш борасида ҳам қатор муаммолар борлиги аниқланди.
Масалан, Ғузор туманидаги «Авғонбоғ», «Обихона ва минора» ҳамда «Мирижанда» тарихий обидаларидаги шароитлар ўрганилганда, «Авғонбоғ» мадрасаси ҳамда «Обихона ва минор» мажмуасининг таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани маълум бўлди. Шунинг учун ҳам кўп йиллик тарихга эга бўлган мадраса биносига эътибор қаратиш, мадраса биносини яна узоқ йиллар безарар сақлаб қолиш йўлларини топиш керак.
Тан олиш керак: вилоятда, кейинги йилларда ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш масаласига эътибор кучайди.
Масалан, Ғузор туманидаги 1-сон политехникумида 1220 нафар болатаҳсил оляпти. Яқиндан бошлаб мазкур таълим муассасаси Германиянинг «АВЕСТОС» компанияси билан ҳамкорликда халқаро таълим дастури асосида 32 нафар йигит-қизни металларга ишлов беришга ўргатмоқда. Мақсад: уларни малакали мутахассисга айлантириш, хоҳишлари бўлса, Германияга ишга юбориш.
Ишчи гуруҳ «Ишга марҳамат» мономарказида ташкил этилган Қарши шаҳри касбий кўникмалар марказида ҳам бўлди. Бу ерда январ-апрель ойларида 32 та йўналиш бўйича 813 нафар ёшлар ўқув курсларини битирган ва 705 нафарининг бандлиги таъминланган. Марказда ногиронлиги бўлган 32 нафар фуқаро ҳам инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилмоқда.
Яна бир маълумот: ўрганишлар пайтида Қарши шаҳар касбий кўникмалар маркази томонидан фойдаланилаётган бино ва ер майдонининг кадастр ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказилмагани маълум бўлди. Айтишларича, собиқ саноат касб-ҳунар коллежининг Қарши шаҳар солиқ инспекциясидан 924 млн сўмдан ортиқ қарзи қолиб кетгани учун МИБ томонидан тақиқ қўйилган. Натижада бинода касбга тайёрлаш учун етарлича шароит яратиш имкони бўлмаяпти.
Шу сабабли, «Ишга марҳамат» мономаркази учун ажратилган кўчмас мулк объектига Солиқ бўлими томонидан қўйилган тақиқни олиб ташлаш ва ушбу қарздорлик суммасини бартараф этишга амалий ёрдам бериш сўралди. Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан аниқланган бошқа муаммолар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўровлари юборишга қарор қилинди.
Шу сабабли, «Ишга марҳамат» мономаркази учун ажратилган кўчмас мулк объектига Солиқ бўлими томонидан қўйилган тақиқни олиб ташлаш ва ушбу қарздорлик суммасини бартараф этишга амалий ёрдам бериш сўралди. Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан аниқланган бошқа муаммолар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўровлари юборишга қарор қилинди.
Жиззах вилоятида олиб борилган ўрганишлар жараёнида ҳам депутатлар томонидан бир қатор ҳаётий муаммоларга ечим изланди.
Масалан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2024 йил 8-9 апрел кунлари Жиззах вилоятига ташрифлари давомида берилган топшириқлар бўйича Шароф Рашидов туманидаги «Жиззах сув таъминоти» АЖга қарашли собиқ оқова сув тозалаш иншооти ҳудудида саноат зонасини ташкил қилиш таклифи маъқулланган ва бу ерда саноат ипотекаси асосида 2024-2025 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси билан биргаликда электротехника соҳасида қиймати 60 млн долларлик 6 та лойиҳа, «Халқ банки», «Ўзчармсаноат» уюшмаси билан биргаликда эса чарм саноатида 30 млн долларлик 11 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган эди.
Бироқ Савдо саноат палатаси томонидан мазкур ер майдони 12,6 млрд сўмга 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган бўлсада, ер майдонларини лойиҳа ташаббускорларига ажратиб бериш тартиби мавжуд бўлмагани сабабли ишлар ҳалигача бошланмабди.
Муаммони атрофлича ўрганган ишчи гуруҳи аъзолари сотиб олинган ер майдонларини «Ўзэлтехсаноат» ва «Ўзчармсаноат» уюшмаларига ёки тўғридан-тўғри лойиҳа ташаббускорларига ажратиб бериш орқали белгиланган вазифаларни амалга ошириш таклифини билдирдилар.
Яна бир муаммо: Президентимизнинг 2023-йил 21-ноябрдаги 98-сонли Фармонига асосан 2025 йилнинг 1 январига қадар ишлаб чиқарувчи корхоналар қандолатда фойдаланиладиган қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотларини давлат божидан озод этилиши белгиланган. Бироқ Жиззах шаҳридаги «Бону ширинликлари» ва «Ирускон» МЧЖ томонидан импорт қилинган маҳсулотлардан имтиёз муддати тугагани сабабли 15 фоиз божхона божи ундирилган ва бу ишлаб чиқариш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ишчи гуруҳ ушбу корхоналарга Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш орқалигина амалий ёрдам бериш мумкин, деган хулосага келди.
Давлат раҳбарининг яна бир топшириғи асосида Зарбдор туманида аҳолини касаначилик асосида иш билан таъминлаш мақсадида чинни ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган эди. Бироқ шу кунга қадар бу вазифа ҳам бажарилмаган.
Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ «Алоқабанк»ка бир ҳафта муддатда лойиҳани амалга ошириш бўйича амалий ишларни бошлаш таклифини берди.
Навоий вилоятида бўлган ишчи гуруҳ аъзолари эса ўрганишларни Навоий шаҳридаги "Муҳташам мебеллар" фабрикаси фаолияти билан танишишдан бошлашди. Очиқ мулоқотларда аниқланишича, Россиядан импорт қилинаётган эшикларда инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ёпиштирувчи восита – формалдегид моддаси миқдори юқори экан. Бу модда аллергия, нафас олиш тизимида муаммолар келтириб чиқариши билан ўта хавфлидир. Шу боис, халқаро стандартлар ва қоидалар бу моддадан фойдаланишни чеклайди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, депутатлар Россиядан импорт қилинаётган эшикларга мажбурий лаборатория синовларини жорий этиш, формалдегид миқдори юқори бўлган маҳсулотлар импортини вақтинчалик чеклаш, формалдегид эмиссияси бўйича эса сертификат талабини мажбурийлаштириш ҳамда ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида техник регламентларни кучайтириш лозим, деган хулосага келдилар.
Кармана туманидаги ўрганишларда эса дастлаб "Навоий иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамиятида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Жумладан, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилаётган 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш лойиҳасини амалга ошириш жараёнлари атрофлича таҳлил қилинди.
Маълумки, 26 май куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу корхонада саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг камайганлиги қайд этилган эди. Бироқ ўрганишлар натижасида ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши объектив сабабларга боғлиқ экани аниқланди: алтернатив энергия истеъмолининг ортиши, аҳоли ва корхоналар ўртасида тежамкорлик маданиятининг ривожланиши, замонавий энергия тежаш технологияларининг жорий этилиши, қайта тикланувчи энергия манбаалари улушининг ошиши натижасида "Миллий диспетчерлик маркази" ДУК томонидан "Навоий ИЕС" АЖнинг электр қувватига чекловлар киритилган.
Гуруҳ аъзолари масалани чуқур таҳлил қилиб, Давлат статистика қўмитаси ва Энергетика вазирлиги энергия самарадорлиги ва сифат кўрсаткичларини бошқача таснифлаш методологиясини яратиши, ишлаб чиқариш ҳажмини фақат миқдор жиҳатдан эмас, балки самарадорлик ва қўшилган қиймат нуқтаи назаридан ҳам баҳолаш тизимини йўлга қўйиши лозим, деган фикрга келдилар.
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилишда ҳам вилоятда бир қатор муаммолар борлиги маълум бўлди. Масалан, Навбаҳор туманидаги "Сармишсой" давлат музей-қўриқхонаси ўрганилганда 7-10 минг йиллик тарихга эга бўлган 10 мингдан ортиқ тош битиклар – қиммат экспонатлар устига чизиб кетишаётгани, улар узоқ вақтдан бери моғор босиб келаётгани маълум бўлди. Шунингдек, музей-қўриқхонада ёш археологлар ҳамда экспертларни жалб этган ҳолда илмий тадқиқот ишларини олиб боришга етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Шунингдек, ҳудуд жиҳатидан улкан музей-қўриқхонада атиги 1 нафар тозаловчи ва 4 нафар қўриқчи бор, холос. Ходимларнинг ойлик маоши ҳам ниҳоятда кам. Бундан ташқари музей-қўриқхонага туристлар оқимини ошириш бўйича қатъий чоралар кўрилмаяпти, жумладан, тарғибот ва реклама тадбирлари номигапгина олиб бориляпти, холос.
Ишчи гуруҳи аъзоларининг фикрича, мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун биринчи навбатда Музей-қўриқхонани давлат-хусусий шерикчилик асосидаги профессионал бошқарув тизимига ўтказиш керак. Соҳа мутахассислари, археологлар ва реставраторларни жалб қилган ҳолда кенг кўламдаги ишларни амалга ошириш, "Сармишсой" давлат музей-қўриқхонасини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш мақсадида илмий тадқиқот ишларини фаоллаштириш ва халқаро экспертлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.
Бундан ташқари, музей-қўриқхонанинг штатлар сонини кўпайтириш, ходимларнинг ойлик маошини ошириш, замонавий туристик инфраструктурани ривожлантириш, ҳар бир тош битикни 3Д сканерлаш орқали рақамли нусхасини яратиш ва кузатув камералари орқали доимий назорат қилиш шарт. Шунингдек, экспонатларни кўриш учун қулай майдончалар барпо этиш ва рақамли технологиялар асосида интерактив экскурсия тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Энг асосийси, "Сармишсой" давлат музей-қўриқхонаси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш лозим бўлади.
Бундан ташқари, музей-қўриқхонанинг штатлар сонини кўпайтириш, ходимларнинг ойлик маошини ошириш, замонавий туристик инфраструктурани ривожлантириш, ҳар бир тош битикни 3Д сканерлаш орқали рақамли нусхасини яратиш ва кузатув камералари орқали доимий назорат қилиш шарт. Шунингдек, экспонатларни кўриш учун қулай майдончалар барпо этиш ва рақамли технологиялар асосида интерактив экскурсия тизимини жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Энг асосийси, "Сармишсой" давлат музей-қўриқхонаси фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш лозим бўлади.
Айни пайтда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида масъул вазирлик ва идораларга депутатлик сўрови юбориш, лозим бўлса, амалдаги қонунларни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳи аъзолари аҳоли ва сайловчиларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, энг долзарб муаммолар ечими юзасидан Давлат раҳбарига доимий тарзда таклифлар киритиб боришга қарор қилдилар.