Эркакларга ҳам туғруқ таътили ёки энди китоб ўқиган маҳбуснинг жазо муддати қисқаради

Эркакларга ҳам туғруқ таътили ёки энди китоб ўқиган маҳбуснинг жазо муддати қисқаради

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган иккита муҳим тадбир – ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги, 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси бу борадаги бирламчи масалаларга бутун жамият эътиборини қаратди. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши ҳам муҳокама этилган ана шу масалаларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда партия ва депутаталар олдидаги вазифалар ижросига қаратилди. 

Мажлисда “Миллий тикланиш”нинг сайловолди дастуридан келиб чиқиб, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий кўмакка муҳтожлик замирида инсоннинг, тафаккурнинг ўзгариши муҳим экани таъкидланди. 

Қайд этиш жоизки, Янги Ўзбекистонда давлат, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли шароитларини яхшилаш, уларнинг ишлаши учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Асосий масала камбағалликни тугатишга қаратиляпти ва бунинг учун ҳеч қандай ресурслар иқтисод қилинмаяпти. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилиши эса бу борадаги энг муҳим қарорлардан бири бўлди.

Илгари ўнга яқин турда кўрсатилган ижтимоий ёрдамлар тарқоқ бўлгани сабабли, на ресурс жиҳатдан, на манзил жиҳатдан жойига етиб бормаётган эди. Айнан шу нуқтаи назардан янги ташкил этилган агентлик мамлакатимиз ижтимоий сиёсати самарадорлигини юқори даражага кўтаришга хизмат қила бошлади.

Жумладан, барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, маҳаллаларда 102 та ижтимоий хизмат тури йўлга қўйилди. Шу йилнинг ўзидагина ижтимоий ходимлар уйма-уй юриб, реестрда бўлмаган яна 95 минг муҳтож фуқарога ёрдам кўрсатдилар. 51 минг одамга ногиронлик мақоми белгиланди, 26 минг нафари протез олди. Ётиб қолган 4 минг ёлғиз кекса аниқланиб, уларнинг уйида парвариш ташкил этилди. Ногиронлиги бор бўлган 5 минг бола эса боғча-мактабга жойлаштирилди.

Албатта, кимки ўқимаса, ишламаса, ўз устида ҳаракат қилмаса, муаммолари учун айбдорларни излаш билан оввора бўлиб, қийин шароитдан чиқиб кета олмаслиги табиий. Шунинг учун ҳам бугун юртимизда ўқиш, ҳунар ва касб ўрганиш, янги иш бошлаш учун мактабдан ташқарида ҳам етарлича шароитлар яратилмоқда, имтиёзлар бериляпти. Энди буларнинг барчасидан тўғри ва унумли фойдаланиш қолди, холос.

– Бугунги замон шундайки, ҳаракат қилган одам қир ошади. Ҳаракат қилмаган одам эса камбағал яшайди, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.
Фракция йиғилишида депутатлар яна бир муҳим тадбир – янги энергетика қувватларини ишга тушириш, навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали тадбирда кўтарилган масалалар юзасидан ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Маълумки, Ўзбекистон бир неча йил олдин энергетика бўйича инқироз ёқасига келиб қолган давлат эди. Мамлакатимизда бу борада оқилона, узоқни кўзлаб юритилган сиёсат туфайли қисқа вақт ичида тизимдаги муаммолар қисман ҳал қилинди.

Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Соҳага катта хорижий инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада дунёнинг ўнга яқин йирик компаниялари Ўзбекистонда “яшил энергетика”ни ривожлантириш лойиҳаларида фаол иштирок эта бошлади.

13 декабр куни янги энергетика қувватларининг ишга туширилиши бу борадаги кенг кўламли ишларнинг давоми бўлди. Ўтган йилнинг декабрь ойида 5 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси ишга туширилган бўлса, бу галги маросимда умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 24 та лойиҳа тайёрланди ва улар орқали қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариладиган бўлди.

Энг муҳими, 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Келгуси йилда эса жами 84 миллиард киловатт соат электр энергия ишлаб чиқарилади. Бу 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт соат ёки 1,5 баробар кўп деганидир. Умуман олганда, 2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”ларни барпо этиш, қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режа қилинган. 

Фракция йиғилишида депутатларнинг асосий вазифаси ана шу лойиҳалар ижросини таъминлашга кўмаклашиш, одамларга энергетика соҳасидаги ислоҳотлар моҳиятини тўғри тушунтириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш экани таъкидланди.

Шундан сўнг депутатлар кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини мҳокама қилишга киришдилар. Жумладан, дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ташаббускорларнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳаси билан меҳнат жараёнларида тазйиқ ва зўравонликларнинг олди олинади, бундан жабрланган шахс ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоя қилинади ва меҳнат муносабатларида халқаро стандартлар жорий этилади. Шунингдек, эркакларга ҳам касбий ва оилавий мажбуриятларни уйғун тарзда амалга ошириши учун шароит яратилади. 

Эътиборли томони, уч ёшга тўлмаган боласи бор оталар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни боланинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулосага асосан тунги ишларга жалб қилмаслик белгиланяпти. Амалда ҳужжатда бундай ҳуқуқ фақат аёлларга берилган эди. Шунингдек, янги қонун лойиҳасида фарзандли бўлган эркакларга ҳам таътил берилиши мумкинлиги белгиланяпти.

Яъни, энди ишлаётган эркаклар фарзандли бўлганида турмуш ўртоғига ёрдам бериши ёки бошқа болаларига қараб туриши учун иш ҳақи сақланган ҳолда беш кунлик муддатда оталик таътил олишлари мумкин бўлади.

Фракция аъзоси Назира Мухторова ушбу қонун лойиҳаси жуда муҳимлигини, болалар ишдан қўли бўшамаётган отасини, оналар эса оиласини унутиб қўяётганини ва бу табиий равишда фарзандлар таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида билдирилган фикр ҳақиқатлигини таъкидлаган бўлса, Жаҳонгир Ширинов лойиҳанинг айрим нормаларида ҳали ҳам иш берувчи билан ходим ҳақ-ҳуқуқлари бўйича камчиликлар борлигини билдирди.

– Меҳнат қонунчилиги жуда мураккаб, бу жараёнда мувозанатни тўғри ушлаш муҳим ҳисобланади, – деди Жаҳонгир Ширинов.

Маълумотларга қараганда, “Миллий тикланиш” фракцияси аъзоларининг эътирозларидан  кейин Қонунчилик палатаси Кенгаши ушбу қонун лойиҳасини сайловчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш зарур деган қарорга келган ва лойиҳани ялпи мажлис кун тартибидан чиқарган. 

Йиғилишда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг жамиятдан ажралиб қолишини олдини олиш, қайта жиноят содир этилишини камайтириш, замонавий ахборот-коммуникацион технологияларини жазони ижро этиш фаолиятига татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Маълумки, айрим мамлакатлар қамоқхоналарида мутолаа билан шуғулланган маҳбуслар учун енгиллик бериш амалиёти бор. Хусусан, Бразилиянинг тўртта йирик қамоқхонасида “Ўқиш орқали озодликка” деб номланган ўқув дастури амал қилади. Унга кўра, маҳбуслар китоб ўқиш орқали жазо муддатини қисқартиришга эришадилар.

Яъни, ҳар бир ўқилган китоб учун жазо муддати 4 кунга қисқартирилади. 

Қайд этилишича, энди маҳбусларга ҳар бир китоб учун тўрт ҳафтагача вақт берилади. Сўнгра улар тўғри шаклланган ва малакали иншо ёзишлари керак бўлади. Шундан кейингина махсус комиссия маҳбусларга “жазо муддатини қисқартириш”га рухсат беради.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров хориждаги ушбу тажрибадан келиб чиқиб,  аввалги йиғилишлардан бирида мамлакатимизда ҳам маҳкумлар учун ана шундай амалиётни қўллаш таклифини берганини эслатди ва бунинг бугунги натижасини сўради. 

Қонун ташаббускорлари бу борада қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, бир йил давомида 40 та китоб ўқиган маҳбусларнинг жазо муддатини маълум бир муддатга қисқартириш таклиф қилинаётганини таъкидладилар.