Диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади

Диний соҳадаги давлат сиёсати Концепцияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир гуруҳ депутатлар томонидан ташаббус қилинган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати  Концепцияси лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур Концепция лойиҳасини қонун билан тасдиқлаш назарда тутилган.

– Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда, – деди депутат Жаҳонгир Ширинов. – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлашда мустаҳкам замин бўлди.

Мустақиллик йилларида тарихий, диний, маданий аҳамиятга эга биноларни ободонлаштиришга эътибор қаратилди. Зиёрат туризмини сифатли ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Ўзбекистон учун ҳаж квотаси 3 баробар оширилди, умра зиёратига квоталар тўлиқ бекор қилинди. Натижада Саудия Арабистонига қарийб 800 минг мусулмонлар ҳаж ва умра зиёратини амалга ошириш учун борди.

Диний таълим тизими ривожланишига катта эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 та олий ислом таълим муассасаси, 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаси, жумладан, 2 та аёллар мадрасаси, шунингдек, православ ва протестант семинариялари фаолият кўрсатмоқда.

2018 йилда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Илмий-амалий ёндашув асосида ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирлар меросини ўрганиш, диний таассублар билан боғлиқ хавфларнинг мафкуравий асосларини тадқиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотрудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсата бошлади.

Шу билан бирга, ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этиш, аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигини шубҳа остига қўйиш, ижтимоий ахлоқ нормалари, миллий ва умуминсоний қадриятларни инкор этиш, тиббий хизматдан, илм-фан ва маданият ютуқларидан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларни чеклашга қаратилган ғоя ва қарашлар тарқалиши ҳолатлари учрамоқда. Бундай ҳолатлар жамият ҳамжиҳатлигига хатар бўлиб, ватанпарварлик туйғулари емирилишига, зиддиятларга олиб келиши мумкин.

Шу мақсадда мазкур ҳужжат билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқаришга ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатга кўра, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат.

Мазкур Концепция жуда муҳим ижтимоий-сиёсий ҳужжат бўлиб, унинг қабул қилиниши ва соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини кафолатлайди, кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг тотувлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам Концепцияда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилишида парламент четда турмайди. Бу борада самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг қарори билан парламент комиссияси ташкил этилиши назарда тутилмоқда, – деди депутат.

Муҳокамаларда бир қатор аниқлаштирувчи саволлар ўртага ташланди. Депутатлар виждон эркинлиги, ижтимоий, диний ҳуқуқлар Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган бир шароитда мазкур Концепцияга қандай зарурат борлиги билан қизиқди. Ташаббускор депутатлар кўтарилган саволларга тегишли жавоблар қайтарди. Шунингдек, фракцияларнинг мазкур ҳужжат бўйича позициялари тингланди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг Концепция лойиҳаси ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Шунингдек, уни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш борасида тегишли қарор қабул қилинди.