Бюджетнома қабул қилинди, лекин асосий ишлар энди бошланди

Бюджетнома қабул қилинди, лекин асосий ишлар энди бошланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркиби мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати – “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқуллаб, ўз фаолиятларидаги энг муҳим қарорни қабул қилдилар.

Таъкидланганидек, келгуси йилга мўлжалланган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг кўриб чиқилиши ўтган йиллардагидан кескин фарқ қилди. Президентимизнинг Олий Мажлис палаталаридаги маърузаларида стратегик йўналишлар, аниқ вазифалар белгилаб берилгани бюджет лойиҳаси муҳокамаларини мазмунли ўтказишга, кўтарилган масалаларнинг моҳиятига чуқурроқ киришга ҳам имкон яратди. 

Қайд этилишича, қўмиталар томонидан ўтказилган йиғилишлар, сиёсий партияларнинг фракцияларидаги муҳокамаларда депутатлар томонидан 100 дан ортиқ саволлар, 10 дан ортиқ концептуал аҳамиятга эга таклиф ва тавсиялар илгари сурилган. Бу жараёнда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари ва харажатлари, маҳаллий бюджетлар ва Давлат мақсадли жамғармаларига оид лойиҳаларда кўзда тутилган тадбирлар, уларни молиялаштириш манбаларига оид маълумотлар чуқур таҳлил қилинганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Масъул қўмита томонидан қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда лойиҳанинг тегишли моддаларидаги нормаларнинг Президент фармон ва қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари билан уйғунлиги ва асослантирилганлиги ўрганилди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда 2025 йилда белгиланган тадбирларни молиялаштириш масалаларига аниқлик киритилди.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Ҳисоб палатасининг хулосаси ҳам депутатлар эътиборида бўлди. Хулоса юзасидан депутатлар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳисобга олинган ҳолда, асослантирилган таклифларни Солиқ ва Бюджет кодексларида акс эттириш масаласи ўрганиб чиқилди.

Шу билан бирга, қўмиталар ва сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида қонун лойиҳасида вазирлик ва идораларга ажратилиши кўзда тутилган бюджет маблағлари, улардан фойдаланиш ва натижадорликни ошириш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар бирма-бир кўриб чиқилди.

Шу ўринда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бюджет жараёни Бюджетни қабул қилиш билан якунига етмаслигини таъкидлаб, аксинча, асосий иш энди бошланиши билдирди. 

Мамлакат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, бюджетнинг ижро этилиши устидан парламент назоратининг кенг қамровли янги тизимига ўтишга алоҳида эътибор қаратиш зарур,-деди Н.Исмоилов.

Хусусан, янгиланган Конституцияга мувофиқ Давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш эндиликда Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколати эканидан келиб чиқиб, палатанинг мазкур йўналишдаги ишини кучайтириш ҳамда Давлат бюджети бўйича ҳукумат ҳисоботларини палатага фақат аудиторлик хулосаси билан бирга тақдим этиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Нурдинжон Исмоилов, шунингдек, Бюджетда озиқ-овқат маҳсулотлари, иссиқлик ва энергия таъминоти, сув таъминоти нархи кўтарилишининг олдини олишдек муҳим масалаларни ҳал этишга максимал даражада эътибор қаратиш, парламент ва ҳукумат мазкур йўналишларда биргаликда, тизимли равишда ишлаши зарурлигини таъкидлади.

Партия фракциясининг бир кун аввалги йиғилишида ҳам 2025 йилги Бюджетнома иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилинган эди. 

Маълумки, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан 2025 йилги Давлат бюджети лойиҳасининг биринчи муҳокамасида айрим соҳаларга қўшимча маблағ ажратиш таклиф қилинган эди. Жумладан, Азамат Пардаев тарихий фильмлар яратиш учун бюджетдан ажратилаётган маблағ етарли эмаслигини таъкидлаган эди.

Ҳукумат вакиллари Бюжетнома муҳокамасида ушбу таклиф инобатга олиниб, “Тирик тарих" туркумидаги миллий кинофильмлар ишлаб чиқариш учун қўшимча 40 млрд сўм ажратиладиган бўлганини айтишди. 

Шунингдек, фракция раҳбари Алишер Қодиров халқ пулига ишлаб чиқарилаётган тарихий фильмлар аввало миллий телеканалларда эмас, кино саройларда намойиш қилинаётганига эътироз билдириб, бу маблағ бизнес қилиш учун эмас, одамларнинг тафаккурини ошириш учун ажратилаётганига урғу берганди.

Партия фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбеккино” миллий агентлиги вакили Бахтиёр Норов бу масалага ойдинлик киритиб, одамларнинг тафаккурини оширишга хизмат қилаётган тарихий фильмлар фестивалбоп бўлиб, халқаро талабларга кўра, улар телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали намойиш қилинмаган бўлиши кераклигини тушунтиради. 


Бундай фильмлар бир йил давомида оммага фақат кинотеатрлар орқали намойиш қилиниши мумкин, холос, деди Б.Норов.

Масалан, уч йил давомида суратга олинган “Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильми ҳозир халқаро Канн кинофестивалига қўйилган. Фестивал келгуси йилнинг биринчи чорагада ўтади ва шундан кейингина бу фильм телевидение орқали кенг оммага намойиш қилинади. 
    
Қайд этилишича, кинематография соҳасини янги босқичга кўтариш, халқимизнинг бой тарихи ва маданияти, азалий қадрият ва анъаналари, эзгу орзу-интилишлари, энг асосийси, миллий давлатчилигимизнинг уч минг йилликдан зиёд тарихи, буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросини акс эттирувчи фильмлар туркумини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилнинг 5 июнида Ўзбекистон Президентининг 209-сонли қарори қабул қилиниб, унда 2024-2027 йилларда “Тирик тарих" туркуми доирасида 54 та бадиий ҳамда бадиий-публицистик фильмлар ишлаб чиқариш белгиланди. 

Бу мақсадларга 2024-2026 йиллар учун жами 250 млрд. сўм ажратиш белгиланганди. Шундан жорий йилда 20 млрд сўм ажратилди.

Фракция йиғилишида Нодир Тилаволдиев Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йилнинг 21 декабрдаги 275-сонли қарорида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тарбиячилари учун иш ҳақи малака тоифасидан келиб чиқиб тўланиши белгиланганини эслатди.

– Ўрганишларимиздан маълум бўлдики, ҳозирда бу қарор фақат Президент мактаблари учун татбиқ этиляпти, холос. Бу қанчалик тўғри, – деди Нодир Тилаволдиев.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари ҳақиқатан ҳам тўғри масала кўтарилганини таъкидлаб, бу бўйича қўшимча кўрсатма тайёрланиши ва назоратга олинишини маълум қилдилар.

Маълумки, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари учун “Тарбия“ фани жорий қилинган эди. Лекин бу фан бўйича алоҳида мутахассислар йўқлиги сабабли, бошқа фан ўқитувчилари, ҳатто физика, математика фани ўқитувчилари “тарбия”дан дарс беришяпти. Шу боис, “Миллий тикланиш” партияси бир неча йилдан буён ушбу масалани кўтариб келади. Лекин на Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, на Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу масалага эътибор қаратди.
 
Йиғилишда Алишер Қодиров бундай мутахассислар ҳамон тайёрланмаётганига эътибор қаратиб, ҳолатга муносабат билдирди.

– Тарбия бу алоҳида йўналиш. Болага тарбия бериш бу физиология, педагогика ва психология билан боғлиқ. Илгари шундай мутахассислар бўларди. Лекин уларни негадир фақат боғчаларда қолдирдик. Мактабда эса барча педагогларни тарбиячига айлантирдик. Натижасини эса бугун кўриб турибмиз. “Тарбия” фани учун алоҳида мутахассис тайёрланмас экан, ёшлар тарбияси борасида асл мақсадларга эриша олмаймиз, – деди Алишер Қодиров.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакили эса бу масалани қуйидагича изоҳлади: иш берувчи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳисобланади. Агар “Тарбия” фани бўйича алоҳида мутахассислар тайёрлаш бўйича буюртма берилса, олий таълим бу борада иш бошлашга тайёр ва бундан манфаатдор ҳам.