Халқ ишончини оқлашдан муҳимроқ вазифамиз йўқ.

Халқ ишончини оқлашдан муҳимроқ вазифамиз йўқ.

Бу сафар парламент сайловларида Ўзбекистон тарихидаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди: Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-­қизлар ташкил этди. 

Албатта, бу шунчаки қайд этиладиган рақам эмас. Бу мамлакатимизда нафосат ва гўзаллик тимсоли – аёлларга бўлган эътибор йилдан-йилга кучаяётганидан далолат. Зотан, донишманд халқимиз аёлларни ҳамиша эъзозлаб яшаган, хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатган. Аёлини эъзозлаган юртнинг пойдевори мустаҳкам бўлишини таъкидлаб келган.

Кеча депутат сифатида Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида иштирок этиб ҳамда унда Президентмиз нутқини эшитиб, исбот талаб қилмайдиган ушбу ҳақиқат рўёбига яна бир бор амин бўлдим.

Нафақат қуйи палатада, умуман, маҳаллий кенгаш депутатлари орасида ҳам аёлларнинг кўпайиб бораётгани бежиз эмас. Тан олишимиз лозим, айни пайтда аксарият опа-сингилларимиз ҳар жабҳада, ҳатто оила ва фарзандлар таълим-тарбиясидаги масъулиятни ҳам эркакларга қараганда кўпроқ зиммасига оляптилар. Муаммоларни юракдан ҳис қилиб, уларни ҳал қилиш йўлида мардонавор курашишяпти.

Бу айни пайтда опа-сингилларимизнинг барча соҳа ва тизимларда фаоллашаётганларида ҳам кўриняпти. Баҳс, мунозара ва рақобат ҳақида гап кетганида Давлатимиз раҳбарининг сайловлардаги соғлом рақобат, мухолиф фикрлар кураши парламентга кўчиб ўтса, бу албатта халқ манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилади деган гаплари бежизга айтилмади деб ўйлайман. 

Эндиги вазифамиз эса партиямиз фракцияси аъзоси сифатида дастуримизда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнида бевосита иштирокини таъминлаш, улардаги дахлдорлик туйғусини кучайтиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳаётийлигини таъминлашдан иборатдир. Зеро, депутат учун халқ ишончини оқлаш ҳар нарсадан устун.