Халқпарварлик феномени

Халқпарварлик феномени

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асари маънавий-маърифий ҳаётимиздаги муҳим воқеа бўлди

(Биринчи мақола)

Кейинги пайтларда жаҳон оммавий ахборот воситалари, айниқса, ғарб матбуоти “Мирзиёев даври ислоҳотлари” ёки “Янги Ўзбекистон ислоҳотлари” иборасини тез-тез тилга оляпти. 

Ҳатто Марказий Осиё ҳаётига доир бирон янгиликми, минтақа давлатлари етакчилари томонидан бирон-бир ғоя ёхуд ташаббус илгари суриладими, бунга Ўзбекистон нуқтаи назари билан қараш одатга айланди... 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан узоқ йиллик “танаффус”дан сўнг Марказий Осиёда яна ишонч муҳити пайдо бўлганини таҳлилчилар алоҳида таъкидламоқдалар. Чиндан ҳам 2016 йилга келибгина минтақа давлатлари ўртасида деярли дарз кетаётган ўзаро қўшничилик алоқалари яна тикланиб, Марказий Осиё азалий биродарлик ўзанига қайтди. 

Ана шундай воқеа-ҳодисалар, Янги Ўзбекистон етакчисининг жаҳон ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир ғоя ва ташаббуслари, айниқса, мамлакат аҳолисини рози қилишга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистон номини жаҳонга ёйди. Биз шу жараёнда очиқ мамлакатга ҳам айландик. Сўз ва матбуот эркинлиги, инсон манфаати ва ҳуқуқи ҳақидаги иборалар қоғозлардан реал ҳаётга кўча бошлагани эса Президент Мирзиёевни халқчил ва халқпарвар давлат қурувчиси сифатида дунёга танитди.  

Шу ўринда Ўзбекистон раҳбарининг: “Биз “Давлат – инсон учун”, “Аввал инсон, кейин жамият ва давлат” деган янги ғояларни ҳаётга изчил татбиқ этиш орқали халқчил ва халқпарвар давлат қуришни мақсад қилганмиз”, деган фикри юқорида таъкидланганидек, “Мирзиёев даври ислоҳотлари”га бўлган қизиқишни ўн каррага оширди. Чунки, туб ислоҳотларга старт берилган пайтларда айрим таҳлилчилару, ОАВлари Ўзбекистон ислоҳотлари мавсумий, дея янгиланиш ва ўзгаришларга шубҳа билан қараган эди. Юртбошимизнинг “... ўзимиз бошлаган шиддатли ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат” деган янги тизим асосида кенг кўламли вазифаларни амалга оширамиз. Инсон қадри баланд бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун донишманд халқимиз таъбири билан айтганда, “Тош бўлса кемириб, сув келса симириб”, доимо олдинга қараб борамиз” деган гапларидан кейингина халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон ва унинг етакчисига бўлган ишонч мустаҳкамланди.  

Халқаро экспертларнинг таъкидлашларича, айнан “Мирзиёев ислоҳотлари” сабаб жамият танасидан қўрқув ҳисси ҳам кетди, одамлар ўзларини эмин-эркин ҳис эта бошладилар.

“Тарих синовларидан ўтган ҳақиқат шуки, ўзини ўзгартиришга қодир бўлган, вақтни имкониятга, имкониятни ютуққа, ютуқни эса тараққиёт пойдеворига айлантира олган халқгина буюк халқдир. Бундай халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, кўзлаган мурод- мақсадларига албатта эришади...”

Шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ана шундай даъваткор мулоҳазалари билан бошланган “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” деб номланган китоби ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг муҳим воқеасига айланди.

Ушбу китобда инсониятнинг эртанги кунга нисбатан ишончини сўндираётган глобал муаммолар, макон танламаётган экологик инқирозлару, XXI асрнинг энг оғриқли нуқтаси саналган – қадрсизланиб бораётган қадриятларгача таҳлил қилинади. Айниқса, унда XXI асрга келиб, йирик давлатлар ва турли куч марказлари ўртасида пайдо бўлган ва одамзотни минг битта муаммолар пардасига ўраётган ишонч инқирозининг кучайиб бораётгани, очлик ва тенгсизлик иллати ҳамда бу жараёнда ўзаро мулоқотнинг издан чиқаётганию, кенг миқёсли қарама-қаршиликлар, можаро ва зиддиятларни куч ишлатиш орқали ҳал этишга қаратилган уринишларнинг оғир оқибатларигача сўз боради. Муаллифнинг ёзишича, бугун инсоният кўз ўнгида дунёнинг бутунлай янги, беқарор, хавотирли геосиёсий ва геоиқтисодий архитектураси шаклланяпти... 

Инсониятнинг бугун танлаган йўли унинг келажаги ва тақдирини белгилайди. Бу йўл инқироз ёки ҳалокат ёқасига олиб бориши, ёки тараққиёт ва фаровонлик сари элтиши мумкин. Демак, тўғри йўлни танлаш ва ўзгаларни ҳам ана шу йўлдан сабот билан олдинга бошлаш миллат етакчилари, дунё мамлакатларининг сиёсий доиралари, обрўли халқаро ва минтақавий тузилмалар раҳбарларининг тарихий бурчи ва вазифасидир. Бунинг учун жамиятни қийнаётган муаммолар ечимига қаратилган янгича ёндашув ва хавфсизликнинг самарали моделларини ишлаб чиқиш талаб этилади.

Ишончим комил, замонавий таҳдидларни фақатгина мулоқот воситасида, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий амал қилиш орқали енгиб ўтиш ҳамда айнан шу йўл билан дунё ҳамжамиятининг демократик тараққиёт йўлидан оғишмай қадам ташлашига эришиш мумкин. 

Ҳа, чиндан ҳам бугунги мураккаб шароитда ҳеч бир мамлакат якка ҳолда замонавий хавф-хатарларни четлаб ўтиб, уларнинг сабаб-оқибатларини бартараф этолмайди. Бошқача айтганда  бугун биз “ҳеч бир халқ ўзгалардан узилиб, ўз ҳолича яшай олмайди”ган қалтис даврга қадам қўйдик. Бугун пайдо бўлаётган глобал муаммолардан халос бўлиш учун нафақат муайян минтақа даражасида, балки умумжаҳон миқёсида ҳамжиҳат ҳаракат қилиш тақозо этилади...

Айрим экспертлар “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асари асосан сиёсатчилару, сиёсатшунослар, дипломатлару, иқтисодчилар, турли соҳа олимларию, ҳамда ижтимоий соҳа вакилларига мўлжалланганини таъкидлашмоқда. Аммо китобнинг мазмун-моҳиятига  чуқурроқ эътибор қаратганимиз сари унинг ўз юрти, миллати, эртаси ва ўтмишига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро учун муҳим дастуриламал эканига ишонч ҳосил қиламиз. Китоб ҳар қандай ўқувчини XXI асрнинг энг долзарб муаммолари ҳақида чуқурроқ ўйлаш ва хулоса чиқаришга ундайдики, буни китобнинг кириш қисмидаги дастлабки мулоҳазаларданоқ сеза бошлайсиз. 

Муаллифнинг вазмин қарашлари чиндан ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди: “Эртанги кун тарихини бугун ёзишимиз шарт. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар, пухта ўйланган истиқболли режалар, янги марра ва ғалабалар керак бўлади”.

Бу фикр айни пайтда Янги Ўзбекистон танлаган йўл қандай йўл, деган саволга қатъий жавоб сифатида ҳам янграгандек гўё.
 
Китобнинг “Кириш” қисмида “мозийга қараб иш кўрмоқ хайрли” эканига урғу берилгани эса яқин ёки узоқ ўтмишимиз қандай кечганидан қатъий назар, усиз келажакка бориб бўлмаслиги, ўтмишдаги ютуқлар билан бирга йўл қўйилган хатолар ҳам шу халқ ва шу миллат ҳаётининг маънавий ва моддий бўлаги эканини англатади. Шундан кейин муаллиф қатъий оҳангда: “...ўтмишда йўл қўйган хато ва камчиликларимиз, заҳматкаш халқимиз бошига тушган оғир синовлар, қолаверса, жаҳон халқлари тажрибасидан зарур хулосалар чиқариб, жонажон Ўзбекистонимизнинг дунёдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, барча жабҳаларда Ватанимиз шуҳрати ва шарафини ҳимоя қилиш, қўлга киритилган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаш учун интилишимиз лозим” деб ёзади.  

5та боб, 46 та йўналишдан иборат асарда  XXI асрда умумий тараққиёт йўлини аниқлаб олиш, барча халқлар манфаатига бирдек хизмат қиладиган мақсадларни белгилаш ва унга интилишга кучли эҳтиёж пайдо бўлганию, бундай эҳтиёжни келтириб чиқарган омилларгача таҳлил этилади. Китобда шунингдек, дунёнинг сиёсий харитасини ўзгартириш йўлида манфаат қутқусига берилиб, инсониятнинг орзу-умидларини саробга айлантираётган айрим кучлар бош кўтараётган бир пайтда БМТ томонидан қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳиятига зукколик билан муносабат билдирилади.

Муаллифнинг фикрича, БМТ, дунё мамлакатлари, уларнинг парламентлари ва фуқаролик жамияти институтлари, бизнес ҳамжамиятлари ўртасидаги узоқ давом этган “глобал маслаҳатлашувлар” натижасида барқарор ривожланиш йўли – башарият учун ягона тўғри йўл, деган умумий хулосага келиниб, унинг устувор мезонлари белгилаб олинди. 

Муаллиф бундай эзгу мақсадлар БМТнинг Мингйиллик ривожланиш декларациясида, кейинчалик “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартиби” деб номланган салмоқли ҳужжатдан ҳам жой олганини таъкидлайди. 

Китобда Янги Ўзбекистоннинг энг яқин тарихидаги ўзгаришлар, ҳаётий муаммолар ва, албатта, эришилган натижаларгача атрофлича таҳлил этилади. Хусусан, юртимизнинг 2023 йили Халқаро барқарор ривожланиш мақсадлари индексида 71,1балл билан 166 та мамлакат ичида 69-ўринни эгаллагани, бу 2022 йилга нисбатан 8 поғонага юқорилагани таъкидланади. 

Чиндан ҳам Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ниҳоятда қисқа бир даврда реал натижалар берди, бу айни пайтда халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Бу жараёнда эса энг аввало,  камбағалликни қисқартириш, гендер тенглик, тоза сув ва санитария масалалари, тинчлик, адолатли ва самарали институтлар фаолиятини йўлга қўйиш устувор масала сифатида белгилаб олиндики, буларнинг бари юртдошларимизнинг эртанги кунга ва, албатта, амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлаяпти.  

Узоқ йиллар давомида тан олинмаган муаммо – камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш тўғрисидаги Президент ташаббусини эса жамиятни бир ёқадан бош чиқаришга ундаган даъват деб ҳам аташ мумкин. Бу айни пайтда 2016-2017 йилларда бошланган туб ислоҳотларнинг янги босқичига қадам қўйилганига ҳам ишора аслида.

Қайд этилишича, 2024 йил охиригача 500 минг, 2025 йилда эса 1 миллион кишини камбағалликдан чиқариш, энг оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш тўғрисидаги Президент фармони миллионлаб юртдошларимизғ дилидаги иш бўлди. 
Шу ўринда, энг устувор мақсадга асос бўлган яна бир ғоя – “Халқни рози қилиш” ғояси Янги Ўзбекистоннинг асл мазмун-моҳиятига қаратилганини таъкидлаш жоиз. Агар ислоҳотларнинг дастлабки йилида бир камбағал оила бир марта йўқланиб, ёрдам ололган бўлса, “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги Президент фармонидан кейин камбағал оилаларнинг буткул оёққа туриб олиши учун ўзига хос тизим яратилди. 

Мутахассисларнинг фикрича, 2020 йили мамлакатимизда 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига ҳам етмасди.  Ўтган йилларда 3,5 миллион одамни даромадли қилиш орқали 2023 йил якуни билан камбағаллик даражаси 11 фоизга туширилди. 2025 йилда эса бу кўрсаткични 6 фоизга қисқартириш кўзда тутиляпти. 

Бу жараёнда ижтимоий ҳимоя қамрови 4,5 карра кенгайтирилди. Ўтган йилнинг ўзидагина бу ишларга 12,3 триллион сўм йўналтирилиб, пенсия ва нафақалар миқдори 1,5 бараварга кўпайди.

Кундан-кунга аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, қувончию, ҳаётий муаммолари ойнасига айланиб бораётган маҳаллалар ҳам камбағалликни қисқартиришнинг энг қайноқ нуқтасига айланди. Масалан, ўтган йили ушбу тизим орқали тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия ажратилди. Одамларга қулай шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини тезроқ ҳал этиш учун боғча,  мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмасини яхшилашга 120 триллион сўм йўналтирилди.

Шунингдек, 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончилик қилиб, бола-чақаси фаровонлигини ошириш, яъни даромад топиши учун берилди. 2025 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга яна 1,6 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди. Бунинг бир қисми, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга йўналтирилади. Яна 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма билан боғлиқ муаммолар ечилади. 

Яна бир маълумот: фармон асосида 2025 йил 1 январдан бошлаб камбағал оилаларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли қабул қилинадиган бўлди. 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб эса камбағал оилалар фарзандларининг давлат ОТМ талабалар турар жойларидаги яшаш харажатлари бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланди. Бундан ташқари, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан камбағал оилаларнинг фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратилаётганини таъкидлаш жоиз. Кўриниб турибдики, 60 фоизга яқин аҳолиси 30 ёшгача бўлган Янги Ўзбекистонда манзилли ёрдам масаласи 2016 йилда бошланган туб ислоҳотларнинг асосий бўғинига айланди.

Энг муҳими, ушбу ташаббус аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаяпти.

Таҳлилчиларнинг фикрича, кейинги йилларда биргина қурилиш соҳасига 9 миллиард доллар инвестиция киритилиб, тизимда 5 мингга яқин янги корхона ишга туширилган. Қиёсласак, қарийб саккиз йилда кейинги 30 йил ичида қурилган жами уй-жойлардан ўн баробар кўп уй-жойлар қурибмиз. 

Ишонч ҳақида гап кетганда ишончсизлик ҳукмрон бўлган даврларни эсламаслик мумкин эмас. Ишончсизлик ҳақида гап кетганида эса жамиятнинг онгию, танасини фалажлантирган ички қўрқув узоқ йиллар давомида бизни депсиниш ҳолатида ушлаб турганини эслаш ўринлидек туюлади. Гарчи биз мустақилмиз деб гапирган, ёзган, ҳатто ғурурланган бўлсакда, том маънодаги озодликни, эркин сўз ва эркин матбуотни соғиниб яшаганимизни тан олмай иложимиз йўқ! Шунинг учун ҳам Халқни рози қилиш, деган ғоя даъват сифатида янграганида орамизда булар ҳам “мавсумий шиорлар эмасмикан” дея шубҳаланганлар ҳам бўлди. 

“Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарида қайд этилишича, “Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда халқимизнинг фаровон турмушини, юртимиз ва минтақамизнинг тинчлиги ва осойишталигини, барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган, фуқароларимизнинг хоҳиш-истаклари асосида ишлаб чиқилган тараққиёт стратегияларимизни изчил амалга оширишга устивор аҳамият қаратишимиз, табиий ҳолдир”

Муаллиф айни пайтда жамият ислоҳотларнинг асосий ташаббускори бўлиши лозимлигини таъкидлаб: “Биз “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори”, “Халқ – Конституция ва қонун ижодкори” деган янги ғояларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқаруви ва қарорлар қабул қилишдаги иштирокини мунтазам ошириб боришни ислоҳотларимизнинг натижадорлиги самараси, бу йўлдан ортга қайтмасликнинг кафолати деб биламиз.”

Китобда демократия, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига содиқлик ғоялари ҳам холис изоҳланади: “Биз ўтган етти йилда янги даврга ўтиш учун мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий пойдевор яратдик.
Жамиятда ижтимоий адолат устуворлигини таъминлаш, ижтимоий сиёсат юритиш, ижтимоий давлат қуриш каби мақсадлар ҳам доимо диққатимиз марказида бўлади.

Бизнинг бу масалаларга катта аҳамият қаратишимиз бежиз эмас. Шу ўринда айрим рақамларни келтириб ўтмоқчиман. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд оила ижтимоий кўмакка муҳтож. Аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборат. Оғир вазиятга тушган, яъни ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, оилада зўравонликка учраган аёллар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлари сони 9 миллион нафардан ошади...”

Ҳа, чиндан ҳам Янги Ўзбекистон ўтмишдан мерос бўлиб ўтган ижтимоий муаммоларни ҳал этмай туриб, тараққиётнинг ёруғ йўлига чиқа олмайди.

Муаллиф дунёда юзага келаётган янги хавф-хатарларнинг бундай эзгу мақсадларга эришиш йўлида жиддий тўсиқ бўлаётганини ҳам очиқ-ойдин изоҳлаб, дунёда тобора авж олаётган геосиёсий ва геоиқтисодий қарама-қаршиликларнинг кескинлашаётганини, айниқса, халқаро муносабатлар тизимида юзага келаётган можаро ва зиддиятларни куч ишлатиш орқали ҳал этишга бўлган интилишлар кучаяётганини асосий муаммолар сифатида санаб ўтади. 

Бу эса ҳар қандай давлатни, ўз олдига улкан мақсадлар қўяётган жамиятни ана шундай мақсад ва ғоялар, зукко етакчилари атрофида бирлашишга ундайди, албатта. 

Бошқача айтганда, глобаллашаётган олам, унинг шиддатли чақириқлари, қадриятлардан тобора узоқлашаётган авлод олдида турган хавф-хатарлар, манфаатдорликнинг кўринар-кўринмас қудрати ҳар биримиздан ҳушёр ва огоҳ бўлишни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларга масъулият ҳисси билан ёндашишимизни тақозо этмоқда. Зотан, бу айни шу кунларда катта ҳарфларда битилажак БУРЧга айланиши шарт.